Дунё

Ўзбекистон элчиси БАА президентига ишонч ёрлиқларини топширди

Ўзбекистон элчиси Умид Шодиев Абу-Дабида БАА президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳайёнга ишонч ёрлиқларини топширди.

Ўзбекистон элчиси БАА президентига ишонч ёрлиқларини топширди

Ўзбекистоннинг БААдаги элчиси Умид Шодиев мамлакат президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаёнга ишонч ёрлиқларини топширди. Маросим Абу-Дабидаги «Қаср Ал-Ватан» расмий қароргоҳида бўлиб ўтди.

Учрашув чоғида БАА президенти икки томонлама муносабатларнинг бугунги даражасини ижобий баҳолади ва Умид Шодиевга дипломатик фаолиятида муваффақиятлар тилади. Томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий ва сайёҳлик соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратдилар.

Амирликлар томони Ўзбекистоннинг янги элчиси ўз дипломатик миссиясини самарали бажариши учун барча зарур шароитларни яратишга тайёрлигини билдирди.

Бунга жавобан Умид Шодиев Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаёнга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломи ва ҳурматини етказди.

Элчи икки мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси туфайли олий даражадаги Ўзбекистон-Амирликлар муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. У, шунингдек, Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги стратегик шерикликни янада кенгайтириш учун бор куч-ғайратини сафарбар этишга тайёрлигини маълум қилди.

Умид Шодиев 2022–2025 йилларда Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонасини бошқарган Абдулазиз Аққуловнинг ўрнини эгаллади. 2025 йилнинг декабрь ойида Аққулов Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси этиб тайинланган эди.

Бундан аввал БАА ТИВ 2026 йилнинг апрель ойида Умид Шодиевнинг ишонч ёрлиқлари нусхалари қабул қилиб олингани ҳақида хабар берган эди. Ўшанда Амирликлар томони Ўзбекистон билан муносабатларни барча йўналишларда ривожлантиришга тайёрлигини ҳам қайд этганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.