Ўзбекистон ва Япониянинг Ямагата префектураси бандлик соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилдилар
Ўзбекистон ва Япониянинг Ямагата префектураси Ўзбекистон фуқароларини минтақа корхоналарида, жумладан, транспорт, муҳандислик ва ахборот технологиялари соҳаларида иш билан таъминлаш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Ўзбекистон ва Япониянинг Ямагата префектураси бандлик соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди
Мутахассисларни жалб қилиш ва касбга тайёрлаш масалалари Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмоновнинг Япония делегацияси билан учрашуви мавзуси бўлди, деб хабар берди идора 20 октябрь куни.
Музокаралар INTIL Халқаро тиллар ва касбларга ўқитиш марказида бўлиб ўтди. Делегация таркибига Ямагата префектураси ҳукумати, маҳаллий университет ва Ўзбекистондан мутахассисларни жалб қилиш ҳамда касбга тайёрлашдан манфаатдор бўлган Япония компаниялари вакиллари кирди.
Япония томони минтақа корхоналари ҳанузгача кадрларга муҳтожлигини таъкидлади ва маҳаллий корхоналарда ишлашга, префектурадаги ҳаётга мослашишга ҳамда узоқ муддатли меҳнат муносабатларини ўрнатишга тайёр бўлган хорижий мутахассисларни жалб қилишдан манфаатдорлик билдирди.
Миграция агентлиги Япония иш берувчиларининг талабларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонда мутахассисларни мақсадли тайёрлаш моделини тақдим этди. Таклиф этилаётган механизм Япония компаниялари малака талабларини, зарур тил билиш даражасини ва ўқув дастурлари мазмунини белгилашини назарда тутади. Ўзбекистон томони, ўз навбатида, номзодларни саралаш, уларнинг касбий ва тил тайёргарлигини, амалий машғулотларни ҳамда жўнаб кетишдан олдинги мослашувини таъминлашга тайёр.
Шу муносабат билан INTIL марказининг имкониятлари, жумладан, ўқув инфратузилмаси, амалий тайёргарлик, суҳбатлар ва касбий тест синовларини ўтказиш майдончалари тақдим этилди. Марказ, шунингдек, 400 кишига мўлжалланган ётоқхонага эга. Агентство фуқароларни кейинчалик ишга жойлаштириш билан биргаликда мақсадли тайёрлаш қўшма дастурларини амалга оширишда унинг инфратузилмасини хорижий ҳамкорларга беғараз асосда тақдим этишга тайёрлигини билдирди.
Томонлар Японияда ишлаш учун ҳайдовчиларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратдилар. Ўзбекистон томони Тошкент вилоятида ўнг томонлама бошқариладиган юк автомобилларидан фойдаланиш ва Япония йўл шароитларини моделлаштириш режалаштирилган ихтисослаштирилган майдонча ташкил этилганини маълум қилди. Бу номзодлар хорижга жўнаб кетишидан олдин амалий тайёргарликни ўтказиш ва касбий кўникмаларини баҳолаш имконини беради.

