Ўзбекистон электр таъминотини яхшилаш учун ОТБдан 200 миллион доллар қарз олади
Дастур доирасида 60 та подстансия янгиланади, электр энергияси йўқотишлари камайтирилади ва камида 3,3 ГВ қайта тикланувчи энергия қувватларини тармоққа улаш имконияти яратилади.

Ўзбекистон электр таъминотини яхшилаш мақсадида ОТБдан 200 миллион доллар қарз олади
Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда электр энергиясини тақсимлаш тизимини модернизация қилиш учун 200 млн доллар миқдорида қарз беради.
Қарз битими 15-октабр куни Таиланднинг Бангкок шаҳрида ОТБ президенти Масато Канда ва Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров томонидан имзоланди.
Дастур доирасида мамлакат бўйлаб стратегик аҳамиятга эга 60 та электр тақсимлаш подстансияси реконструксия қилинади ва модернизация этилади. Тармоқларни бошқаришни яхшилаш учун рақамли тизимлар ҳам жорий этилади.
ОТБ маълумотига кўра, Ўзбекистонда иқтисодиётнинг ўсиши, шаҳарларнинг кенгайиши ва аҳолининг электр энергиясига эҳтиёжи ортиши тармоқларга тушадиган юкламани оширмоқда. Эскирган инфратузилма, электр энергияси йўқотишлари ва ускуналарнинг ортиқча юкланиши электр таъминоти ишончлилигига таъсир қилмоқда. Бу ҳолат, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларининг янги қувватларини тармоққа улашни ҳам қийинлаштирмоқда.
Дастур натижасида электр энергияси йўқотишларини камайтириш, трансформаторларга тушадиган ортиқча юкламани пасайтириш ва электр таъминоти барқарорлигини ошириш кутилмоқда. Шунингдек, камида 3,3 ГВт қувватга эга қайта тикланувчи энергия манбаларини электр тармоғига улаш учун шароит яратилади. Иссиқхона газлари чиқиндиларини эса йилига қарийб 23 минг тонна карбонат ангидрид эквивалентига камайтириш режалаштирилган.
Лойиҳа «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг тармоқлардан фойдаланиш ва уларни бошқариш салоҳиятини оширишга ҳам йўналтирилган. Ходимларнинг техник кўникмаларини ривожлантириш, бошқарув ва молиявий назорат тизимларини мустаҳкамлаш, малака ошириш ҳамда энергетика соҳасида хотин-қизлар иштирокини кенгайтириш ҳам дастурнинг вазифалари сирасига киради.
ОТБ маълумотига кўра, бу банкнинг Жаҳон банки билан ўзаро тўлиқ ишонч механизми доирасида амалга ошириладиган энергетика соҳасидаги биринчи дастуридир. Шунингдек, у Ўзбекистон энергетика соҳасида натижаларга асосланган қарз асосида амалга ошириладиган илк дастур ҳисобланади.
Ушбу механизм ОТБ ва Жаҳон банкига бир-бирининг комплекс баҳолаш натижалари ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш тартибларидан фойдаланиш имконини беради. Бу такрорий ишларни ва битимлар билан боғлиқ харажатларни камайтиришга хизмат қилади.

