Тошкентда Телеграм орқали наркотик сотган икки шахс ушланди
10 минг 700 дозага тенг гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди

Тошкентда Телеграм орқали гиёҳванд моддалар сотган икки шахс қўлга олинди.
Сўнгги пайтларда дунё бўйлаб синтетик гиёҳванд моддаларнинг тарқалиши ва интернет орқали наркотрафикнинг ташкил этилиши тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистонда ҳам бу таҳдидларга қарши мунтазам чоралар кўрилмоқда.
Жорий йилнинг 3-август куни ИИВ Тезкор қидирув департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамкорлигида Яшнобод ва Чилонзор туманларида тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди.
Тадбирлар давомида 1993-йилда туғилган шахс ва унинг жиноий шериги, 1992-йилда туғилган, аввал Жиноят кодексининг 228-моддаси 1 ва 2-қисмлари ҳамда 168-моддаси билан судланган шахс Яшнобод туманида гиёҳванд моддаларни яширин жойларга жойлаштириш, яъни "закладка" усули билан тарқатаётган вақтида ушланди.
Воқеа жойида уларга тегишли Нехиа-3 русумли автомашина кўздан кечирилганда, 20 грамм гашиш ёғи топилиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Терговга қадар аниқланган маълумотларга кўра, гумонланувчилар 2025-йилдан буён Телеграм платформасидаги наркотик дўконида омборчи сифатида фаолият юритиб, ҳар ойда қарийб 10 килограмм турли хил гиёҳванд моддаларни тарқатиб келган.
Тезкор тадбирлар давомида уларнинг яшаш манзиллари ҳам текширилди. Натижада 2 килограмм гашиш ёғи, марихуана ва гашиш, шунингдек, гиёҳванд моддаларни қадоқлаш ва тарқатиш учун мўлжалланган изолента ҳамда бошқа ашёлар топилди.
"Хавфсиз ва соғлом юрт" тезкор-профилактик тадбирлари доирасида ўтказилган ушбу тезкор тадбир натижасида жами 2 килограмм 170 грамм, яъни қарийб 10 минг 700 дозага тенг гиёҳванд моддалар ноқонуний муомаладан чиқариб олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан гиёҳванд моддаларни ноқонуний сотиш билан боғлиқ жиноий ҳаракат содир этган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни гиёҳванд моддалар билан боғлиқ шубҳали ҳолатлар ҳақида бефарқ бўлмасликка чақирмоқда. Бундай маълумотга эга бўлган фуқаролар "Стопнарко_бот" Телеграм боти ёки экранда кўрсатилган ишонч телефон рақамлари орқали хабар беришлари мумкин.

