Ню-Ёрк Марказий боғи қандай ташкил қилинган? Шаҳарсозлик намунаси саналган маскандан Газета фотомухбири Евгений Сорочин репортажи
Шаҳарлар ҳаммабоп жамоат боғларига муҳтож. Ню-Ёрк Марказий боғи бундай маскан қандай бўлиши мумкинлигининг ёрқин мисолидир: катта, ҳар бир жиҳати пухта ўйланган ва қурилишлардан ҳимояланган боғ. Уни асраб-авайлаш учун жамоат ташкилотлари ҳам, шаҳар маъмурияти ҳам бирдек жавобгар. Газета фотомухбири Евгений Сорочин боғда бир неча соат вақт ўтказиб, унинг қандай ташкил этилганини, шаҳар аҳли ва дунёнинг турли бурчакларидан келган сайёҳларни нимаси билан ўзига жалб қилишини суратларга муҳрлади.

Ню-Ёрк Марказий боғи қандай яратилган? Шаҳарсозлик намунаси бўлган ушбу маскандан Газета фотомухбири Евгений Сорочиннинг репортажи
Ўзбекистонда шаҳарларга шунчаки ободонлаштирилган янги ҳудудлар эмас, балки аҳоли учун очиқ ва қурилишлардан ҳимояланган тўлақонли жамоат боғлари кераклиги ҳақида тобора кўпроқ гапирилмоқда.
Ню-Ёркдаги Марказий боғ — катта шаҳарда пухта ўйланган жамоат масканининг энг машҳур намуналардан бири. Унинг табиийдек кўринадиган ранг-баранг манзараси меъморлар, муҳандислар ва боғбонлар меҳнати самарасидир.
Газета фотомухбири Евгений Сорочин бир неча соат давомида боғни бошидан охиригача кезиб чиқиб, унинг асосий диққатга сазовор жойлари ва тафсилотларини суратга олди.
1840-йиллар. Ню-Ёрк тез суръатда кенгайиб бормоқда. Шаҳарга ирланд ва немис муҳожирлари тобора кўпроқ кўчиб кела бошлаган. Улар аллақачон етарлича ранг-баранг бўлган аҳоли таркибига қўшилади — бу пайтга келиб шаҳарда голланд, инглиз, франсуз, шотланд ва скандинавиялик кўчманчиларнинг авлодлари, шунингдек, афро-америкаликлар ва яҳудийлар яшаб келаётганди.
Шаҳар зичлашиб борар, жамоат жойлари етишмаслиги эса янада яққол сезила бошлайди. Ўша даврдаги айрим истироҳат боғлари ва хиёбонлар хусусий бўлиб, уларга фақат бадавлат ню-ёркликларгина кира оларди.
Журналистлар, меъморлар ва шаҳар ислоҳотчилари бунга қарши чиқадилар.
Улар ҳукуматни Ню-Ёркда катта жамоат боғи — одамлар бойлиги ва келиб чиқишидан қатъи назар ташриф буюриши мумкин бўлган кенг макон яратишга чақирадилар.
1853-йилда Ню-Ёрк штатининг қонун чиқарувчи органи истироҳат боғи барпо этишни маъқуллади. Шаҳар Манхеттеннинг 59- ва 106-кўчалари орасидаги ер участкаларини эгаларидан сотиб ола бошлади, 1857-йилда эса комиссия бўлажак боғ лойиҳаси учун танлов эълон қилди.
33 та ариза орасидан ёзувчи ва фермер Фредерик Лоу Олмстед ҳамда ёш инглиз меъмори Калверт Вонинг Греенсвард номли режаси ғолиб чиқди. Улар тошлоқ ва ботқоқ ҳудудни табиийдек кўринадиган, қўл тегмаган табиатни эслатувчи пухта лойиҳалаштирилган ландшафтга айлантиришни таклиф қилишди.
Марказий боғ қурилиши 1858-йилда бошланган ва 16 йил давом этган. Қурилиш ишларига 20 000 дан ортиқ ищи жалб қилинган. Улар меъморлар чизмаларига кўра рельефни ўзгартириш учун тепаликларнинг бир қисмини текислашган, ботқоқликларни кўмишган, туртиб чиққан қояларни порох ёрдамида портлатиб майдалашган.
Асосий муҳандислик вазифаларидан бири шаҳарни боғ ичига яшириш эди.
Шарқдан ғарбга ўтишни таъминлаш учун 66-, 79-, 86- ва 96-кўчаларда тўртта трансверсе роадс ётқизилган, бироқ улар ер сатҳидан пастга туширилган ва нишабликлар ҳамда қалин дарахтзорлар билан беркитилган. Юқорида, атиги бир неча метр наридаги майсазорда сайр қилаётган одам пастда нима бўлаётганини кўрмайди.
Бир ҳаракатни бошқасидан яшириш тамойили боғнинг бошқа инфратузилмасини ҳам белгилаб берди. Боғ ичида 30 та кўприк ва аркалар қурилган. Айримлари пиёдалар, отлиқлар ва транспорт йўналишларини бир-бирига тўқнаш келмаслиги учун ажратиб турса, бошқалари ландшафт композисиясининг бир қисми сифатида хизмат қилади. Барча кўприк ва аркалар атрофдаги манзара билан уйғун турли материаллардан — чўян, гранит, тош, ғишт ва ёғочдан — ясалган.
Дейлҳед (Далеҳеад Арч) тош аркаси боғнинг жанубий қисмида жойлашган бўлиб, 1860–1862-йилларда меъмор Калверт Во лойиҳаси асосида қурилган.
Боғнинг ўзига хослиги айниқса шаҳар муҳитида яққол кўринади. Атрофдаги Манхеттен ХИХ аср бошларида тасдиқланган қатъий тўртбурчакли кўчалар тўри асосида чизилган бўлиб, бу услуб оқилона ва тежамкор эди, аммо оролнинг тепалик ва сойлардан иборат асл рельефини деярли ҳисобга олмаган. Марказий боғ эса бу қоидадан энг катта истисно бўлиб, унда тўғри чизиқлар ўрнига эгри-бугри йўлаклар ва табиий ландшафт шакллари ишлатилган.
Бугунги кунда боғнинг майдони 341 гектарни ташкил этади. Ҳудудда 170 дан ортиқ турдаги қарийб 20 000 дарахт ўсади. Улар орасида маҳаллий эман, қайрағоч, заранг ва чинорлар, шунингдек, бошқа ўлкалардан махсус келтирилган турлар ҳам бор.
Боғда жами тўққизта сув ҳавзаси мавжуд. Улардан энг каттаси Жаклин Кеннеди Онассис сув омбори бўлиб, у 86- ва 96-кўчалар оралиғида жойлашган ва тахминан 43 гектар майдонни эгаллайди. Бу ерда сувда сузувчи ва кўчманчи қушларни мунтазам кузатиш мумкин.
Ҳовуз ва кўлларда беш турдаги тошбақа ҳамда турли хил балиқлар яшайди. Бу ерда фақат сатч-анд-релеасе (“тут ва қўйиб юбор”) тамойили асосида балиқ овлашга рухсат этилган.
Майсазорларда 2 400 га яқин олмахон югуриб юради — уларни ҳатто 2018-йилда Сентрал Парк Сқуиррел Сенсус номли махсус лойиҳа доирасида санаб чиқишган.
Боғ орқали қушларнинг йирик миграция йўналиши ўтади, шу сабабли бу ерда қирғий, бойўғли, қизилиштон, ўрдак ва ғоз каби 200 дан ортиқ қуш тури қайд этилган. Улар учун энг жозибадор маскан Тҳе Рамбле бўлиб, у тахминан 15 гектарлик майдондаги эгри-бугри сўқмоқлар, харсангтошлар ва ирмоқлардан иборат ўрмонзор ҳудуддир.
Бу ерга нафақат сайёҳлар, балки бутун шаҳардаги бёрдвотчерлар (бирдватчерс — қуш кузатувчилар) ҳам оқиб келади. Улар дам олиш учун Манхеттеннинг энг “ёввойи” бурчагини танлаган кўчманчи қушларни соатлаб кузатадилар.
Боғнинг кундалик парвариши билан Сентрал Парк Сонсервансй — шаҳар ҳокимияти билан ҳамкорликда боғни бошқарувчи хусусий нотижорат ташкилот шуғулланади.
У молиялаштиришнинг қарийб 75 фоизини хусусий хайриялар ҳисобидан таъминлайди, қолган қисмини эса шаҳар ажратади.
Ташкилотга 1980-йилда ландшафт тарихчиси Элизабет Барлоу Рожерс ва бир гуруҳ Ню-Ёрк фаоллари томонидан ҳудуднинг таназзулига жавобан асос солинган. 1970-йиллар охирига келиб майсазорлар чанг-тўзонли бўм-бўш ерларга айланган, ёдгорликлар, кўприклар ва қоялар эса граффити билан қопланган эди. Бу шаҳарнинг кўп йиллар давомида, айниқса 1970-йиллардаги Ню-Ёрк молиявий инқирози даврида боғни етарлича молиялаштирмагани, шунингдек, унинг қаровсиз қолгани ва самарасиз бошқарилгани оқибати эди.
Бугунги кунда Сентрал Парк Сонсервансйъда 400 га яқин доимий ходим ишлайди. Улар майсазорлар, дарахтлар ва сув ҳавзаларини назорат қилади, шох-шаббаларга шакл беради ва касал дарахтларни даволайди.
Боғни минглаб хусусий донорлар ҳам қўллаб-қувватлайди. Масалан, “Дарахтни васийликка олинг” (Адопт-а-Трее) дастури бўйича истаганлар янги кўчат экиш учун 500 доллар ёки катта дарахт учун 7500 доллар хайрия қилишлари мумкин. Катта дарахтларни “васийликка олгани” учун донор миннатдорлик рамзи сифатида Литерарй Валк (“Адабий хиёбон”) ҳудудига ўрнатиладиган гранит ёдгорлик тошини олади.
2008-йилдан 2010-йилгача табиацҳунос ёзувчи Эдвард Барнард ва график-бёрдвотчер Кен Чая Сентрал Парк Энтире — Марказий боғнинг дарахтлари ва ландшафтлари акс этган батафсил, иллюстрацияли харита-йўлбощини яратиш устида ишладилар.
Икки ярим йил давомида улар ҳудудни пиёда кезиб, ҳар бир дарахтни қўлда қайд этиб бордилар. Натижада улар боғдаги қарийб 20 000 дарахтнинг деярли барчасини харитага туширдилар. Хаританинг босма нашри 2010-йилда чиқди. Унинг интерактив версияси эса мобил илова шаклида мавжуд.
Марказий боғни баъзан дунёдаги очиқ осмон остидаги энг йирик санъат музейи деб аташади. Аввалига боғ муаллифлари уни ҳайкаллар билан безатиш бўйича Европа анъанасидан воз кечишган, бироқ майдон, зинапоялар, фаввора ва аркададан иборат Бетҳесда Террасе меъморий мажмуаси бундан мустасно — у оммавий санъат намуналари учун асосий макон сифатида лойиҳалаштирилган эди.
Жамоат майдони марказида фаввора жойлашган бўлиб, унга Эмма Стеббинснинг “Сув фариштаси” ҳайкали ўрнатилган. Ҳайкал сувнинг шифобахш кучи ҳақидаги Инжил ривоятига ишора қилади ва айни пайтда 1842-йилда Ню-Ёркни тоза сув билан таъминлай бошлаган Кротон акведугининг очилишини рамзий маънода ифодалайди.
Меъморий мажмуанинг яна бир таниқли элементи — Бетҳесда Террасе Арсаде ёпиқ аркли йўлаги ҳисобланади. Унинг шифти энкаустика техникасида геометрик ва гулли нақшлар билан безалган 16 000 га яқин сопол кошин билан қопланган. Бу техниканинг ўзига хослиги шундаки, нақш рангли лойдан ясалади ва кошин юзасидаги ўйиқларга жойлаштирилиб, у билан бирга пиширилади.
Техника Европада ХИИИ асрдан бери маълум бўлиб, ўрта асрларда Англияда собор ва аббатликларнинг полларини безаш мақсадида кенг қўлланилган. ХИХ асрда эса Англиянинг “Минтон” заводи ушбу анъанани қайта тиклаб, Аркада учун махсус энкаустик кошинлар ишлаб чиқарган.
Фавворали Бетҳесда Террасе — энг таниқли кинолокациялардан бири.
“Қасоскорлар” (2012) филмининг сўнгги саҳнасида айнан шу ерда Тор Асгардга учиб кетиш олдидан жамоаси билан хайрлашади. “Жон Уик: 2 қисм” филмида Киану Ривз франшизанинг асосий қаҳрамонларидан бири бўлган Уинстон билан учрашади. “Уйда ёлғиз 2” филмида эса кичкина Кевин каптарларни боқади.
Кино ихлосмандлари учун яна бир ташриф буюриши шарт бўлган жой — 1862-йилда кўл устида қурилган нафис чўян кўприк — Бов Бридгеъдир. У Вуди Алленнинг “Манхеттен” филмида ва қаҳрамонлар кўприкда қўшиқ айтиб, рақсга тушадиган “Мафтунингман” филми эпизодида кўринади. “Ўргимчак-одам 3” филми чиққанидан сўнг кўприкка бўлган қизиқиш бир неча баробар ошган — айнан шу жойда Питер Паркер Мери Жейнга турмуш қуришни таклиф қилмоқчи бўлади, лекин қиз у билан муносабатларга нуқта қўяди.
Боғда хусусий шахслар, профессионал ва жамоат ташкилотлари ҳамда муҳожирлар жамоалари томонидан қилинган хайриялар эвазига ўрнатилган кўплаб ёдгорлик лавҳалари, барельефлар ва айниқса ҳайкаллар Ню-Ёркнинг ўзига хос маданий ва миграция тарихи харитасини яратади.
Масалан, немис жамияти боғга файласуф ва драматург Фридрих Шиллернинг бюстини совға қилган; шотландлар ўз миллий шоири Роберт Бёрнс ва адиб Валтер Скоттга ҳайкал ўрнатган, италянлар ватанпарвар Жузеппе Мадзинининг бюстини, ирландлар эса шоир Томас Мур ҳайкалини ўрнатишган.
1945-йилда боғ ҳудудида Полша қироли Владислав Ягелло ҳайкали пайдо бўлди. У дастлаб 1939-йилги Жаҳон кўргазмасининг Полша павилони учун яратилган эди. Ҳайкал боғга поляк-америка ташкилотлари иштирокида ўрнатилган.
Ҳудудда ахборот киосклари, босма хариталар ва йўлаклардаги кўрсаткичлар ёрдамида мўлжал олиш мумкин. Энг кутилмаган усул эса ёриткич устунларидир. Уларнинг ҳар бирига тўрт хонали код ўйиб ёзилган бўлиб, унга қараб турган жойингизни аниқлаш мумкин: код энг яқин кўндаланг кўча ва боғнинг қайси тарафида эканингизни кўрсатади.
Бу тизим дастлаб ходимлар таъмирлаш учун керакли ёриткични тезда топа олишлари учун ўйлаб топилган, кейинчалик ундан ташриф буюрувчилар ҳам фойдалана бошлаган. Код фавқулодда вазиятларда ҳам ўз жойлашувингизни аниқлашга ёрдам беради.
Бу тизим ишламайдиган ягона жой — Тҳе Рамбле. У ерда шунчаки ёриткич устунлари йўқ.
Боғнинг ҳамма жойида ўтириб дам олиш учун ўриндиқлар ўрнатилган. Бу ерда уларнинг сони 9 000 дан ортиқ — кўпчилиги одамлар хотирасига атаб қўйилган ёки “Адопт-а-Бенч” дастури доирасида совға қилинган.
Марказий боғга ҳар йили 42 миллиондан ортиқ киши ташриф буюради.
Одамлар бу ерда мамнуният билан сайр қилади, пикниклар уюштиради, югуради, велосипед ва қайиқда учади, бейсбол ва бошқа спорт ўйинларини ўйнайди.
Болалар учун ҳар бири ўзига хос дизайн ва аттраксионлар тўпламига эга бўлган 21 та бепул ўйин майдончаси қурилган.
Боғда мунтазам равишда очиқ тадбирлар ва маҳорат дарслари ўтказиб турилади: капалакларнинг сирли боғига ёзги сайрлар, шахмат бўйича маърузалар ва турнирлар, Сенеса Виллагеъга (боғ қурилишидан олдин Ню-Ёркдаги афро-америкалик ер эгаларининг энг йирик жамоаси) экскурсиялар, боғбонлар ҳамроҳлигида Сонсерваторй Гарден бўйлаб саёҳатлар ва бёрдвотчинг асослари бўйича машғулотлар шулар жумласидан.
Аксарият тадбирлар бепул, баъзилари эса пуллик; уларнинг жадвали ва тафсилотлари билан боғнинг сайтида танишиш мумкин.

