«Ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатини улуғлаш ва қадрлашдан ҳеч қачон чарчамаймиз» — президент
Ўзбекистон Президенти ўқитувчи ва мураббийларни касб байрами билан табриклади. У ёш авлодни тарбиялашни «дунёдаги энг муҳим ва олижаноб касб» деб атади. «Биз бундай масъулиятли соҳа ходимлари меҳнатини улуғлаш ва қадрлашдан ҳеч қачон чарчамаймиз», — деди президент.

«Ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатини улуғлаш ва қадрлашдан ҳеч қачон чарчамаймиз» — Президент
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийларни 1 октябрь куни нишонланадиган касб байрами билан табриклади.
У ёш авлод тарбиясини «дунёдаги энг муҳим ва олижаноб касб», «билим ва маърифат, тарбия ва маданият»ни эса — «Янги Ўзбекистон куч-қудрати ва салоҳиятини юксалтиришнинг, улкан ютуқларимиз ва эзгу фазилатларимизнинг туганмас манбаларидан бири» деб атади.
«Мактаб — келажак боғи бўлса, демак, ўқитувчи — умид ниҳолларини маҳорат билан парваришловчи боғбон, эзгулик ва ғамхўрлик булоғи, маърифат машъалидир. Шу боис биз бундай масъулиятли соҳа ходимлари меҳнатини улуғлаш ва қадрлашдан ҳеч қачон чарчамаймиз», — деди Президент.
Шавкат Мирзиёев «бугунги кунда энг ёрқин ютуқларимиз орасида энг аҳамиятлиси — таълим соҳасидаги ислоҳотлар натижалари» эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бундан ўн йил аввал мавжуд бўлган кўплаб муаммолар аллақачон ҳал этилди, олдинга ҳаракат қилишга тўсқинлик қилган ғовлар енгиб ўтилди, таълим соҳаси жадал ривожланмоқда, ўқитувчилик касби эса тобора обрўли бўлиб бормоқда.
«Келгуси ўн йиллик биз учун миллий юксалиш даври бўлади, биз ўз олдимизга янада юксак мақсадларни қўйдик», — деди давлат раҳбари.
«Бундан буён оилада, маҳаллада, мактабларда, техникум ва олий ўқув юртларида болаларда Ватанга муҳаббат, у билан фахрланиш, унинг тақдирига дахлдорлик, тарихимиз ва маданиятимизга ҳурмат туйғусини тарбиялаш ишларини янгича ташкил этамиз. Бунда ҳозирги мураккаб давр талабларига қатъий амал қилиш зарур. „Ёш авлод тарбияси — муқаддас бурч, бутун жамиятнинг вазифаси“ деган даъват ҳар биримизнинг қалбимизда акс-садо бериши, кундалик ҳаётимиз мезони ва мазмунига айланиши керак», — деб таъкидлади Президент.
У ўқитувчи ва мураббийлар «Ўзбекистон ёшларини „Ватан учун, миллат ва халқ учун!“ деган эзгу ғоядан илҳомланиб, олдинга интилувчи авлод сифатида шакллантиришнинг улкан аҳамиятини чуқур англаган ҳолда, ўзларининг кенг билим ва бой тажрибаси, истеъдод ва маҳоратига таяниб, бу жараёнларда фаол иштирок этишларига» ишонч билдирди.

