Ўзбекистон тўққиз ойда $44,3 млрд хорижий инвестицияларни ўзлаштирди
2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистонда қиймати 3,8 млрд долларлик 106 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилди, 13,8 мингта иш ўрни яратилди.

Ўзбекистон тўққиз ойда 44,3 млрд долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштирди
Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида 44,3 млрд долларлик хорижий инвестициялар ва кредит маблағлари ўзлаштирилди. Ушбу даврда умумий қиймати 3,8 млрд доллар бўлган 106 та йирик лойиҳа фойдаланишга топширилди, улар доирасида 13,8 мингта иш ўрни яратилди.
Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратовнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ҳудудларда хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар амалга оширилишини мониторинг қилиш, уларнинг самарадорлигини баҳолаш ва инвесторлар билан ҳамкорликни такомиллаштиришга оид парламент сўровига берган жавобида айтилади.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, инвестиция лойиҳалари амалга оширилишининг рақамли мониторинги олиб борилмоқда. У лойиҳаларни бажариш жараёнида юзага келадиган муаммоларни ўз вақтида аниқлашга қаратилган.
Бундан ташқари, махсус иқтисодий зоналарни бошқаришни такомиллаштириш ва давлат кафолати остида жалб қилинган хорижий кредитлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Махсус иқтисодий зоналар фаолиятининг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш доирасида янги таҳрирдаги «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси тайёрланди. шунингдек, экспортчиларни қўллаб-қувватлаш чоралари босқичма-босқич Ўзбекистоннинг халқаро савдо мажбуриятларига мувофиқлаштирилмоқда.
Жавобни кўриб чиқишда депутатлар инвестиция фаолияти самарадорлигини нафақат ўзлаштирилган маблағлар ҳажми, балки қўшилган қиймат яратиш, барқарор бандликни таъминлаш, маҳаллий корхоналар билан кооперацияни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигига таъсири бўйича ҳам баҳолаш зарурлигини таъкидладилар.
Шу муносабат билан ҳудудларнинг салоҳияти ва ихтисослашувини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий қайтиши юқори бўлган лойиҳаларни танлаб олиш, маҳаллий корхоналар билан ишлаб чиқариш алоқаларини мустаҳкамлаш ва инвестиция ташаббусларини аниқ натижаларга эришишга йўналтириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Депутатлар ушбу соҳадаги парламент назорати қонунчилик ижросини ўрганиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва масъул давлат органлари ишининг самарадорлигини ошириш имконини беришини қайд этдилар.
Парламент сўровига берилган жавобни кўриб чиқиш якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

