Япония элчиси Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг муҳим йўналиши ҳақида гапирди
Элчи қароргоҳида ташкил этилган Кунчиқар ўлка олий ўқув юртлари битирувчилари клубининг ўнинчи учрашувида бу гал

Япония элчиси Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг муҳим йўналиши ҳақида сўз юритди
Инсон ресурсларини ривожлантириш Япония ва Ўзбекистон ҳамкорлигидаги асосий йўналишлардан бири ҳисобланади. Бу ҳақда Япониянинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Кендзи Ҳирата Тошкентда ўтказилган маърифий тадбирда маълум қилди.
Япония элчиси қароргоҳида ташкил этилган Кунчиқар ўлка олий ўқув юртлари битирувчилари клубининг ўнинчи учрашувида бу сафар синовлардан муваффақиятли ўтиб, Японияга ўқишга жўнаб кетаётган талабалар ҳам қатнашди.
«Япония Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён давлат қурилиши борасида қўллаб-қувватлаб келяпти. Мақсадимиз — Ўзбекистон Осиёнинг очиқ, барқарор, фаровон ва мустақил давлати бўлишида кўмак бермоқдир. Япония бу борада муваффақият кафолати сифатида инсон ресурсларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда»,
— деди Япония элчиси Кендзи Ҳирата.
1996-йилда Япония таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирлиги (МЕХТ) стипендиялар дастури ишга туширилган эди. Кейинчалик ЖДС, ЖАССО, Жапан-ИМФ Счоларшип, Жапан-АДБ Счоларшип каби дастурлар орқали таълим имкониятлари янада кенгайди.
«2025-йил декабр ойида мен Японияга ташрифи чоғи Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга ҳамроҳлик қилиш шарафига муяссар бўлдим. “Марказий Осиё + Япония” форматидаги саммитда ҳам, Япония бош вазири Санае Такаичи билан икки томонлама учрашувда ҳам етакчилар муҳим йўналишлардан бири сифатида таълим соҳасидаги ҳамкорлик масаласини муҳокама қилдилар. Ушбу йўналиш биз учун ҳам минтақавий робиталар, ҳам икки томонлама стратегик ҳамкорликни чуқурлаштиришда улкан аҳамият касб этади»,
— деди дипломат.
Япония анъанавий тарзда Ўзбекистонга таълим грантларини тақдим этиб келади. Ушбу грантлар ҳисобига Ўзбекистон вазирлик ва идораларининг юзлаб вакиллари Кунчиқар ўлканинг нуфузли университетларида таҳсил олган. Улар магистрлик ва докторлик даражалари билан ватанга қайтиб, давлат ва хусусий сектор ҳамда халқ хўжалигининг турли тармоқларида муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Япония ОТМ битирувчилари клуби (УЖУАС) 2014-йилда ташкил этилган бўлиб, ўтган давр мобайнида клуб Японияда билим ва тажриба орттирган 420 дан зиёд мутахассисни бирлаштирувчи майдонга айланди.
Клуб Япония университетлари битирувчилари ҳамда таълим дастурлари иштирокчилари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга, Кунчиқар ўлкада таҳсил билан боғлиқ маълумотлар, билимлар ва шахсий тажриба алмашиш, ютуқлар билан ўртоқлашиш имконини ҳам яратади.
Японияда таҳсил олган ватандошларимиз дўстлик элчилари сифатида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга кўмак бермоқда.

