Ниссан ихчам Пихо электромобилини тақдим этди
Ниссан янги ихчам Пихо электромобилини тақдим этди. Модел Ренаулт Твинго асосида яратилган бўлиб, 80 от кучига эга битта двигател ва ВЛТП сикли бўйича 259 км юриш масофасига эга.

Ниссан ихчам Пихо электромобилини тақдим этди
Ниссан янги ихчам Пихо электромобилини намойиш қилди. Модел Ренаулт Твинго ва иккинчи авлод Дасиа Спринг билан бир хил платформада ишлаб чиқилган.
Янги автомобилнинг олд ва орқа қисмида пикселли элементлар пайдо бўлган. Бироқ ён томондан қаралганда, машина деярли тўлиқ Ренаулт Твинго моделини эслатади.
Электромобилнинг узунлиги 3796 мм, бурилиш диаметри эса 9,9 м. Ғилдирак базаси 2492 мм. Пихо модели Твинго ва Спринг билан бир хил платформага таянган. Электромобил 27,5 кВт·соат сиғимли литий-темир-фосфат батарея билан жиҳозланган. ВЛТП сикли бўйича юриш масофаси 259 км ни ташкил этади. Уни 50 кВт гача қувватли ўзгармас ток билан қувватлаш мумкин. Батарея тахминан 28 дақиқада 15 фоиздан 80 фоизгача заряд олади.
Олд ғилдиракларни қуввати 80 от кучи ва айлантирувчи лаҳзаси 175 Нм бўлган электромотор ҳаракатга келтиради. Пихо 0 дан 100 км/соат тезликка 12,1 сонияда чиқади.
Орқа ўриндиқлар ортидаги юкхона ҳажми 356 литрни ташкил этади, мустақил орқа ўриндиқлар йиғилганда эса бу кўрсаткич 1221 литргача ошади.
Пихо салонининг ички кўриниши Твинго салонини деярли такрорлайди, аммо Ниссан асосий функсияларни бошқариш учун жисмоний тугмалар ва регуляторларни сақлаб қолган. Шу билан бирга, электромобил замонавий технологиялар, жумладан, Гоогле Гемини овозли ёрдамчиси ва ҳайдовчини аниқлаш ҳамда шахсий созламаларни юклаш имконини берувчи Фасе ИД юзни аниқлаш тизимига эга бўлди.
Пихо сотуви Европада 2027-йил бошида бошланади. Компания нархларни 2026-йил декабр ойида эълон қилади. Асосий версияда электромобил нархи 20 минг еврогача бўлиши мумкин (тахминан 270 млн сўм).

