Маҳаллий

“Мурожаат қилмаган идорам қолмади, аммо натижа йўқ”. ИИВ раҳбари қабулига келганлар нималардан шикоятчи?

Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов Тошкентда фуқаролар қабулини ўтказди. Унда жами 481 та мурожаат рўйхатга олиниб, 49 фоизи жараённинг ўзида ижобий ҳал этилди. Газета мухбири суҳбатлашган одамларнинг кўпчилиги тергов жараёни ва терговчилар фаолиятидан норози эканини айтмоқда. Репортаж.

“Мурожаат қилмаган идорам қолмади, аммо натижа йўқ”. ИИВ раҳбари қабулига келганлар нималардан шикоят қилди?

Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов 31-октабр куни фуқаролар учун 17-шахсий қабулни ўтказди. Ҳар ойнинг охирги якшанбасида бўлиб ўтадиган қабул бу гал шанба куни ташкил этилди. Мурожаатлар одатдаги манзил — ИИВ ҳузуридаги ЖАР спорт-соғломлаштириш мажмуасида тингланди. Соат 10:00 да бошланган шахсий қабул 23:00 гача давом этди.

Вазир ва, умуман, вазирлик бу мурожаатларга қандай ечим таклиф қилгани бизга маълум эмаслиги сабабли, қуйида фақат фуқароларнинг ўз сўзлари келтирилади.

ИИВ ахборот хизматига кўра, ўша куни қабулда вазир ўринбосарлари, соҳавий хизматлар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлар иштирок этиб, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган турли йўналишдаги мурожаатларни тинглади. Қабулда жами 481 та мурожаат рўйхатга олиниб, 236 таси ёки 49 фоизи жараённинг ўзида ижобий ҳал қилинди. Қўшимча ўрганиш ва суриштирув талаб қилган қолган 245 та мурожаат ижроси қатъий назоратга олиниб, тегишли соҳавий хизматларга йўналтирилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ички ишлар органлари раҳбарлари ўтказган қабулларда жами 199 та мурожаат кўриб чиқилди. Уларнинг 74 таси ёки 37 фоизи жойида ҳал этилган бўлса, қолган 125 та мурожаат бўйича қўшимча текширув ўтказиш ва ҳуқуқий ечим ишлаб чиқиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Апрел ойида ҳовлимнинг томини тўлиқ реконструксия қилиш учун усталар билан келишдим. Улар ишни 20 кунда тугатишини айтиб, 85 миллион сўм сўрашди. 16−30-апрел кунлари уларга материаллар олиш учун жами 82 миллион 700 минг сўм бердим. Пулнинг бир қисмини картага, қолганини нақд ўтказдим. Маблағ берилганини тасдиқловчи видеолар ва тилхатлар ҳам менда бор.

Аммо келишилган муддат ўца ҳам, усталар ишни бошламади. Андижонлик Козим ва Диёр исмли усталар турли баҳоналар билан вақтни чўзишди. Бир ярим ой давомида улардан ишни бошлашни сўрадим. Натижа бўлмагач, 12-июл куни 102 хизматига мурожаат қилдим. 18-июл куни эса Козим телефон орқали мени ҳақорат қилиб, ўлдириш билан таҳдид қилди. Бу ҳолат бўйича ҳам ички ишлар органларига хабар бердим.

Кейин улар бир нечта материал олиб келиб, мардикор жалб қилишди. Бир ойга яқин уларнинг харажатларини ҳам ўз ҳисобимдан қопладим. Аммо ищиларга ҳақ тўланмагани сабабли улар ҳам ишни ташлаб кетишди.

Муаммони ҳал қилиш учун Олмазор тумани прокуратурасига бир неча бор мурожаат қилдим. Ҳозир иш туман ИИБ терговида. Адвокатим билан бирга борганимда Козим ва Диёр билан юзлаштирув ўтказилди. Улар ишни бажаришга яна ваъда беришди, бироқ ваъдаларини бажармади. Тергов жараёнининг чўзилаётгани, терговчи билан боғланиш қийинлиги сабабли ИИВ Тергов департаментига ҳам мурожаат қилдим. Аммо ҳозиргача натижа йўқ.

Усталарга ишониб, уйимнинг томини тўлиқ очиб қўйгандим. Ҳозир унинг тахминан 180 квадрат метр қисми авария ҳолатида, усти плёнка билан ёпилган. Тўрт нафар фарзандим ва турмуш ўртоғим билан шундай шароитда яшаяпмиз. Орадан етти ой ўтди, аммо на пулим қайтарилди, на таъмирлаш ишлари якунланди.

Бугун вазир қабулига терговни тезлаштириш, берган пулимни ундириш ва муаммони ҳал қилишда ёрдам сўраб келдим. Кеча қабулга ёзилиб, 75-рақамли талон олгандим. Ҳозир навбатимни кутяпман.

Туман марказидаги отамдан қолган маиший хизмат кўрсатиш дўкони тақдири бўйича ёрдам сўраб келдим. Бино 2013-йилда ўзимиз яшайдиган ҳовлининг олд қисмида қурилган. Умумий майдони 110 квадрат метр бўлиб, тўртта хонадан иборат.

Отам 2020-йилда вафот этганидан кейин ҳам 2025-йилгача дўкондан фойдаланиб келдик. Барча солиқ ва тўловларни ўз вақтида тўладик. Бироқ 2025-йилда мулк бизнинг хабаримизсиз олди-сотди қилингани ва бошқа шахс номига расмийлаштирилганини билдик.

Ҳужжатларни текширтирганимизда, олди-сотди шартномасидаги имзолар қалбаки экани экспертиза хулосаси билан тасдиқланди. Бундан ташқари, оилавий низо сабабли аввалроқ бино тақиққа олинган бўлган. Шунга қарамай, мулк бир неча бор бошқа шахслар номига ўтказилиб, сотилган. Ҳозир эса ўзимиз қурган ва йиллар давомида фойдаланган бинодан чиқариш мақсадида бизни судга беришди.

Бу масала юзасидан ички ишлар органлари, прокуратура, ҳокимлик, омбудсман ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга мурожаат қилдим. Аммо ҳозиргача натижа бўлмади. Айрим идоралар ҳолатни фуқаролар ўртасидаги мулкий низо сифатида баҳоламоқда. Ваҳоланки, олди-сотди ҳужжатларидаги имзолар қалбаки экани бўйича экспертиза хулосаси бор.

Ҳозир жиноят иши ҳам тугатилган. Шу сабабли отамдан қолган мулкка нисбатан ворислик ҳуқуқимни ҳам амалга оширолмаяпман. Адвокат ёллаб, ҳуқуқий йўл билан муаммони ҳал қилишга уриндим, аммо натижа бўлмади.

Кеча рўйхатдан ўтиб, 77-навбат рақамини олдим. Асосий мақсадим — аввал тугатилган жиноят ишини қайта кўриб чиқиш, мулкнинг қалбаки ҳужжатлар асосида бошқа шахслар номига ўтказилганини атрофлича тергов қилиш ва қонуний баҳо беришларига эришиш. Энг муҳими, отамдан қолган мулкка бўлган ҳуқуқларимизни тиклашни сўрамоқчиман.

Носиржон Бобохўжаев, Наманган шаҳри

18-июн куни аёл танишим билан бирга Тошкентга отамга сюрприз қилиш учун Эқуинох автомобили сотиб олишга келгандик. Машина хариди учун анча вақтдан бери пул йиғиб юргандим. Пойтахтга келгач, танишим меҳмонхона олдидаги автотураргоҳдан машинамни олиб қочиб кетди. Унинг салонидаги қора барсеткамда 20 минг доллар ва 74 миллион 200 минг сўм пул бор эди. Аёл автомобилни Яккасаройдаги тўйхона олдида ташлаб кетди.

Соат 10:30 ларда 102 хизматига қўнғироқ қилдим. Ички ишлар ходимлари ўша куни соат 19:00 ларда аёлни ушлаб келишди. Унинг ёнидан 5800 доллар топилиб, терговчиларга топширилди. Аёлни икки сутка ушлаб туриб, қўйиб юборишди. Қолган маблағни суд орқали ундиришим мумкинлигини айтишди.

Орадан уч ой ўтиб, терговчи топилган 5800 долларни қайтарди. Бироқ қолган пулларим ҳануз қайтарилмади. Воқеа жойидаги кузатув камераларига машинамнинг олиб кетилиши ва аёлнинг барсеткани кўтариб чиқиб кетгани ҳам тушган. Бу видеолар ва бошқа далиллар терговда мавжуд. Шунга қарамай, тўрт ойдан бери тергов ҳаракатларида сезиларли натижа йўқ, иш судга ҳам оширилмаган.

Эътирозим шундаки, ҳолатни ўғрилик сифатида кўриб чиқиш ўрнига, ишни Жиноят кодексининг 83-моддаси (Реабилитация учун асослар) бўйича тугатишга уринишди. Ҳолбуки, машинам ва пулларим олиб қочилганини тасдиқловчи далиллар бор.

Бир ой олдин ҳам вазир қабулига келиб, ўринбосарига ариза қолдиргандим. Аммо шундан кейин на мен билан боғланишди, на ёзма жавоб беришди. Терговчи иш суд ва прокуратурага оширилганини айтган бўлса-да, ҳозиргача бирор натижа йўқ.

Бу иш бўйича адвокатга ҳам мурожаат қилдим. Хизматлари учун 12 миллион сўмга келишиб, олдиндан 6 миллион сўм бердим. Кейин адвокатнинг терговчи билан курсдош эканини билиб, ҳамкорликни тўхтатдим. Берган пулим ҳам қайтарилмади, ишимда ҳам натижа бўлмади.

Бугун вазир қабулига иккинчи марта келдим. Бу сафар мурожаатимни вазирнинг шахсан ўзига етказиб, ишимни назоратига олишини, терговнинг холис ва қонуний ўтказилишини сўрамоқчиман. Асосий мақсадим — ўғирланган пулларимни қайтариш ва ишимга адолатли ечим топиш.

Дилноза Аҳмедова, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани

Уйимни ижарага бергандим. Ижарачи буюмларимни олиб чиқиб кетаётганида етиб бордим. Шунда у аввал бошимни ёриб, ўлдириш билан таҳдид қилди, кейин кўздан ёш оқизувчи баллончадан сепди. Натижада жароҳат олдим.

Ҳолат юзасидан ички ишлар органларига мурожаат қилдим. Бироқ ишни кўриб чиқаётган профилактика инспектори зарур текширувларни ўз вақтида ўтказмади. Хусусан, бир ойдан ортиқ вақт давомида экспертиза тайинланмади. Оқибатда жароҳатларимнинг белгилари йўқолиб, экспертиза хулосасида тан жароҳати аломатлари аниқланмагани қайд этилди. Инспекторнинг сусткашлиги сабабли ҳодисага ўз вақтида ҳуқуқий баҳо берилмади.

Орадан икки ой ўца ҳам, иш терговга оширилмади. Шу сабабли профилактика инспектори устидан шикоят қилиб, ҳолатни тўлиқ ўрганиш ва жиноят аломатлари бор-йўқлигига ҳуқуқий баҳо беришни сўраб келдим.

Бугун ички ишлар вазири ўринбосари Тимур Исмаилов қабулида бўлдим. Мурожаатим кўриб чиқилиб, профилактика инспекторига нисбатан хизмат текшируви ўтказилиши, шунингдек, ҳодиса ва жиноят иши бўйича тегишли ўрганишлар олиб борилиши айтилди. Мурожаатим эшитилганидан мамнунман.

“Тараққиёт” хусусий корхонаси юристиман. Корхонамиз 2023−2024-йилларда Фарғона шаҳридаги “Эко шаҳар” ҳудудида қурилиш ишларини бажарган. Хусусан, ички йўлларни асфалтлаш, шағал ва қум ётқизиш, ер ишлари билан шуғулланганмиз. Жами 12 минг квадрат метр майдонда бажарилган ишлар қиймати 6 миллиард 52 миллион сўмни ташкил этган.

Биз обьектда субпудратчи сифатида ишлаганмиз. Дастлаб “Муҳаммад Файз” МЧЖ билан 6 миллиард 750 миллион сўмлик шартнома тузиб, ишларни бажардик. Кейинчалик эса бош пудратчи ташкилот билан тегишли шартнома мавжуд эмаслигини билдик. Натижада бажарган ишларимиз учун тўланиши керак бўлган 6 миллиард 52 миллион сўмни икки йилдан бери ололмаяпмиз.

Маблағни ундириш учун “Муҳаммад Файз” МЧЖ устидан судга мурожаат қилдик. Биринчи инстансия 752 миллион сўм, апелляция инстансияси эса корхонамиз фойдасига 6 миллиард 9 миллион сўм ундириш ҳақида қарор чиқарди. Бироқ тафтиш инстансияси бу суммани 538 миллион сўмга туширди. 20-октабр куни ҳам ушбу қарор ўзгаришсиз қолдирилди. Бу сумма амалда бажарилган ишлар ҳажми ва қийматига мос келмайди.

Масаланинг яна бир жиҳати шундаки, обьектда ишлаган давримизда Фарғона туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси ва “Муҳаммад Файз” МЧЖ ўртасида шартнома бор деб ҳисоблаганмиз. Кейинчалик бундай шартнома мавжуд эмаслигини аниқладик. Шу билан бирга, давлат муассасаси бажарилган ишларни ягона буюртмачи хизматига топшириб, давлатдан улар учун маблағ олган. Ҳолбуки, ушбу қурилиш ишларини амалда бизнинг корхона бажарган.

Икки йилдан бери турли идораларга мурожаат қилиб келяпмиз. Аммо бажарилган ишлар давлатга қайси ҳужжатлар асосида топширилгани, маблағ кимнинг номидан расмийлаштирилгани ва пуллар қаерга йўналтирилгани тўлиқ ўрганилмаяпти. Суд ҳам хусусий ажрим чиқарган, бироқ ички ишлар органлари ва прокуратура томонидан биз кўтарган ҳолат юзасидан холис текширув ўтказилмаяпти.

Бугун ички ишлар вазири қабулига биринчи марта келдим. Эрталаб соат 06:00 ларда келиб, 184-навбат рақамини олдик. Асосий мақсадимиз — бажарган ишларимиз учун тўланиши керак бўлган 6 миллиард 52 миллион сўм маблағнинг тақдирини аниқлаш. Муассаса давлатдан пулни қайси ҳужжатлар асосида олгани, ишлар кимнинг номидан ҳисобга киритилгани ва ҳужжатларни расмийлаштиришда қонунбузилишларга йўл қўйилган-қўйилмаганини атрофлича текширишларини сўраймиз.

2-август куни шу бинонинг ўзида вазир қабулига келганимда сизга интервю бергандим. Ўшанда оилавий тадбиркорлик билан шуғулланишимизни, молиявий қийинчиликлар сабаб банкдан олган кредитимиз тўловлари кечиккан бўлса-да, қарзни узиб бораётганимизни таъкидлаган эдим. Шунингдек, Гулистон шаҳри ИИБ терговчиларидан бири турмуш ўртоғимни чақириб, “466 миллион сўмни депозитга қўймасанг, ўзингни ҳам, хотинингни ҳам қамаймиз” деб таҳдид қилганини айтгандим.

Ўша куни вазир ўринбосари Рамазон Ашрапов қабулига кирдим. Унга банкдан кредит олганимни, унинг 282,5 млн сўмини қайтарганимни, ҳеч кимдан 27 минг доллар қарз олмаганимни ва бировнинг мулкини ўзлаштирмаганимни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этдим. Шундан кейин терговчи алмашди. Бироқ Шерзод исмли янги терговчи яна 27 минг долларни менинг зиммамга юклашга уринди. У мени якшанба ва байрамда — 31-август, 1-сентабр ҳамда 1-октабр кунлари ҳам терговга чақирди. Адвокатим бундай кунлари терговга боришга мажбур эмаслигимизни айтганида, терговчи ҳимоячимни алмаштиришимни талаб қилди. Терговга бормаганим учун қидирув эълон қилиш билан ҳам таҳдид қилди.

Қўлимда кредитни тўлаганим ҳақида квитансиялар бўлса-да, Гулистон шаҳри прокуратураси қарзни қайтармаганим ҳақида хатлар юборяпти. Терговчилар ходимларимдан мен ҳақимда турли маълумотлар тўплаб, улар билан менга нисбатан салбий фикрлар билдириш орқали босим ўтказмоқда.

Шу сабабли терговни бошқа вилоятга ўтказиб беришларини сўраб, яна қабулга келдим. Чунки тергов ҳаракатлари холис олиб борилмаяпти, 27 минг долларни зиммамга юклаш учун турли ҳаракатлар қилинмоқда. Маҳаллий прокуратура ходимларига ҳам ишончим қолмади.

Вилоятга қайтганимда эса маҳаллий раҳбарлар вазир ёки унинг ўринбосарлари қабулига кирмаслигимни, масалани ўзлари ҳал қилишларини айтиб, ваъда беришади. Аммо кейинчалик на қабул қилишади, на берган ваъдаларини бажаришади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.