Осиёда миллионлар жанги: «Пахтакор», «Нефтчи» ва «Насаф» қанча пул ишлайди?
«Пахтакор», «Нефтчи» ва «Насаф» клублари 2026/2027 йилги мавсумда Осиё клублар мусобақаларида юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқда

Осиёда миллионлар жанги: «Пахтакор», «Нефтчи» ва «Насаф» қанча пул ишлайди?
«Пахтакор», «Нефтчи» ва «Насаф» клублари 2026/2027-йилги мавсумда Осиё клублар мусобақаларида юртимиз номидан қатнашмоқда. «Пахтакор» ва «Нефтчи» ОФК Чемпионлар лигаси Элит (Элите) турнирида, «Насаф» эса ОФК Чемпионлар лигаси 2 мусобақасида иштирок этмоқда.
Жамоаларга турнирдаги қатнашуви, ҳар бир ғалабаси ва кейинги босқичларга чиқиши учун ОФК томонидан катта миқдорда мукофот пуллари берилади.
«Пахтакор» ва «Нефтчи» нуфузли Элит турнирнинг асосий (лига) босқичида қатнашгани учун кафолатланган 800 минг АҚШ долларини олади. Бундан ташқари, ушбу мусобақада ҳар бир ғалаба учун жамоалар қўшимча 100 минг доллар бонус ишлаб олиши мумкин. Клубларнинг жами даромади улар қайд этадиган натижалар ва ғалабалар сонига қараб ортиб боради.
Мусобақанинг плей-офф босқичида ҳам мукофот пуллари анча юқори. ОФК Чемпионлар лигаси Элит турнирида 1/8 финалга чиққан клубга 200 минг доллар, чорак финал иштирокчисига 400 минг доллар, ярим финалга йўл олган жамоага эса 600 минг доллар мукофот пули берилади.
Мусобақа ғолиби — турнир чемпиони 10 миллион долларлик бош совринни қўлга киритади. Финалда мағлуб бўлган жамоага 4 миллион доллар мукофот пули тўланади. Қисқаси, «Пахтакор» ва «Нефтчи» мусобақада қанчалик узоққа борса, шунчалик кўп даромад олади — бу маблағ бир неча миллион долларга етиши мумкин.
«Насаф» ОФК Чемпионлар лигаси 2 турнирини гуруҳ босқичидан бошлайди. Ушбу босқичда қатнашгани учун қаршиликларга кафолатланган 300 минг доллар мукофот пули ажратилади. Бундан ташқари, гуруҳдаги ҳар бир ғалаба учун 50 минг доллардан қўшимча бонус берилиши кўзда тутилган.
ОФК Чемпионлар лигаси 2 турнирининг плей-офф босқичида совринлар қуйидагича тақсимланади: 1/8 финалга чиққан клуб 80 минг доллар, чорак финалга йўл олган жамоа 160 минг доллар, ярим финал иштирокчиси эса 240 минг доллар мукофот олади.
Турнир ғолибига 2,5 миллион доллар, финалчига 1 миллион доллар мукофот пули берилади. Шундай қилиб, «Насаф» ҳам мусобақадаги муваффақиятли натижалари эвазига бошланғич 300 минг долларни бир неча миллион долларгача ошириш имкониятига эга.

