Маҳаллий

Ўзбекистон E-9 визаси бўйича иш жойини ўзгартириш шартларини ўзгартирди

Ўзбекистон фуқароларига Е-9 визаси бўйича Жанубий Кореяда иш берувчини ўзгартириш учун Миграция агентлигининг розилигини олиш талаби бекор қилинди.

Ўзбекистон E-9 визаси бўйича ишни ўзгартириш шартларини қайта кўриб чиқди

Корея Республикасида E-9 визаси билан ишлаётган Ўзбекистон фуқароларига иш берувчини ўзгартириш учун Миграция агентлиги ваколатхонасининг розилигини олдиндан олиш талаб этилмайди.

Тегишли нормалар Жанубий Кореяга вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқаролар билан тузиладиган уч томонлама шартномадан чиқариб ташланди.

Илгари шартномада иш жойини ўзгартиришдан олдин Миграция агентлигининг Корея Республикасидаги ваколатхонаси розилигини олиш зарурлиги белгиланган эди. Ушбу талабни бузганлик учун жарима ҳам кўзда тутилган эди.

Миграция агентлиги тушунтиришича, ушбу қоидалар фуқароларнинг ноқонуний мақомга ўтиб кетишининг олдини олиш, улар билан доимий алоқани сақлаб туриш ва зарурат туғилганда ижтимоий, ҳуқуқий ҳамда моддий ёрдам кўрсатиш имкониятига эга бўлиш мақсадида жорий этилган эди.

Шартнома шартларини ўзгартириш тўғрисидаги қарор Жанубий Кореядаги иш берувчилар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан музокаралар ўтказилгандан, шунингдек, фуқароларнинг мурожаатлари таҳлил қилингандан сўнг қабул қилинди.

Эндиликда фуқаролар иш берувчини ўзгартиришга рухсат олиш учун Миграция агентлигига алоҳида мурожаат қилишлари шарт эмас. Меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин улар Корея Республикасининг амалдаги тартиби ва қонунчилигига мувофиқ янги иш берувчи билан меҳнат муносабатларига киришишлари мумкин.

Шу билан бирга, уч томонлама шартномадаги ўзгаришлар Корея қонунчилигининг E-9 визасига эга бўлган ходимлар учун белгиланган талабларини бекор қилмайди.

Хусусан, меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин фуқаро бир ой муддат ичида белгиланган давлат тартибида иш қидирувчи шахс сифатида рўйхатдан ўтиши керак. Янги иш жойини 90 кун ичида топиш лозим. Агар ушбу муддат ичида ишга жойлашиш амалга ошмаса, фуқаро Корея Республикаси ҳудудини тарк этиши шарт.

Мамлакатда ноқонуний бўлиш учун жарима тўғрисидаги қоида эса сақланиб қолди.

Агар фуқаро белгиланган муддатда ишга жойлашмаса ва Жанубий Кореяни тарк этмаса, у ноқонуний мақомга ўтиши мумкин.

Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, бундай шахсга нисбатан жарима, депортация ва қайта киришни тақиқлаш чоралари қўлланилиши мумкин.

Шартнома шартлари ўзгариши муносабати билан Миграция агентлиги фуқароларга иш берувчини ўзгартиришда Корея Республикаси қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатларга қатъий риоя қилишни тавсия этади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.