Нарендра Моди Ўзбекистоннинг “Олий даражали дўстлик” ордени билан тақдирланди
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Ўзбекистоннинг ъОлий даражали дўстликъ ордени билан тақдирланди. Мукофот унга Ўзбекистон ва Ҳиндистон халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун берилди.

Нарендра Моди Ўзбекистоннинг "Олий даражали дўстлик" ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Кўксарой қароргоҳида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модига Ўзбекистон Республикасининг "Олий даражали дўстлик" ордени топширилди. Мукофотни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон бош вазирининг икки халқ ўртасидаги азалий дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун топширди.
Маросимда Ҳиндистоннинг сўнгги йиллардаги жадал тараққиёти ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётгани қайд этилди. Бу жараён мамлакат раҳбарининг самарали фаолияти ҳамда амалга оширилаётган дастур ва стратегиялар билан боғлиқ экани таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев ушбу мукофот Ҳиндистон бош вазирининг Ўзбекистон ва Ҳиндистон халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантиришдаги хизматларига Ўзбекистон халқи ва давлатининг юксак эҳтироми ифодаси эканини билдирди.
Нарендра Модининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ўтказилган музокаралар натижасида икки давлат ўртасидаги муносабатларни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтаришга келишилган. Томонлар сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалаларини муҳокама қилди.
Президент Мирзиёев "Олий даражали дўстлик" ордени Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришига ишонч билдирди. "Умумий интилиш ва ҳаракатларимиз билан кўп қиррали ва узоқ муддатли алоқаларимиз келгусида ҳам жадал ривожланиб боришига аминман", — деди давлат раҳбари.

