“Нефтчи” ва “Пахтакор” футболчилари Элит ОЧЛ 1-тури рамзий терма жамоасига киритилди (фото)

“Нефтчи” ва “Пахтакор” футболчилари Элит ОЧЛ 1-тури рамзий терма жамоасидан жой олди (фото)
Элит Осиё Чемпионлар Лигасининг дастлабки тури якунларига кўра, Тошкентнинг “Пахтакор” клуби посбони Владимир Назаров ҳамда Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси ҳимоячиси Коффи Куао мусобақанинг 1-тур рамзий терма жамоасига киритилди.
1-тур доирасида “Пахтакор” сафарда Саудия Арабистонининг “Ал-Аҳли” жамоаси билан меҳмон бўлиб, 1:1 ҳисобида дуранг қайд этган эди. Ушбу учрашувда 4 бор ишончли сейв амалга оширган Назаров тошкентликларнинг сафардан қимматли 1 очко билан қайтишига катта ҳисса қўшди.
Ўз майдонида Ироқнинг “Эйр Форс” клубини қабул қилган “Нефтчи” эса 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Фарғоналикларнинг ўйиндаги ягона голига Зоран Марушич муаллифлик қилган бўлса, у урган тўпга жамоанинг кот-дъивуарлик ҳимоячиси Коффи Куао ассист берди ва айнан шу фаол ҳаракатлари сабаб ҳафтанинг рамзий жамоасидан ўрин олди.
Элит Осиё Чемпионлар Лигаси 1-турининг рамзий жамоаси:
Дарвозабон: Владимир Назаров (“Пахтакор”).
Ҳимоячилар: Ли Мён Чже (“Даежон”), Жанг Ҳён Су (“Ал-Гарафа”), Рами Рабиа (“Ал-Айн”), Коффи Куао (“Нефтчи”).
Яримҳимоячилар: Рубен Невеш (“Ал-Ҳилол”), Такаши Усами (“Гамба Осака”), Принс Ампем (“Шанхай Порт”), Ҳусейн Раҳими (“Ал-Айн”).
Ҳужумчилар: Нюва (“Ратжабури”), Александар Каврич (“Кашима Антлерс”).
“Пахтакор” Элит Осиё Чемпионлар Лигасининг 2-турида Саудия Арабистонининг “Ал-Қодисия” жамоасига қарши майдонга тушади. “Нефтчи” эса 2-турда Саудия Арабистонининг яна бир вакили — “Ан-Насср” клубига қарши ўйнайди. Мазкур учрашувлар 12-октябрга белгиланган.

