Маҳаллий

Наманганда 5,2 млрд сўмлик дори воситалари сақланаётган бешта яширин омбор аниқланди

Наманганда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тегишли сифат сертификатларига эга бўлмаган дори воситалари сақланаётган бешта яширин омборни аниқлади. Умумий қиймати қарийб 5,2 млрд сўмлик 287 номдаги 46 мингдан ортиқ препарат мусодара қилинди.

Наманганда 5,2 млрд сўмлик дори-дармонлар сақланаётган бешта яширин омбор аниқланди

Наманганда кейинчалик сотиш мақсадида дори воситаларини ноқонуний сақлашда гумонланаётган бир гуруҳ шахслар фаолиятига чек қўйилди.

Тезкор тадбир ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси томонидан вилоят божхона ва ички ишлар бошқармалари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилди.

Идора маълумотларига кўра, Наманган шаҳрида яшовчи 2002, 1997 ва 1987 йилларда туғилган уч нафар фуқаро олдиндан тил бириктириб, бешта аҳоли хонадонида яширин омборлар ташкил этган.

Ушбу хонадонларда тегишли сифат сертификатларига эга бўлмаган йирик туркумдаги дори воситалари сақлаб келинган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқланишича, препаратлар хорижда ишлаб чиқарилган ва кейинчалик сотиш учун Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирилган.

Текширув давомида 287 номдаги, жумладан «Эринит», «Гемаза» ва «Фенотропил» каби 46 865 дона дори препарати аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.

Мусодара қилинган дори-дармонларнинг дастлабки қиймати 5,2 млрд сўмга баҳоланмоқда.

Барча препаратлар процессуал тартибда олинган. Аниқланган маҳсулотлар бўйича суд-кимёвий ва товаршунослик экспертизалари тайинланди.

Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Унинг якунлари бўйича процессуал қарор қабул қилинади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.