“Инсонлараро яқинликни соғинамиз” – Сиетлдаги ўзбеклар мустақиллик байрамини нишонлади
Вашингтон штатида юзлаб юртдошларимиз Ўзбекистон мустақиллик байрамини нишонлади. Уларнинг аксарияти катта Сиетл минтақасида яшайди. Kun.uz нинг АҚШдаги мухбири баъзи ўзбеклар билан суҳбатлашди. Инсонлараро яқинликни, меҳрибонликни соғинамиз, дейди юртдошларимиз.

“Инсонлараро яқинликни соғинамиз” – Сиетлдаги ўзбеклар мустақиллик байрамини нишонлади
Мақсуда Юксьел асли Бухородан бўлиб, 26 йил олдин АҚШга кўчиб ўтган. Ҳозир у Америка ижтимоий ҳимоя тизимида ишлайди ва штатдаги ҳарбийлар ҳамда фахрийларга ёрдам тизимини белгилашда қатнашувчи ходимлардан бири ҳисобланади. У ҳар икки йилда Бухорога бориб-келишга ҳаракат қилишини айтади. Унинг сўзларига кўра, энг кўп соғинадиган нарса инсонлараро иссиқлик ва меҳрибонликдир.
“26 йил аввал келган бўлсам-да, Ватанимни соғинаман. Ҳамма нарсасини соғинаман, борганимда қариндошларим учун байрам бўлади”, дейди Мақсуда Юксел.
Санобар эса ўқитувчи бўлиб, 14 йилдан бери АҚШда яшайди. У бугун нафақат оиласи, балки онаси билан ҳам Америкада. Ўқитувчи сифатида у бошланғич синф ўқувчиларига дарс беради, Америкага эса Греен сард дастури орқали келган.
“Бу ерда таълим тизими бутунлай бошқача, ҳар бир синфда камида 15 та миллат вакиллари ўтирган бўлади. Шунингдек, болаларни тенг кўрасиз, билимли-билимсизга ажратолмайсиз, улар билан бир-биримизни тушуниб ишлашга мажбурмиз”, дейди асли бухоролик Санобар.
Феруза Ҳошимова эса асли тошкентлик бўлиб, ўн йиллардан бери оиласи билан АҚШда яшайди. У мактабгача таълим тизимида ишлаб келади. Икки нафар фарзанди АҚШдаги олийгоҳларда ўқийди. Ҳатто, боғчадан ҳам биз болаларнинг кўнглига қарашга мажбурмиз, дейди у.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Вашингтон штатидаги бош консули Аҳрор Бурҳонов сўзга чиқиб, йиғилганларни мустақиллик байрами билан табриклади.

