“Ниқобда ёки наркотик чекиб ҳам машинага чиқишади” – Ню Ёркдаги ўзбек таксисти билан суҳбат
Суҳроб Шодиёров Ўзбекистондаги раҳбарлик лавозимини ташлаб, АҚШга кўчиб ўтган. У бугун Ню Ёркда ҳайдовчилик қилади, ойлик даромади анча юқори. Лекин ҳаммага чиройли кўринган Америка ҳаёти ортида ҳеч ким билмаган қийинчиликлар ҳам бисёр. Машинамга ниқобдаги ёки ҳушида бўлмаган наркоманлар ҳам чиқади, қўрқиб кетасиз, дейди у. Хўш, Суҳроб нега ўз карерасидан воз кечиб, АҚШни танлаганди? Суҳбатда шу ҳақида сўз боради.

“Ниқобда ёки наркотик чекиб ҳам машинага чиқишади” – Ню Ёркдаги ўзбек таксисти билан суҳбат
Суҳроб Шодиёров 8 йилдан бери АҚШда истиқомат қилади. У Америкага келганидан буён асосан ҳайдовчилик билан шуғулланади. Ню Ёркда яшовчи юртдошимиз ойига 10 минг АҚШ доллари ва ундан ҳам кўпроқ даромад олади. Бироқ у Америкага Ўзбекистондаги раҳбарлик лавозими ҳамда тайёр карерасини ортда қолдириб келган. Суҳбатдошимизнинг айтишича, чиройли ҳаёт ортида ҳаммага ҳам кўринавермайдиган қийинчиликлар ҳам анчагина.
Аввало, оила ва ватандан, ота-онадан узоқда яшаш кўплаб юртдошларимиз каби Суҳробни ҳам қийнайди. Бундан ташқари, катта шаҳарда такси ҳайдаш осон иш эмас. Биринчидан, ҳужжатбозлик ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш жараёнидан ўтиш керак. Иккинчидан, мижозлар – турли хил одамлар.
Узоқ йиллик ҳайдовчи сифатида Суҳроб машинасига бизнесменлардан тортиб, юзига ниқоб тақиб олганлар, наркотик моддаларни истеъмол қилиб олганлар ҳам чиқишини айтади. Шу сабаб у бугун фақат бизнес турдаги буюртмаларни қабул қилади.
Суҳробнинг қўшимча қилишича, сердаромад иш бўлишига қарамай, ўзбек таксистларнинг энг катта муаммоси – инглиз тилини ҳеч бўлмаса бошланғич даражада билмаслигидир.
“Бизнинг таксистлар оддий сўзларни ҳам билмайди. Масалан, кетаётганда мижоз савол берса ёки ниманидир тушунтирса, сўраса, жим ўтириш жуда ғалати. Бир давлатга келгандан кейин унинг тилини ҳам бироз ўрганиб қўявериш керак”, дейди ҳайдовчи Шодиёров.
Шунингдек, суҳбатдошимиз Америкадаги мижоз маданиятига ҳам тўхталди. Унинг айтишича, аксарият мижозлар ҳурматни жойига қўяди, агар улар учун шароитлар яратиб қўйилса, албатта, қадрлашади.
Масалан, Америкада чойчақа маданияти жуда яхши шаклланган. Хизмат кўрсатиш нуқталари ва таксиларда мижозлар чин кўнгилдан қўшимча пул қолдириб кетади. Юртдошимиз ҳам буни ижобий баҳолади.
“ТИП маданияти жуда ҳам яхши бу ерда. Масалан, менинг ўзимга энг катта чойчақани бир одам $200 бериб кетганди. У билан биз 100 километрдан ошиқ йўл босганмиз. Ўзбекистон ҳақида гапириб берганман, ҳамсуҳбат бўлганман ва охирида қўшимча 200 доллар бериб кетганди. Ундан ташқари ҳам ҳар куни камида 50-100 доллар чойчақа оламиз”, дейди Суҳроб.
Лекин сердаромад соҳа ва чиройли ҳаётга эга бўлишига қарамай, Суҳроб Ўзбекистонга бутунлай қайтиш ҳаракатида. 8 йил дунё молия пойтахти – Ню Ёркда яшаганига қарамай, у барибир ўз юртини танлаган. Бунинг сабаблари қандай?

