Лайфстайл

“Неварамга дадамнинг исмини қўйдим”. Бобур Йўлдошев ҳаётидаги янги роли ва хорижга кетиш имкониятидан воз кечгани ҳақида

“Неварамга дадамнинг исмини қўйдим”. Бобур Йўлдошев ҳаётидаги янги босқич ва хорижга кетиш имкониятидан нега воз кечгани ҳақида

Театр ва кино актёри, режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бобур Йўлдошев ЁуТубеъдаги “Ширинсухан” подкастига меҳмон бўлди. Суҳбат давомида у яқинда набирали бўлгани, неварасига Баҳодир деб исм қўйишгани, саҳналаштирган ҳар бир спектаклидан кейин албатта 2 ҳафтага саёҳатга чиқиши ва отаси 16 ёшидан кейин қўлига пул бермагани ҳақида сўзлаб берди.

“Неварали бўлишим менга нотаниш ҳиссиётларни берди”

— Неварали бўлиш умуман бошқача, менга нотаниш бўлган ҳиссиётларни берди. Олдин ҳеч қачон бундай туйғуни ҳис қилмаганман. Масалан, тўрт нафар фарзандим бор. Уларнинг ҳар бири туғилганда бошқача ҳаяжон бўлган. Неварали бўлишим эса бутунлай бошқа ҳиссиётларни берди. Келиним чиқиб “негадир қорним оғрияпти”, деган заҳоти оёқларим бўшашиб, ўзимни ташлаб юборай дедим. Ҳаяжондан ўзимни зўрға ушлаб турдим.

Ўша пайтда уйда ёлғиз эдим. Эрталаб ишга кетишдан олдин кофе ичаётгандим. “Яхшимисиз, яхши дам олдингизми?”, десам, мазаси йўқлигини айтди. Дарҳол ўғлимга қўнғироқ қилиб, уйга қайтиб келишини тайинладим. Кейин уларни мажбурлаб шифохонага жўнатдим. Буни ўйлаб, ўзимни йўқотмаслик учун ишга югурдим. Барибир ишлай олмадим. Вақти-вақти билан ўғлимга қўнғироқ қилиб, хабар олиб турдим. Худога беҳисоб шукр, неварам Баҳодир Йўлдошев туғилди. Ҳозирча уни Баҳодир ака деб чақиряпмиз, “Баҳо” дейиш йўқ, дейди актёр ҳазиллашиб.

“Уйдагилар 16 ёшимдан бошлаб қўлимга пул бермасликларини айтишган”

— Илк бор 1995-йилда ишга кирганман. Ўша пайтлар оғир даврлар эди. Бу вақтда ўзим нимагадир эришишни эплолмасдим. Табиийки, онам ва дадам ёрдам беришарди. Лекин 16 ёшга тўлганимдан сўнг дадам ёнига чақириб, бундан кейин қўлимга пул бермасликларини айтган. “Сенга жинси кийим керак бўлса, телефон қиласан, мен шу кийимни олиб бераман. Овқат егинг келса, овқатингни олиб бераман, лекин қўлингга бошқа пул бермайман”, деган. Ўзимнинг пулимга яшаб, ҳамма нарсамни ўзим эплаганимда 19 ёшда эдим, дейди у.

“Устознинг дарсга тайёр бўлмай келиши энг катта гуноҳлардан биттаси”

Актёр нима учун педагоглик фаолиятини йўлга қўймаганига қуйидагича изоҳ берди:

— Ўйлашимча, педагоглик қийин бўлган алоҳида касб. Чунки дарс беришга келганингда, шогирдларингга берадиган билиминг бўлиши керак. Яна энг катта гуноҳлардан биттаси устознинг дарс беришга тайёр бўлиб келмаганидир. Чунки шогирдларинг икки соатлик дарсдан сўнг бошқа одам бўлиб чиқиши керак. Ўргатадиган билиминг шу қадар кўп бўлиши керакки, дарс охирида билмаган нарсаларини билиб, саволларига жавоб олиб чиқиши керак. Айрим устозлар дарсни бошлайди-ю, кейин ўз ҳаётида бўлган воқеаларни эслаб, бир нималарни гапириб кетади. Бу кимга керак? Шогирдларга дарс керак. Шунинг учун дарсга тайёр бўлиб келмаслик шогирдингнинг Худо берган икки соатлик умрини ўғирлаганинг бўлади. Шу сабабли бу катта гуноҳлар сирасига киради.

“Инсоннинг ўқигани ва кўрганлари у билан қолади”

— Оиламизнинг бир каттақўрғонлик қадрдони бор, бой-бадавлат инсон. Дадамнинг яқин укаларидан бири. Дадам оламдан ўтганидан кейин шу ака билан кўришиб суҳбатлашдик. Ўшанда қадрдонимиз дадам билан бўлган бир суҳбатини менга айтиб берди. Дадам билан бўлган суҳбатда мавзу тўғри келиб қолиб, ўғилларига нималарнидир олиб қўйганини айтиб берибди. Шунда дадам у кишига “ўғилларинг ақлли бўлса, ўзлари пулини топиб кетаверади. Агар улар аҳмоқ бўлса, қолдирган пулингни ҳам кеткизади. Шунинг учун ўзинг яша, бу сенинг топган пулинг. Бунга етказгани учун Худога шукр, деб саёҳат қил, денгизга бор, дунёни кўр. Бу ердан олиб кетадиганинг фақат кўрганинг билан ўқиганинг”, деган экан.

Мен ҳам саёҳатни яхши кўраман. Пулимни фақат шунга сарфлайман. Ишлаб, битта спектаклни чиқарганимдан кейин аниқ икки ҳафтага қаергадир саёҳатга жўнаб кетаман, дейди Бобур Йўлдошев.

“Имконият бўлганида ҳам хорижга кетмаганимга афсусланмайман”

— Тўғрисини айтаман, бу ҳеч қандай “пахта” эмас, давлатимизнинг 2016-йилдан ҳозиргача бўлган ривожланиши яхши ҳамки хорижга кетмаганимни исботлаяпти. Вақтида чет элга кетиш учун кўп имкониятим бўлган. Яхшиямки, дадам бундан тўхтатиб қолган экан. Ўшанда улардан хафа бўлганман, лекин ҳозир бу учун уларга раҳмат дейман, дейди Бобур Йўлдошев.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.