Сўнгги ўн йилда Ўзбекистонга 160 млрд доллардан ортиқ хорижий инвестиция кирган
Президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган давлат мукофотларини топшириш

Президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган давлат мукофотларини топшириш маросимида сўнгги ўн йилликда мамлакатга 160 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция жалб қилинганини маълум қилди.
Давлат раҳбари ўтган ўн йил ичида Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ва юқори суръатларда ўсганини таъкидлади. Халқ билан ҳамжиҳатликда амалга оширилган ишлар натижасида иқтисодиёт ҳажми 2,5 баробардан зиёдга ошган. Жорий йил якунида Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми 180 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.
Шунингдек, саноат, хизматлар ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 5,7 миллионта доимий иш ўрни яратилган. Транспорт ва коммунал инфратузилмани яхшилаш мақсадида 83 минг километр умумий фойдаланишдаги ички йўллар қурилган ва таъмирланган.
Ҳудудларда 8 миллион аҳоли яшайдиган хонадонларга илк бор марказлашган ичимлик суви етказиб берилган, яна 11,5 миллион нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланган. Ўтган ўн йилда 650 минг оила янги замонавий уй-жойга эга бўлган. Президентнинг сўзларига кўра, бу камида 2,5 миллион аҳолининг "ватанли бўлиши"га тенгдир.
Шавкат Мирзиёев мустақилликнинг куч-қудрати нафақат иқтисодий кўрсаткичларда, балки маданият, санъат, спорт, давлат хизмати, маҳалла ва жамоат ҳаётида фидокорона меҳнат қилаётган инсонлар фаолиятида ҳам намоён бўлаётганини қайд этди. Нуронийлар, маҳалла фаоллари, ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг жамият тинчлиги ва барқарорлигига қўшаётган ҳиссаси алоҳида таъкидланди.
Президент "Янги Ўзбекистоннинг энг катта натижаси — бу ўзгарган инсон, ўз кучига ишонган фуқаро, эртанги кунга дахлдорлигини ҳис қилаётган жамиятдир", дея таъкидлади. Давлат раҳбари фидойи ва бунёдкор ватандошларга, мустақилликнинг асосий кучи ва таянчи бўлган халққа миннатдорлик билдирди. Шунингдек, инсон қадри улуғланган, адолат ва тараққиётга таянган Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида халқ билан биргаликда изчил ҳаракат давом эттирилиши таъкидланди.

