Маҳаллий

Навоийда фирибгарлик учун 8 йилга қамалган хусусий корхона раҳбари яна судланди

Навоийда фирибгарлик учун 8 йилга қамалган хусусий корхона раҳбари яна суд олдига тортилди

Навоий вилоятида фирибгарлик жинояти учун 8 йилга озодликдан маҳрум этилган хусусий корхона раҳбари уч нафар жабрланувчига оид бошқа эпизод юзасидан яна судланди.

Аниқланишича, 2001-йилда туғилган М.О. ўзига тегишли хусусий корхонага раҳбарлик қилиб, фуқароларга пулларини трейдинг орқали кўпайтириб, даромад олишни ваъда қилган. Бироқ корхона уставида бундай фаолият тури назарда тутилмаган ва бунинг учун тегишли лицензия ҳам бўлмаган. Фуқаролардан жалб қилинган маблағлар эса шахсий эҳтиёжларга сарфлаб юборилган.

Жабрланувчилардан бири — B.Sh. 2023-йил ёзида М.О. ҳақида қўшнисидан эшитиб, Зарафшон шаҳридаги офисга борган. У ерда аёлга трейдинг орқали даромад топиш таклиф қилиниб, расмий шартнома тузилган. B.Sh. дастлаб 11 миллион сўм берган. Кўп ўтмай Телеграм гуруҳида бошқа фуқароларга пул тўланаётгани ҳақидаги хабарларни кўриб, яна 47 миллион сўм топширган. Бироқ белгиланган муддатда на даромад берилган, на асосий пул қайтарилган. Кейинчалик аёл офисга борганида бино ёпиқ бўлган, М.О. эса қўнғироқларга жавоб бермаган. Шундан сўнг у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.

М.O.ning алдовидан жабр кўрганлар орасида унинг қариндоши ҳам борлиги аниқланган. Жабрланувчи турли вақтларда унга жами 13,5 минг доллар берган. Ҳатто Навоий шаҳридаги бир хонали квартирани ҳам сотиб, ундан тушган 307 миллион сўмни пул М.O.ga берган. Суд ушбу ҳолат бўйича етказилган зарарни 465 миллион 841 минг сўм деб баҳолаган.

Учинчи жабрланувчи эса танишидан 5 минг доллар қарз олиб, унинг “бу фирибгарлик бўлиши мумкин” деган огоҳлантиришига қарамай, маблағни М.O.ga топширган ва эвазига корхона муҳри босилган шартнома олган. Суд ушбу қарз суммасини 58 миллион 830 минг сўм зарар сифатида белгилаган.

Мазкур уч нафар жабрланувчига етказилган жами моддий зарар миқдори 582 миллион 671 минг сўмни ташкил этган.

Маълум бўлишича, мазкур жиноят иши кўрилаётган пайтда М.О. бошқа жинояти учун қамоқда бўлган. Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг 2025-йил 22-апрелдаги ҳукми билан у фирибгарлик учун 8 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Ушбу суд муҳокамасида кўриб чиқилган ҳолатлар эса ўша ҳукмдан аввал содир этилган. Аввалги ҳукм бўйича жазонинг бир қисми қўшилиб, унга узил-кесил 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, суд М.O.dan уч нафар жабрланувчи фойдасига моддий зарар ундирилиши белгиланди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.