ОТБ Ўзбекистонга электр тармоқларини модернизация қилиш учун 200 млн доллар қарз ажратади
ОТБ Ўзбекистонга электр тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш учун 200 млн доллар қарз ажратади. Дастур доирасида 60 та подстансия янгиланади, электр энергияси йўқотишлари камайтирилади ва камида 3,3 ГВт қайта тикланувчи энергия қувватларини тармоққа улаш имконияти яратилади.

ОТБ Ўзбекистонда электр тармоқларини янгилаш учун 200 млн доллар қарз беради
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда электр энергиясини тақсимлаш тизимини модернизация қилиш мақсадида 200 млн доллар қарз ажратади.
Ушбу дастур бўйича қарз битими 15-октабр куни Таиланднинг Бангкок шаҳрида ОТБ президенти Масато Канда ва Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров томонидан имзоланди.
Дастур электр энергиясига талаб ортиб бораётган бир пайтда Ўзбекистоннинг электр тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш, электр энергияси йўқотишларини қисқартириш ва электр таъминоти ишончлилигини оширишга йўналтирилган.
“Ишончли электр таъминоти — замонавий иқтисодиётнинг аҳоли олдидаги энг асосий мажбуриятларидан биридир”, — деди Масато Канда. Унинг айтишича, мустаҳкамланган электр тармоқлари оилалар, корхоналар ва давлат муассасаларини ишончли электр энергияси билан таъминлаш, шунингдек, қайта тикланувчи манбалардан олинадиган электр энергиясини кўпроқ узатиш имконини беради.
Дастур доирасида мамлакат бўйлаб муҳим аҳамиятга эга 60 та электр тақсимлаш подстансияси реконструксия қилинади ва модернизация қилинади. Тармоқларни бошқаришни яхшилаш учун рақамли тизимлар ҳам жорий этилади.
ОТБ маълумотига кўра, Ўзбекистонда иқтисодиётнинг ўсиши, шаҳарларнинг кенгайиши ва аҳолининг электр энергиясига эҳтиёжи ортиши тармоқларга тушадиган юкламани оширмоқда. Эскирган инфратузилма, электр энергияси йўқотишлари ва ускуналарнинг ортиқча юкланиши электр таъминоти ишончлилигига таъсир қилмоқда. Бу ҳолат, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларининг янги қувватларини тармоққа улашни қийинлаштирмоқда.
Дастур натижасида электр энергияси йўқотишларини камайтириш, трансформаторларга тушадиган ортиқча юкламани пасайтириш ва электр таъминоти барқарорлигини ошириш кутилмоқда. Шунингдек, камида 3,3 ГВт қувватга эга қайта тикланувчи энергия манбаларини электр тармоғига улаш учун шароит яратилади. Иссиқхона газлари чиқиндиларини эса йилига қарийб 23 минг тонна карбонат ангидрид эквивалентига камайтириш режалаштирилган.
Лойиҳа “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” аксиядорлик жамиятининг тармоқлардан фойдаланиш ва уларни бошқариш салоҳиятини оширишга ҳам қаратилган. Ходимларнинг техник кўникмаларини ривожлантириш, бошқарув ва молиявий назорат тизимларини мустаҳкамлаш, малака ошириш ҳамда энергетика соҳасида хотин-қизлар иштирокини кенгайтириш ҳам дастурнинг вазифалари қаторига киради.
ОТБ маълумотига кўра, бу банкнинг Жаҳон банки билан Ўзаро тўлиқ ишонч механизми доирасида амалга ошириладиган энергетика соҳасидаги биринчи дастуридир. Шунингдек, у Ўзбекистон энергетика соҳасида натижаларга асосланган қарз асосида амалга ошириладиган илк дастур ҳисобланади.
Ушбу механизм ОТБ ва Жаҳон банкига бир-бирининг комплекс баҳолаш натижалари ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш тартибларидан фойдаланиш имконини беради. Бу такрорий ишларни ва битимлар билан боғлиқ харажатларни камайтиришга хизмат қилади.
ОТБ дастурда етакчи кредитор ҳисобланади. Банк маълум қилишича, Жаҳон банки раҳбарияти шу ой охиригача қўшимча 100 млн доллар молиялаштириш ажратиш бўйича таклифни директорлар кенгаши тасдиғига киритишни режалаштирган.
ОТБ 2010-йилдан буён Ўзбекистон энергетика соҳасига жами 3,4 млрд доллардан ортиқ молиялаштириш ва кафолатлар тақдим этган. Янги дастур “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш ва энергия самарадорлигини ошириш мақсадларига ҳам хизмат қилади.
Дастур, шунингдек, ОТБнинг Ўзбекистон билан 2024−2028-йилларга мўлжалланган ҳамкорлик стратегияси доирасида амалга оширилади.
Мазкур дастур ОТБнинг минтақада энергетика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кенг кўламли режалари фонида амалга оширилмоқда. Банк май ойида 2035-йилгача Осиё ва Тинч океани минтақасида энергетика тизимларини ўзаро боғлаш ва трансчегаравий электр энергияси савдосини кенгайтириш учун 50 млрд доллар сафарбар этиш ташаббусини эълон қилган эди.
ОТБ 2024-йилда Ўзбекистон билан 2028-йилгача бўлган даврга мўлжалланган янги шериклик стратегияси ишга туширилишини эълон қилганди.
Асосий вазифалар қаторида иқтисодиётни декарбонизация қилиш кўрсатилган. Банк энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва қазиб олинадиган ёқилғи учун субсидияларни қисқартиришга кўмаклашишни режалаштирмоқда.

