Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларини касб байрами билан табриклади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат педагогларини 1 октябрь куни нишонланадиган Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан табриклади. Давлат раҳбари ўз мурожаатида мамлакат тараққиётида таълим, тарбия ва маданиятнинг муҳим ўрнини қайд этиб, ўқитувчи ва мураббийларнинг янги авлодни шакллантиришга қўшаётган салмоқли ҳиссасини алоҳида таъкидлади. Президентнинг сўзларига кўра, сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистонда таълим инфратузилмаси сезиларли даражада кенгайди. […]

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларини касб байрами билан табриклади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 1 октябрь куни нишонланадиган Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан мамлакат педагогларига мурожаат йўллади.
Давлат раҳбари ўз табригида мамлакат тараққиётида таълим, тарбия ва маданиятнинг аҳамиятини таъкидлаб, ёш авлодни камолга етказишда ўқитувчи ва мураббийларнинг қўшаётган катта ҳиссасини алоҳида қайд этди.
Президентнинг сўзларига кўра, сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистонда таълим инфратузилмаси сезиларли даражада кенгайди. Янги боғча ва мактаблар барпо этилди, Президент, ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари ривожлантирилди. Олий таълим муассасалари сони 77 тадан 205 тага етди, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси эса 45 фоизга етди.
Шавкат Мирзиёев педагог касбининг нуфузини ошириш борасидаги чора-тадбирларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Ҳозирги кунда 40 мингга яқин ўқитувчи 1 минг доллар миқдорида, яна 1,5 мингга яқин педагог эса 2 минг доллардан ортиқ иш ҳақи олмоқда.
Бу йил «Йил ўқитувчиси» танлови ҳам янги форматда ўтказилди. Туман ва шаҳар босқичларининг 208 нафар ғолиби илк бор умумий қиймати 616 миллион сўмлик пул мукофотлари билан тақдирланди. 2027 йилдан бошлаб худди шундай рағбатлантириш механизмларини боғча тарбиячилари ва техникум усталари учун ҳам жорий этиш режалаштирилган.
Президент Ўзбекистон ўқувчиларининг ютуқларини ҳам тилга олди. 2026 йилда мамлакат мактаб ўқувчилари халқаро олимпиадаларда 228 та медални қўлга киритдилар. 100 мингга яқин ўқувчи чет тиллари ва алоҳида фанлар бўйича сертификатларга эга бўлди, 5 мингга яқин битирувчи эса олий таълим муассасаларига киришда энг юқори балл тўплади.
PISA натижаларига кўра, ўзбекистонлик 15 ёшли ўқувчилар 32 поғонага кўтарилиб, рейтингда 48-ўринни эгалладилар.
Мурожаатда, шунингдек, мамлакат олий таълим муассасаларида 185 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтгани, 441 та дастур эса хорижий университетлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётгани айтилган.
Шавкат Мирзиёев келгусидаги вазифалар ҳақида гапирар экан, илғор педагогларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида Абдулла Авлоний номидаги Давлат мукофоти таъсис этилишини эълон қилди.
Президент мактаб, техникум ва олийгоҳ миллий юксалишнинг энг муҳим таянчи бўлиб қолиши, ёш авлод тарбияси эса оила, маҳалла, таълим муассасалари ва бутун жамиятнинг умумий вазифаси бўлиши кераклигини таъкидлади.
Сўзининг якунида Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийларга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, хонадонларига қут-барака ва касбий фаолиятларида муваффақиятлар тилади.

