“Бюрократиясиз Ўзбекистон”: ортиқча тўсиқларни бартараф этиш бўйича энг яхши таклифлар мукофотланади
ъБюрократиясиз Ўзбекистонъ платформаси ишга туширилди. У орқали аҳоли ва тадбиркорлар давлат идораларидаги ортиқча бюрократик жараёнлар ва уларга ечимлар таклиф қилиши мумкин. 20-ноябрга қадар юборилган энг яхши 50 та таклиф муаллифига 2 млн сўмгача пул мукофоти берилади. Яна нималар маълум?

“Бюрократиясиз Ўзбекистон”: ортиқча тўсиқларни бартараф этиш бўйича энг яхши таклифлар мукофотланади
Фуқаролар ва тадбиркорлар давлат идораларидаги ортиқча бюрократик жараёнлар юзасидан муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш бўйича таклифларини билдирса, 2 млн сўмгача пул мукофоти олиши мумкин. Бу ҳақда 21-сентабр куни Тошкентда бўлиб ўтган “Бюрократиясиз Ўзбекистон” мавзусидаги матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда Газета мухбири.
Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директори ўринбосари Тоҳиржон Сафаровнинг айтишича, президентнинг 2025-йил 28-ноябрдаги фармойиши билан “Бюрократияни бартараф этиш — 2030” дастури ишлаб чиқилган.
Сафаров сўзларига кўра, БАА билан ҳамкорликдаги ушбу дастур доирасида давлат органлари функсияларини 30 фоизга қисқартириш, бизнесга қўйиладиган талабларни 20 фоизгача мақбуллаштириш ва электрон давлат хизматлари улушини 90 фоиздан ошириш мақсад қилинган. Дастурни мувофиқлаштириш учун Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳузурида Лойиҳа офиси ташкил этилган.
Агентлик вакили бугун давлат органларида 5650 та функсия, бизнес фаолиятини тартибга солувчи 42 мингдан зиёд мажбурий талаб ва 1041 та давлат хизмати мавжудлигини айтди. Шунингдек, тизимда ортиқча тартиб-таомиллар, қоғозбозлик ва такрорланувчи талаблар ҳануз сақланиб қолаётгани қайд этилди. Бу эса ортиқча талаб ва ҳужжатларни қисқартириш, хизматларни рақамлаштириш ҳамда инсон омилини камайтириш зарурлигини кўрсатади. Мазкур жараёнда фуқаролар ва тадбиркорларнинг реал тажрибаси, улар дуч келаётган муаммолар ва фикрларини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.
Шу сабабли “Бюрократиясиз Ўзбекистон” рақамли платформаси ишга туширилди. У орқали бюрократияни бартараф этиш бўйича таклифларни юбориш ва кўриб чиқиш, шунингдек, давлат органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш кўзда тутилган.
“Фуқаро давлат хизматини олиш учун имкон қадар камроқ ҳаракат қилиши, давлат органи эса ўзида мавжуд бўлган маълумотлардан самарали фойдаланган ҳолда ушбу хизматларни тезкор ва сифатли кўрсатиши керак”, — дейди агентлик директори ўринбосари.
Унинг таъкидлашича, дастур доирасида 2030-йилга қадар 1043 та давлат хизматининг 95 фоизини онлайн шаклга ўтказиш кўзда тутилган. Ҳозир 227 та хизмат анъанавий усулда кўрсатилади.
Бундан ташқари, композит хизматларни кўпайтириш ҳам мақсад қилинган. Яъни бир масалани ҳал қилиш учун фуқаро уч-тўртта идорага мурожаат қилишига тўғри келса, ушбу жараёнларни бирлаштириш ва зарур маълумотларни идораларнинг ўзи олиши режалаштирилган.
“Биз бюрократияни бартараф этишда фақат битта хизматни соддалаштириш билан чекланмасдан, фуқаронинг муаммосини бошидан охиригача ҳал қилишни мақсад қилдик”, — дейди Сафаров.
Унинг айтишича, ислоҳот самараси ички ҳисоботлар билан эмас, фуқаро ва тадбиркор учун яратилган реал натижа билан ўлчаниши керак.
“Қилинган ўзгариш натижасида фуқаронинг қанча вақти тежалди, тадбиркорнинг қандай харажатлари камайди ва хизматдан фойдаланувчининг қониқиш даражаси қанчалик ошди — асосий савол шу бўлиши лозим”, — дейди у.
Сафаровнинг таъкидлашича, жорий йилдан “Бюрократияни бартараф этиш” миллий рейтинги жорий этилди. Йил якунига қадар 72 та давлат идораси ва вазирликнинг бюрократияни қисқартириш бўйича фаолияти баҳоланади.
Бунда ҳам яна ўша учта мезон — фуқаронинг қанча вақти тежалгани, тадбиркор харажатларининг камайгани ва хизматдан фойдаланувчининг қониқиш даражаси ҳисобга олинади.
Давлат идоралари ўртасидаги бюрократияни қисқартириш учун Г2Г — “ҳукуматдан ҳукуматга” (яъни давлат идоралари ўртасидаги ўзаро ахборот алмашуви) муносабатларни рақамлаштиришга қаратилган стратегик режалаштиришнинг ягона рақамли платформаси ҳам ишлаб чиқилди. У орқали стратегик ҳужжатни ишлаб чиқиш, харажатларни ҳисоблаш, молиялаштириш, ижрони мониторинг қилиш ва натижанинг инсонга таъсирини баҳолаш жараёнлари ягона тизимга бирлаштирилади.
“Ҳафталаб давом этадиган қоғозбозлик ва келишув жараёнларини рақамли тизимга ўтказиш орқали бир зумга айлантиришга ҳаракат қиляпмиз”, — дейди Сафаров.
“Бюрократиясиз Ўзбекистон” ташаббусининг амалий қисми учун мурожаат.byurokratiyasiz2030.uz платформаси ишлаб чиқилди.
Сирожиддин Тўрабековнинг тушунтиришича, платформа орқали фуқаролар ва тадбиркорлар давлат идоралари билан муносабатларда дуч келаётган такрорий, ортиқча ёки рақамлаштириш мумкин бўлган жараёнлар бўйича таклиф бериши мумкин.
Ҳар бир таклифда муаммонинг аниқ тавсифи, унинг оқибати ёки вақт ва ресурс йўқотиши, амалий ечим ҳамда имкон бўлса, тасдиқловчи далиллар кўрсатилиши лозим.
Унинг айтишича, бу платформа Халқ қабулхонаси ёки оддий мурожаат порталидаги шахсий муаммони ҳал этишга қаратилган мурожаатлардан фарқ қилади.
“Бизнинг платформамизда тизимли, фақат бир кишининг муаммосини ҳал қилишга йўналмаган, бутун жамият ёки муайян қатлам учун ечим таклиф қила оладиган жараёнларни таклиф қилиш кўзда тутилган”, — дейди Тўрабеков.
Платформада таклифни очиқ ёки аноним тарзда юбориш мумкин. Тўрабеков бу имконият давлат идорасидаги муаммодан хабардор бўлган, аммо шахсини ошкор қилишдан хавотирланаётган фуқаролар учун ҳам яратилганини айтди.
“Фуқаро ўзи ишлайдиган идорада муаммо борлигини билади, лекин шахсини кўрсаца, кейинчалик раҳбарияти билан муносабатларида ноқулайлик юзага келиши мумкин. Шунинг учун аноним тарзда ҳам таклифларни қабул қилиш йўлга қўйилди”, — дейди у.
Тўрабековнинг маълум қилишича, таклифлар дастлаб Лойиҳа офиси томонидан сараланади. Мавзуга алоқаси бўлмаган ёки дастур талабларига мос келмайдиган мурожаатлар ажратиб олинади. Шундан сўнг тизимли бюрократик муаммоларга оид таклифлар соҳа экспертларига юборилади.
“Биз бешта йўналишда ташкилотлар ва экспертлар билан ҳамкорликни йўлга қўйдик”, — дейди у.
Тадбиркорликка оид таклифлар Савдо-саноат палатаси ёки бизнес омбудсман томонидан баҳоланади. Фуқаролар ҳаётига дахлдор масалаларда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ёки Тараққиёт стратегияси маркази эксперт сифатида иштирок этади. Таклифни my.gov.уз орқали рақамлаштириш имкониятини Рақамли технологиялар вазирлиги баҳолайди. Якуний босқичда таклифнинг амалдаги қонунчиликка мувофиқлиги Адлия вазирлиги томонидан кўриб чиқилади.
Унга кўра, 2026-йилда камида 1000 та жараённи аниқлаш ва оптималлаштириш мақсад қилинган.
“Камида 1000 та жараённи аниқлаб, оптимизация қилишни режалаштирганмиз. Бу ташаббус 2030-йилгача ҳар йили давом этади”, — дейди Тўрабеков.
Фуқаролар муаммолар ва таклифларини порталга 21-сентабрдан 20-ноябрга қадар юбориши лозим.
Сафаровнинг қайд этишича, фуқаролар ва тадбиркорлардан келиб тушган таклифлар орасидан энг яхши 50 таси сараланади. Уларнинг муаллифларига 2 млн сўмгача пул мукофоти берилади. Биринчи босқичда ушбу мақсад учун 100 млн сўм ажратилган.
“Ҳозирча 100 млн сўм ажратдик. Умуман олганда, мақсадимиз 2030-йилга қадар 3 млн доллар ажратиш. Бу борада ҳаракат қиляпмиз”, — дейди Сафаров.
Мукофот олишни истаган муаллиф платформада контакт маълумотларини қолдириши керак. Бу муаллифни аниқлаш ва таклиф ҳақиқатан унинг ўзига тегишли эканини текширишда фойдаланилади.
Азиза Умарова ташаббусни бутун республика бўйлаб ёйиш муҳимлигини таъкидлади.
“Биз бу ташаббус орқали бутун республикани қамраб олмоқчимиз. Нафақат Тошкент шаҳри ёки вилоятлар марказлари, балки олис ҳудудларда яшаётган аҳолидан ҳам таклифлар олсак, жуда хурсанд бўлардик”, — дейди у.
Унинг сўзларига кўра, давлат хизматларининг бир қисми рақамлаштирилган бўлса-да, энг мураккаб масалалар кўпинча бир нечта идора иштирокини талаб қилади.
“Битта идорага тегишли давлат хизматлари аллақачон тартибга солинган. Лекин энг қийин масалаларнинг барчаси тўрт-бешта идорага боғлиқ. Масалан, алимент, нафақа бериш ёки ногиронлик масалалари. Демак, урғуни айнан композит давлат хизматларига беришимиз керак”, — дейди Умарова.
У ташаббусни аҳолига содда тилда тушунтириш учун “югур-югур” иборасидан фойдаланиш мумкинлигини айтди.
“Бюрократияни одамлар кўпинча „югур-югур“ ибораси билан солиштиради. Бу — халқ учун тушунарли ибора. Биз „югур-югурни камайтирамиз“ каби содда, юморга асосланган ёндашув билан кўпроқ одамнинг эътиборини торта оламиз деган гипотезани ўртага ташлаяпмиз”, — дейди у.
Матбуот анжуманида дастурнинг Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётгани бўйича изоҳ сўралди.
Умарованинг айтишича, БААда давлат хизматларини рақамлаштириш ва давлат органлари функсияларини тизимлаштириш бўйича Ўзбекистон учун қизиқарли тажриба бор.
“Асосийси, БААда давлат хизматларининг барчаси аллақачон онлайнга ўтган. Бу давлат кўпчиликка ўрнак бўляпти”, — дейди у.
Унинг таъкидлашича, БААда Кҳадамати номли реестр мавжуд.
“Уларда ҳар бир функсия муайян ташкилотга боғланган ҳолда шаффоф ва самарали йўлга қўйилган. Масалан, 68 та идора битта ягона дарча усулида хизмат кўрсатяпти. Биз эса тўрт-бешта идорани бирлаштириб хизмат кўрсатишни ўйлаяпмиз. Илғор давлатлардан ўргансак, йиллаб вақт сарфламасдан, бу тажрибани ўзимизга татбиқ қилишимиз ва тасаввуримизни кенгайтиришимиз мумкин”, — дейди Умарова.
Тадбирда журналистлар томонидан давлат бошқарувида янги вазирлик, агентлик ва лавозимларнинг ташкил этилиши бюрократияни оширишга қанчалик таъсир қилиши ҳақида савол берилди.
Ойбек Хидировнинг айтишича, ҳозир давлат ташкилотларининг ўзи билан бирга уларнинг вазифа ва функсиялари ҳам хатловдан ўтказилмоқда.
“Такрорланувчи, эскирган ва бюрократик тўсиқ сифатида кўриладиган вазифа ва функсиялар ҳам қайта хатловдан ўтказилиб, уларни бирхиллаштириш ва камайтириш чоралари кўрилади”, — дейди у.
Хидировнинг таъкидлашича, бу жараёнда давлат ташкилотларининг функсиялари бўйича ягона реестр шакллантириш ҳам асосий вазифалардан бири ҳисобланади.
“Нима учун янги давлат ташкилоти юзага келади? Чунки функсия ва вазифаларнинг ягона рўйхати мавжуд эмас. Агар ягона функсиялар рўйхати шакллантирилса, шундан келиб чиқиб давлат ташкилотларида ўзгариш қилиш масаласи кўтарилади”, — дейди Адлия вазирлиги вакили.
Унинг сўзларига кўра, янги ташкилот тузилишидан олдин у бажарадиган вазифани амалда қайси давлат органи бажараётгани аниқланиши керак.
“Агар битта вазифа ёки функсия бир нечта давлат ташкилотида бўладиган бўлса, шу вазифа-функсияларни қисқартириш ҳисобидан давлат ташкилотида ўзгариш бўлади ва ушбу функсияни фақат битта давлат ташкилоти амалга оширади”, — дейди Хидиров.
Унинг айтишича, бундай ёндашув янги ташкилотларнинг вазифалари аввалдан мавжуд давлат органларининг функсиялари билан такрорланишининг олдини олишга қаратилган.

