Ўзбекистон яна Европа Иттифоқидан мигрантларни қабул қилувчи давлатлар қаторида тилга олинди

Ўзбекистон яна Иттифоқ ҳудудида қолиш ҳуқуқи рад этилган мигрантларни қабул қилиши мумкин бўлган давлатлар қаторида тилга олинди. Ушбу ташаббус Греция бошчилигидаги ЕИнинг бешта давлатидан иборат гуруҳ томонидан илгари сурилмоқда, пилот лойиҳасини ишга тушириш эса 2027 йилнинг биринчи ярмига режалаштирилган.
Бу ҳақда Греция миграция ва бошпана вазири Фанос Плеврис маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Дания, Австрия, Греция, Германия ва Нидерландия бошпана сўрови рад этилган шахсларни ЕИ ташқарисидаги учинчи мамлакатларга юбориш имконини берувчи механизм яратмоқчи.
Қабул қилиши мумкин бўлган эҳтимолий давлатлар қаторида Руанда, Уганда ва Ўзбекистон номлари келтирилмоқда. Шу билан бирга, ушбу масала бўйича ҳозирча якуний келишувлар мавжуд эмас.
Плеврис гап мигрантлар учун ёпиқ марказлар ҳақида кетмаётганини таъкидлади. Бошпана бериш рад этилганидан кейин шахс ёки ўз келиб чиқиш мамлакатига қайтиши, ёки Европа Иттифоқидан ташқаридаги учинчи давлатга юборилиши мумкин бўлади.
ЕИнинг бешта давлати пилот механизмни 2027 йилнинг биринчи ярмида ишга туширишни, йилнинг иккинчи ярмида эса уни тўлиқ жорий этишни режалаштирмоқда. Ушбу даврда Греция ЕИ Кенгашига раислик қилади.
Лойиҳа ҳозирча ишлаб чиқиш босқичида: мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари ва молиялаштириш масалалари муҳокама қилинмоқда. Июнь ойида ЕИ Кенгаши ва Европарламент учинчи давлатлар фуқароларини қайтаришнинг янги қоидаларини олдиндан келишиб олдилар. Бу қоидалар келишувлар мавжуд бўлган ва халқаро нормаларга, жумладан, одамларни таъқиб қилиниши мумкин бўлган жойларга қайтармаслик принципига риоя қилинган тақдирда, ЕИ ташқарисида қайтариш марказларини ташкил этиш имкониятини ҳам ўз ичига олади.
Ҳозирги вақтда ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида расмий келишувлар мавжуд эмас. Бундан ташқари, аввалроқ Европа Иттифоқи Тошкент билан бундай марказларни ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этган эди.

