Евроиттифоқнинг бешта давлати 2027-йилгача ноқонуний муҳожирларни депортация марказларига юборади

Евроиттифоқнинг беш давлати 2027-йилгача ноқонуний муҳожирларни депортация марказларига жўнатади
Евроиттифоқнинг бешта давлати 2027-йилгача ҳужжациз муҳожирларни иттифоқ ҳудудидан ташқарида барпо этиладиган депортация марказларига юборишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда 4-сентябр куни Копенгагендаги учрашувдан кейин маълум қилинди. Унда Дания, Австрия, Германия, Нидерландия ва Греция ички ишлар вазирлари иштирок этди.
Вазирлар “қайтиш марказлари” моделини келишиб олди. Бу муассасалар бошпана сўрови рад этилган ва ўз ватанига қайтаришнинг имкони бўлмаган шахслар учун мўлжалланган.
Ҳозир беш давлат бундай марказларни бир ёки бир нечта ҳамкор мамлакатда ташкил этиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Қайси давлатлар экани ошкор этилмаган. Бироқ ОАВ хабарларига кўра, Уганда ва Руанда энг эҳтимолий вариантлар сифатида кўрилмоқда.
“Бугун қабул қилинган кўрсатмалар кейинги ҳаракатлар учун асос бўлади. Мақсадимиз — 2027-йилгача илк ноқонуний муҳожирлар партиясини ЙИ ташқарисидаги ҳамкор давлатга юборишга тайёр бўлиш”, деди Дания миграция вазири Мортен Бедёсков.
У бундай марказлар қамоқхона ёки лагер эмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу жойларда ҳамкор давлатлар ноқонуний муҳожирларга янги имконият беради.
Беш давлат ушбу марказларни тўлиқ молиялаштириши режалаштирилган. Шунингдек, улар ҳамкорларга қўшимча маблағ ажратиши, тижорат битимлари тузиши ёки бошқа имтиёзлар таклиф қилиши мумкин.
“Қайтиш марказлари тизими ЙИга кирмайдиган давлатлар билан тенг ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида ташкил этилади”, дейилади кўрсатмада.
Янги модел ЙИга ноқонуний кўчиб ўтувчилар сонини сезиларли даражада камайтириши кутилмоқда.
“Бизнинг умумий мақсадимиз — ноқонуний миграцияни нолга тушириш”, деди Австрия ички ишлар вазири Герҳард Карнер.
Шу билан бирга, потенсиал ҳамкорлар билан учрашувлар давом этмоқда. Муҳокамалар тобора чуқурлашиб ва самаралироқ бўлиб бормоқда, деди Греция миграция вазири Танос Плеврис. У яқин орада келишув эълон қилинишига умид билдирди.
Беш вазир сентябр ойи охирида Мюнхенда яна учрашишни режалаштирмоқда. ЙИга кирмайдиган давлатлар билан тузилган битимлар марказлардаги муҳожирлар тартибини, уларнинг яшаш шароитларини ва ЙИ давлатларининг мажбуриятларини белгилаб беради.
Вазирларнинг таъкидлашича, лойиҳа БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссари ва Халқаро миграция ташкилоти каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилади. Лойиҳа ЙИ қонунчилиги ва халқаро мажбуриятларга тўлиқ мос келади.

