Навоийда Телеграм орқали наркосавдо билан шуғулланган йирик жиноий гуруҳ ушланди

Навоий вилоятида Телеграм мессенжери орқали гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланиб келган йирик жиноий гуруҳ фош этилди. Бу ҳақда Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.
Хабарга кўра, гиёҳванд моддаларни "закладка" усули билан мижозларга етказиб берувчи гуруҳ етакчилари қўлга олинган. Жиноят занжирининг қолган аъзоларини аниқлаш мақсадида уларнинг яшаш жойлари ва алоқа воситалари текширилган.
Ўтказилган махсус тадбирлар натижасида гуруҳнинг 2 нафар "омборчи"си, гиёҳванд моддаларни яшириб, локация орқали манзилини етказувчи 2 нафар "закладчик", 8 нафар наркокурьер ҳамда уларнинг 11 нафар мижози ҳибсга олинган.
Тадбир давомида 1 килограммга яқин гашиш моддаси ва истеъмол қилиш учун тайёрланган воситалар далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Вьетнам, Жанубий Корея, БАА ва Ҳиндистондан олиб ўтилган наркотиклар Тошкентга етиб келганида тўхтатилгани хабар қилинганди. Бошқа бир ҳолатда эса Наманган ва Тошкент вилоятларида қонунбузарлар жами 11,7 кг наркотик моддалар билан ушланган.

