Дунё

Дунё бўйлаб маданий ёдгорликлар вайрон қилинаётган бир пайтда, низолар қайнаб-тошмоқда. Бу инсонлар бунга қарши курашмоқдалар.

Маданий мерос уруш туфайли йўқ қилиб юборилмоқда ва кўпчилик бунинг учун жавобгарликни талаб қилмоқда

Август ойи Украина учун вайронкор бўлди. Россиянинг ҳаво ҳужумлари кескин кучайди, минглаб дронлар учирилди. Киев, шунингдек, жанубий шаҳарлар — Николаев ва Одесса кучли бомбардимон қилинди. Одесса расмийларининг маълум қилишича, ҳалок бўлганлар ва вайронагарчиликлардан ташқари, ЮНЕСКО ҳимоясидаги олтита объект, жумладан, XIX асрга оид оч пушти рангли Александру Стурдза уйи шикастланган.

Бу ҳолат ҳақиқий маданий аҳамиятга эга бўлган бино ва объектларни вайрон қилганлик учун одамларни жавобгарликка тортиш нега бунчалик қийин деган саволни яна кун тартибига чиқарди.

Биргина ўтган ойнинг ўзида Украина Маданият вазирлиги 148 та маданий мерос объекти, жумладан, Одессадаги объектлар шикастлангани ёки вайрон бўлганини қайд этди.

Бир нечта украиналик фаоллар гуруҳлари маданий вайронгарчиликлар ва талон-торожлар учун Россия устидан Халқаро жиноий судга (ХЖС) шикоят аризалари киритиб, жавобгарликка тортишни талаб қилишди, бироқ ҳеч қандай айблов эълон қилинмади.

Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги хавф остида бўлган археология лойиҳасининг катта илмий ходими Бижан Руҳонийнинг айтишича, ҳуқуқий тузилма қоғозда кучли кўриниши мумкин, аммо ҳаётда у деярли ҳар доим кутилган натижани бермайди. "Ҳеч бир давлат арбоби бу жиноят учун ҳали судланмаган. Тўсиқ энди далиллар эмас. Бизда сунъий йўлдош тасвирлари, масофадан туриб зондлаш ва мониторинг гуруҳлари бор. Тўсиқ — юрисдикция ва сиёсий иродадир".

Дунёни ларзага солаётган можаролар фонида бу савол тобора долзарб бўлиб бормоқда: вайронагарчиликларни тўхтатиш ёки улар содир бўлганда жавобгарликни таъминлаш учун бирор бир самарали чора кўриш мумкинми?

Украинадаги уруш — урушнинг маданий меросга вайронкор таъсирини яна бир бор кўрсатган сўнгги можаролардан бири, холос.

Тариқ Абу Дайя Ғазода ҳунармандчилик буюмлари, сувенирлар ва қадимий ашёлар сотади. У сотадиган кўплаб буюмларда Буюк Омарий масжиди тасвирланган. Унинг учун бу масжид Ғазонинг ўзлигини ифодалайди ва унинг тарихини кўплаб шаклларда акс эттиради: қадимги бутпарастлик маъбади, кейин Византия черкови, кейин VII аср масжиди, кейин Салибчилар собори ва ниҳоят яна масжид.

Буюк Омарий масжиди 2023 йилда Исроил зарбаси натижасида деярли бутунлай вайрон бўлган эди. Исроил ҳарбийлари зарба ҲАМАСга қаратилганини билдирган.

Ғазодаги Буюк Омарий масжиди 2023 йилда Исроил зарбаси натижасида катта вайронагарчиликка учради

Дайя вайроналарни кўрган ҳар сафар юраги тилка-пора бўлишини айтади. "Ўтмишингиз вайрон бўлса, бугунингиз ҳам бўлмайди".

Ғазодаги уруш ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди ва Исроил бомбардимонлари оқибатида тахминан 200 000 бино шикастланди ёки вайрон бўлди. Бироқ, бундай улкан ўлим ва вайронагарчиликлар орасида ҳам маданий йўқотишлар қаттиқ таъсир қилади.

Бу туйғу тарих давомида урушни бошдан кечирган одамлар орасида акс-садо бериб келган.

Судан, Ливан, Яман ва Эронда бонг урилишлар қайта-қайта янгради.

Февраль ойида АҚШ ва Исроил томонидан бошланган ҳаво урушида Эрондаги 100 дан ортиқ объект шикастлангани хабар қилинган. Улар орасида Теҳрондаги ЮНЕСКО рўйхатига киритилган Гулистон саройи ва Исфаҳондаги Нақши Жаҳон майдони бор.

Судандаги фуқаролар уруши Куш қироллигининг гуллаб-яшнаган цивилизацияси даврида қурилган дунёнинг қадимий мўъжизаларидан бири — Мероэ пирамидаларини янада хавф остига қўйди.

2011 йилда Мероэни Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритган ЮНЕСКО, жанглар у ердаги барча консервация ишларини тўхтатиб қўйгани, бу эса нозик қадимий иншоотларни яқинлашиб келаётган қум ва ўсимликлар емирилишига заиф қилиб қўйгани ҳақида огоҳлантирди.

Иккинчи жаҳон урушининг улкан вайронагарчиликларидан сўнг, 1954 йилда Гаагада қуролли можаролар пайтида маданий меросни ҳимоя қилишга бағишланган биринчи халқаро шартнома қабул қилинди.

У ёдгорликлар ва меъморчиликни, шунингдек, санъат асарлари ва китобларни қамраб олади ва давлатлардан маданий бойликларни муҳофаза қилиш ва ҳурмат қилишни ҳамда уларни хавф остига қўйиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан қочишни талаб қилади.

Гаага конвенциясидан бери маданий меросни муҳофаза қилишни кучайтириш бўйича қўшимча саъй-ҳаракатлар амалга оширилди.

Конвенцияга 1999 йилда қабул қилинган Иккинчи баённомада айтилишича, ўзининг улкан маданий аҳамияти туфайли кучайтирилган муҳофаза остига олинган ҳар қандай объект, ҳатто у "ҳарбий мақсад" сифатида ишлатилаётган бўлса ҳам, ҳарбий нишонга айлантирилмаслиги керак — агар бундай фойдаланишни тўхтатишнинг бошқа иложи бўлмаса.

2002 йилда Гаагада Халқаро жиноий суд ташкил этилганда, унинг вазифаларидан бири уруш жиноятлари деб таърифланган диний, бадиий ва таълим аҳамиятига эга биноларга, шунингдек, тарихий ёдгорликларга уруш пайтида қасддан қилинган ҳужумлар учун жавобгарликни таъминлаш эди.

Аммо бу мураккаб ва қийин вазифа бўлиб чиқди.

Ҳозиргача ХЖСда фақат битта иш муваффақиятли кўриб чиқилди. Аҳмад ал-Фақи ал-Маҳдий Малидаги жиҳодчи жангарилар етакчиси бўлиб, у Тимбуктудаги мақбаралар ва масжидни вайрон қилган ҳужумларга раҳбарлик қилганликда айбдор деб топилган. У тўққиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Аҳмад ал-Фақи ал-Маҳдий ХЖС томонидан бу жиноят учун муваффақиятли жиноий жавобгарликка тортилган ягона шахс бўлиб қолмоқда

Руҳонийнинг айтишича, йирик давлатларнинг тўлиқ қўллаб-қувватлаши ва халқаро ҳуқуқ ҳамда унинг ижросига ҳақиқий содиқлик бўлмаса, дунё худди шундай вайронкор манзаранинг такрорланишини кузатишда давом этаверади.

"Кўпгина ҳукуматлар учун мерос, агар у ташвиқот учун фойдали бўлиб қолмаса, иккинчи даражали масаладир", дейди Руҳоний. "Гаага конвенцияси давлатлардан ўзларининг ҳарбий қоидаларига ҳимоя чораларини киритишни ва ўз юртида бўлгани каби хориждаги маданий бойликларни ҳам ҳурмат қилишни талаб қилади. Сўнгги можаролардаги вайронагарчиликлар кўламига қараб, бу мажбуриятларга жиддий ёндашилмоқда, деган хулосага келиш қийин".

Украинадан Эрон ва Ғазогача бўлган урушларда, жангчилар мактаб ва шифохоналарни мақбул ҳарбий нишонлар деб биладиган жойларда, музей ёки қадимий тошлар уюми, улар қанчалик гўзаллик, тарих ва хотирага бой бўлмасин, омон қолиши эҳтимоли қанчалик юқори?

Очиқ далада ва чекка ҳудудда жойлашган, XVIII аср украиналик файласуфи ва шоири Григорий Сковородага бағишланган музей 2022 йилда тунги ҳужум пайтида Россия артиллерияси томонидан вайрон қилинган эди. Украина Президенти Владимир Зеленский бу уни лол қолдирганини айтди: "Музейларга мақсадли зарбалар бериш — бу ҳатто террорчиларнинг ҳам хаёлига келмаган бўларди. Лекин биз мана шундай армияга қарши курашяпмиз".

Бинога ўт қўйилган ва қоровул яраланган, гарчи тўпламнинг катта қисми аллақачон олиб чиқилган бўлса-да.

Ўша пайтдаги АҚШ президенти Жо Байден Россия Президенти Владимир Путин нафақат Украинани босиб олишга уринаётганини, балки "Украина халқининг маданияти ва ўзлигини том маънода йўқ қилишга ҳаракат қилаётганини" айтди.

Бу манзара Украина фронтининг катта қисмида такрорланди, у ерда маҳаллий гуруҳлар миллий меросни Россия ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилдилар.

XVIII аср украиналик файласуфи ва шоири Григорий Сковородага бағишланган музей Россия ҳужуми натижасида вайрон бўлди

Бу борада муҳим рол ўйнаган халқаро ташкилотлардан бири 2017 йилда Женевада маданий меросни муҳофаза қилиш ва тиклаш мақсадида ташкил этилган Aliph жамғармасидир.

Aliph лойиҳа менежери Александра Фибигнинг айтишича, гуруҳ ўзларининг энг қимматли ашёларини хавфсиз жойга кўчиришга шошилаётган Украина музейларига миллионлаб доллар ажратган.

Бу у "мерос тез ёрдами" деб атайдиган воситаларни ҳам ўз ичига олган: "Махсус ускуналар ва махсус гуруҳлар учун жойга эга бўлган бу машиналар бошида ҳарбий ҳаракатлар натижасида шикастланган музейларга кўп қатнади".

Эндиликда, дейди у, гуруҳлар шошилинч равишда хавфсизроқ жойларга кўчирилган экспонатларни яхши ҳолатда сақланишини таъминлаш учун уларни текширмоқда.

Blue Shield International бир нечта уруш ҳудудларида қуролли кучлар ва маҳаллий мерос расмийлари билан шу даражада ҳамкорлик қиладики, у маданият соҳасидаги Қизил Хоч сифатида танилган.

Гуруҳнинг тезкор ишлар бўйича раҳбари доктор Эмма Канлиффнинг айтишича, украиналиклар ўз меросини ҳимоя қилиш учун ўз ҳаётларини хавф остига қўймоқдалар.

"Улар ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб бўлса ҳам, етказилган зарарни ҳужжатлаштириш учун катта чоралар кўришмоқда. Тўғрисини айтганда, биз кўраётган нарсалардан бири шундаки, ҳукумат жуда кўп устувор вазифалар ва улар дуч келаётган қийинчиликларга қарамай, улкан қадамлар ташламоқда".

Бошқа можароларда ҳам тинч аҳоли ўз маданиятини ҳимоя қилиш учун шунга ўхшаш қадамларни қўйган.

2015 йилнинг февралида ИШИД Ироқ шимолидаги Мосулда қадимий ҳайкаллар ва осори-атиқаларни синдиришдан у шаҳарнинг севимли жамоат кутубхоналарини вайрон қилиб, ёзма меросини талон-торож қилишга ўтди. Улар Марказий кутубхонани ёқиб юборишди ва минглаб китобларни — уларнинг аксарияти шаҳар тарихидан ҳикоя қилувчи нодир қўлёзмалар эди — вайрон қилишди ёки ўғирлашди.

2014 йилда Мосулни эгаллаб олгандан сўнг, ИШИД шаҳар Марказий кутубхонасидаги китобларни ёқиб юборди

"Булар шунчаки китоблар ёки жавонлар эмас эди, улар ўн йиллик билим ва тадқиқотларни ифодаларди ҳамда Мосул университети ва кенг жамоатчиликнинг интеллектуал меросининг муҳим қисмини ташкил этарди... Бир неча кун ичида ҳамма нарса йўқ бўлди", дейди доктор Муҳаммад Жасим Муҳаммад ал-Ҳамданий. Мосулдаги бош кутубхона унинг ҳаётида марказий ўрин тутган — шу даражадаки, у ҳозирда унинг директори ҳисобланади.

"Унинг вайрон бўлганини кўриш ўзлигимнинг бир қисмини йўқотгандек туюлди. Шаҳардаги кўпчиликнинг Мосул университети билан боғлиқ тарихи бор эди, шунинг учун бу йўқотиш жуда яқин сезилди. Ва шунинг учун Мосулнинг ушбу қисми ИШИДдан озод қилинганда, ёшлар, кексалар қўлларидан келганча нарсаларни қутқариш учун кутубхонага шошилишди".

Маданий бойликларни ҳимоя қилиш учун жамоаларнинг ташаббусни ўз қўлларига олишининг тескариси — ўша объектларнинг талон-торож қилинишидир.

Бу ҳам тарихнинг бошланишига бориб тақаладиган уруш оқибатидир.

Канлиффнинг айтишича, талон-торож қилиш нима учун содир бўлишини тушуниш — бу жойга қараб фарқ қилиши мумкин — муҳим биринчи қадамдир: "Бу ўз навбатида унга таҳдид сифатида жиддий қараш учун каттароқ санкциялар, каттароқ жиноий таъқибларга олиб келиши мумкин". Унинг айтишича, иложи борича маҳаллий жамоаларга бу ишга ёрдам бериш орқали улар ўз меросини сотаётганликларини тушунтириш муҳимдир.

Масалан, Ироқ ва Сурияда ИШИД ғалаёни пайтида ҳам, ундан кейин ҳам бебаҳо осори-атиқалар саноат миқёсида талон-торож қилинди.

Қимматбаҳо буюмлар контрабанда йўли билан олиб чиқилди ва хорижга, жумладан АҚШга сотилди.

АҚШ Адлия вазирлиги томонидан олиб борилган кўп йиллик тергов контрабанда йўлларини аниқлади ва минглаб талон-торож қилинган осори-атиқаларни Ироққа қайтаришга олиб келди.

Ироқда бебаҳо осори-атиқаларни талон-торож қилиш ИШИД ғалаёни пайтида кучайди

Европада ва бошқа жойларда мувофиқлаштирилган кўп миллатли полиция ва божхона операциялари мунтазам равишда ўтказилиб, кўплаб ўғирланган қадимий ашёлар мусодара қилинмоқда ва баъзи контрабандачилар ҳибсга олинмоқда.

Аммо бу савдо жуда сердаромад бўлиб қолмоқда ва кўплаб можаролар янада кўпроқ имкониятлар яратмоқда.

Суданда, Хартумдаги миллий музей 2023 йилда урушаётган гуруҳлардан бири — Тезкор ҳаракат кучлари (RSF) назоратига ўтганида, унинг хазиналари талон-торож қилинди, улар юк машиналарига юклаб олиб кетилди ва кўргазма заллари бўшаб қолди.

Украина каби бошқа можаро зоналарида бўлгани каби, қадимий ашёларни қайтаришга ҳаракат қилаётганларга махсус тренинглар ўтилди ва бу маълум даражада муваффақият келтирди. Аммо музей кўргазмасининг катта қисми — минтақанинг минглаб йиллик тарихини сўзлаб берган экспонатлар — бутунлай йўқ бўлиб кетган бўлиши мумкин.

Маданий мероснинг вайрон бўлиши ва талон-торож қилинишини чеклаш вазифаси жуда улкандир.

Халқаро ва давлат даражасида қоидалар мавжуд, аммо уларни тезда амалиётга татбиқ этиш жуда қийин — ва кўпинча бунга ҳаракат қилиш иродаси ҳам йўқ.

Aliph ва Blue Shield International каби ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланадиган маҳаллий саъй-ҳаракатлар кичик миқёсда ўзгаришлар қилиши мумкин.

Аммо агар — ҳозирги вазиятда бўлгани каби — маданий мерос объектини вайрон қилгани учун кимнингдир жавобгарликка тортилиш эҳтимоли нолга яқин бўлса, унда деярли ҳеч қандай ҳақиқий тийиб турувчи омил йўқ.

Холид ал-Асъад Пальмира сирларини очишдан бош тортгани учун ўлдирилган

"Ҳисоб-китобни ўзгартирадиган нарса қаттиқроқ жазолар эмас", дейди доктор Бижан Руҳоний, "балки исмларнинг очиқланиши реал истиқболи — бу зарбаларга рухсат берган командирларни ҳибсга олишга ордер бериш, универсал юрисдикция остидаги миллий судларда жиноий таъқиб қилиш ва аниқ шахсларга нисбатан мақсадли санкциялар қўллашдир. Бу чоралар янги шартномани талаб қилмайди. Улар давлатлардан ўзларида мавжуд бўлган воситаларни рақибларига қарши бўлгани каби иттифоқчиларига қарши ҳам қўллашга тайёр бўлишларини талаб қилади".

Тошларда муҳрланган маданий ўтмишни ўчиришга бўлган сўнгги уринишлар орасида Суриядаги Пальмира ҳали ҳам алоҳида ажралиб туради. ИШИД у ердаги маъбадларни портлатиб юборди ва агар мағлуб этилмаганида, бундан ҳам баттар ишларни қилган бўларди.

Бир киши қаршилик рамзига айланди. 40 йил давомида археолог Холид ал-Асъад Пальмиранинг бош қўриқчиси бўлган эди. ИШИД қадимий шаҳарга келганида у саксон ёшларда эди.

Улар уни асирга олишди ва энг қимматли осори-атиқалар қаерга яширилганини билиш учун қийноққа солишди. У айтишдан бош тортганида, улар уни жамоат майдонида бошини кесиб, жасадини светофорга осиб қўйишди.

Ал-Асъад бутун дунёда маданиятни зулмат кучларидан ҳимоя қилган қаҳрамон сифатида шарафланди. У Сурияда "Фуқаролик хизматлари учун" ордени билан тақдирланди ва Пальмирадаги мактабга унинг номи берилди.

Аммо ҳеч нарса сиёсий мураккабликлардан холи эмас.

Йиллар ўтиб, Суриянинг янги расмийлари даврида унинг номи мактабдан олиб ташланди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.