Дунё

НАСА Мадагаскардаги «Ой бўлаги»ни кўрсатди

НАСА Мадагаскар жанубидаги қарийб 100 квадрат километр майдонни эгаллаган Саририаки массивининг космосдан олинган суратини эълон қилди. У Ойнинг ёруғ тоғли ҳудудларини ташкил этувчи анортозит жинсидан иборат. Бироқ бу Ойдан тушган парча эмас - массив Ернинг ўзида ҳосил бўлган.

НАСА Мадагаскардаги «Ой бўлаги»ни намойиш этди

Тасвирда қўнғир жинслар орасида оч рангли, юмалоқ шаклдаги катта ҳудуд кўринади. Бу — анортозит жинсларининг ер юзасига чиқиб турган қисми.

Анортозит магматик тоғ жинси бўлиб, ер остидаги эриган модданинг совиши натижасида ҳосил бўлади ва йирик минерал кристалларини сақлаб қолади. Ойда ҳам айни шу турдаги жинслар бор: улар Ердан ҳатто телескопсиз ҳам кўриш мумкин бўлган ёруғ тоғли ҳудудларни ташкил этади.

Саририаки массиви янги топилма эмас. Геологлар уни янги орбитал суратлар олинмасидан анча олдин ўрганиб чиққан.

1998-йилда Люис Эшвал бощилигидаги тадқиқотчилар Саририаки ва унга қўшни Анкафотия массивларидаги анортозитларнинг кристалланиш ёшини тахминан 660 миллион йил деб ҳисоблаган. Ҳисоб-китобдаги хатолик чегараси 60 миллион йилни ташкил этган.

Олимлар бунинг учун жинслар ва алоҳида минераллардаги самарий ҳамда неодим изотоплари нисбатидан фойдаланган. Таҳлилларга кўра, жинсларни ҳосил қилган дастлабки эриган модда Ер мантиясидан келиб чиққан.

Кейинчалик бу жинслар юқори ҳарорат ва босим таъсирида кучли ўзгаришларга учраган. Тадқиқотчилар бу жараённи тахминан 630–550 миллион йил аввал Гондвананинг шарқий ва ғарбий қисмлари бирлашиши билан боғлаган. Ушбу суперконтинент таркибига ҳозирги Африка, Ҳиндистон, Мадагаскар, Австралия ва Антарктида ҳудудлари кирган.

Массив атрофидаги чўзилган жинс қатламларида қадимги деформация излари ҳам кузатилади. 2000-йилдаги тадқиқотда олимлар бу ҳудуддаги ўзгаришларнинг икки босқичини — тахминан 590–530 ва 530–500 миллион йил аввалги даврларни ажратган.

Ойдаги анортозитлар эса Мадагаскардагидан анча қадимий: уларнинг ёши тўрт миллиард йилдан ошади. Ойнинг дастлабки магма океани моделига кўра, енгил плагиоклаз кристаллари эриган модда юзасига кўтарилиб тўпланган ва ташқи қобиқни шакллантирган. Оғирроқ минераллар эса чуқурроққа чўккан.

«Аполлон» дастури иштирокчилари шундай қадимий жинс намуналарини Ерга олиб келган. Улардан бири — «Аполлон-15» астронавтлари 1971-йил 1-августда топган, «Ибтидо тоши» номи билан танилган 15415-рақамли намуна. Унинг ёши тахминан тўрт миллиард йил деб баҳоланган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.