Ўзбекистон электр тармоқларини модернизация қилишга 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлади

Ўзбекистон электр тармоқларини модернизация қилишга 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ йўналтирди
Ўзбекистонда сўнгги беш йилда электр тармоқларини янгилашга 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратилди. Эндиги навбатдаги вазифа — тармоқларни модернизация қилиш ва энергияни сақлаш тизимларини ривожлантириш.
Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг ёқилғи-энергетика соҳасидаги инвесторлар билан очиқ мулоқоти чоғида маълум бўлди. Давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилишича, 2030 йилгача 5 минг километр тармоқ ва 16 та йирик подстанция қуриш режалаштирилган.
Шу билан бирга, энергияни сақлаш қувватларини 4,5 гигаваттгача ошириш назарда тутилган. Лойиҳаларнинг асосий қисми Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Наманган, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.
Генерация, сақлаш ва тармоқларни қамраб олувчи комплекс лойиҳаларга устуворлик берилади. Энергияни узоқ муддатли сақлаш учун инвесторлар билан гидроаккумуляция станцияларини қуриш бўйича ҳамкорлик қилиш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон ички бозор билан чекланиб қолмаяпти. Озарбайжон ва Қозоғистон билан биргаликда Каспий денгизи орқали Европага «яшил» энергия етказиб бериш лойиҳаси амалий босқичга ўтмоқда. Афғонистон ва Жанубий Осиё бозорлари ҳам истиқболли йўналишлар сифатида тилга олинди.

