“Ўзбекистонда 2030-йилгача камбағалликка мутлақ барҳам бериш мақсад қилинган” — Бандлик вазирлиги вакили

Бандлик вазирлиги вакилининг маълум қилишича, Ўзбекистон 2030-йилга қадар камбағалликни бутунлай йўқ қилишни мақсад қилган. Бу ҳақда вазирлик мутахассиси Фаррух Тошпўлатов “Ренессанс” телеканалига берган интервюсида сўз юритди.
Вазирлик вакили дастлабки режаларга кўра, кейинги тўрт йил ичида камбағаллик даражасини икки баравар камайтириш кўзда тутилганини, аммо бу мақсадга муддатидан анча олдин эришилганини таъкидлади.
“БМТнинг барқарор ривожланиш бўйича миллий мақсадлари орасида мамлакатимизда камбағаллик даражасини 2030-йилга қадар икки баробарга қисқартириш мақсади бор эди. Биз бу кўрсаткичга 2025-йилнинг ўзида эришдик. Эндиликда 2030-йилга бориб Ўзбекистонда камбағалликка мутлақ барҳам бериш асосий мақсад қилиб белгиланди”, — деди у.
Фаррух Тошпўлатов интервю давомида камбағал оилалар учун барқарор иш ўринлари ва даромад манбаларини яратиш устида жадал иш олиб борилаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, сўнгги 8 йил ичида 700 минг тадбиркор ўзининг барқарор бизнесига эга бўлган.
“Аҳолининг бизнес ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш натижасида ўтган тўрт йил мобайнида 1 миллионта микролойиҳалар ишга туширилиб, 1,8 миллион иш ўринлари яратилди. Бундан ташқари, 800 минг аҳолига ижара асосида 250 минг гектар ер майдонлари даромадли актив сифатида ажратиб берилди. Бу орқали бир контур, бир маҳсулот тамойили асосида маҳсулот етиштириш йўлга қўйилмоқда”, — дейди мутахассис.
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган байрам тадбирида мамлакатда камбағаллик даражаси 2017-йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга туширилгани маълум қилинган эди. 2025-йил сентябр ойида президент Шавкат Мирзиёев 2030-йилга қадар республикада камбағалликка тўлиқ барҳам бериш имконияти мавжудлигини айтган.

