ИИВ йиғилиши: олти мансабдор ишдан олинди
Ўнга яқин ИИБ раҳбари эса тегишли тартибда рағбатлантирилади.

ИИВ Ҳайъат йиғилиши: олти мансабдор ишдан бўшатилди
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов раислигида ўтказилган Ҳайъат йиғилишида 2026-йилнинг дастлабки олти ойида Республика ҳудудидаги криминоген вазият, хусусан, оғир ва ўта оғир жиноятлар муҳокама қилинди.
Жорий йилда жами 125 387 та сиёсий, маданий, спорт ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказилиб, уларда 70 миллиондан ортиқ фуқаронинг хавфсизлиги таъминланди. Ҳисобот даврида 5 778 та (64 фоиз) маҳаллада жиноят содир этилишининг олди олинди.
Шу билан бирга, 476 та маҳалла "қизил" тоифада қолаётгани қаттиқ танқид қилинди.
Суд ва тергов органларидан яшириниб юрган 5 010 нафар қидирувдаги шахс қўлга олиниб, уларнинг кейинги жиноий фаолиятига чек қўйилди. Яшаш жойидан чиқиб кетган ва бедарак йўқолган 2 616 нафар шахс қисқа муддатда топилиб, хавфли вазиятларнинг олди олинди ва улар оилалари бағрига қайтарилди.
Ўтган олти ой давомида республика ҳудудидаги криминоген вазиятни барқарорлаштиришда жиддий камчиликларга йўл қўйганлиги сабабли 6 нафар шаҳар ва туман ички ишлар органлари бошлиқлари, уларнинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича 2 нафар ўринбосари ҳамда 2 нафар вилоят ички ишлар бошқармаларининг масъул раҳбари лавозимидан озод этилди. Шунингдек, 7 нафар раҳбар қаттиқ интизомий жазога тортилди, 3 нафар раҳбарнинг лавозимида қолиш ёки қолмаслик масаласини кўриб чиқиш бўйича Ҳайъат қарори қабул қилинди.
Рейтинг натижаларига кўра, олдини олиш мумкин бўлган жиноятларни содир этилишига йўл қўймаган ва жиноятларни аниқлашда ташаббус кўрсатиб, энг яхши натижаларга эришган Тошкент вилояти (биринчи ўрин), Самарқанд вилояти (иккинчи ўрин) ва Фарғона вилояти (учинчи ўрин) ички ишлар бошқармалари раҳбарларини рағбатлантириш бўйича таклифлар киритилди. Шунингдек, Навоий вилоятининг Кармана, Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон, Фарғона вилоятининг Қува, Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Наманган вилоятининг Наманган, Бухоро вилоятининг Жондор, Тошкент вилоятининг Пискент ҳамда Жиззах вилоятининг Янгиобод туманлари ИИБ раҳбарларини ҳам рағбатлантириш таклиф этилди.

