Терговдан эътироз, фирибгарлик, йўқолган фарзанд. Фуқаролар ИИВ раҳбари қабулига қандай муаммо билан келяпти?
Бир йилдан буён ҳар ой фуқаролар мурожаатини тинглаётган ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов 2-август куни 16-шахсий қабулини ўтказди. ъЖАРъ спорт мажмуасида бўлиб ўтган қабулда турли йўналишларга оид 500 дан зиёд масала рўйхатга олинди. Газета аҳолининг баъзилари билан суҳбатлашди. Репортаж.

Терговдан норозилик, фирибгарлик, йўқолган фарзанд: Фуқаролар ИИВ раҳбари қабулига қандай муаммолар билан келмоқда?
2025-йил март ойида ички ишлар вазири этиб тайинланган Азиз Тошпўлатов 2-август куни фуқаролар учун 16-шахсий қабулини ўтказди. Ҳар ойнинг сўнгги якшанбасида аҳоли мурожаатларини тинглайдиган генерал-лейтенант бу сафар ҳам ИИВ ҳузуридаги “ЖАР” спорт-соғломлаштириш мажмуасида фуқаролар билан учрашди. Соат 10:00 да бошланган шахсий қабул кечки 23:00 гача давом этди.
Газета мухбири соат 10:00 дан 13:00 гача ушбу тадбирда бўлиб, фуқароларнинг вазир қабулига қандай муаммолар билан келаётганига қизиқди ва уларнинг айримлари билан суҳбатлашди. Вазир ва умуман вазирлик ушбу мурожаатларга қандай ечим таклиф қилгани номаълум бўлганлиги сабабли, қуйида фақат аҳолининг сўзлари келтирилади.
ИИВ ахборот хизматининг маълумотига кўра, шу куни қабулларда вазир ўринбосарлари, соҳавий хизматлар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлар иштирок этиб, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган турли йўналишдаги мурожаатларни тингладилар. Қабулда жами 526 та мурожаат рўйхатга олиниб, уларнинг 320 таси ёки 61 фоизи жараённинг ўзида ижобий ҳал этилди. Қолган 206 та мурожаат қўшимча ўрганиш учун назоратга олинди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ички ишлар органлари раҳбарлари томонидан ташкил этилган қабулларда жами 440 та мурожаат қабул қилиниб, шундан 211 таси ёки 48 фоизи жойида ҳал этилди.
**Гулноза Рашидова, Самарқанд вилояти Паяриқ тумани:**
"Давлат-хусусий шерикчилик асосида 100 ўринли боғча қурганман. Барча ҳужжатларимиз ва лицензияларимиз мавжуд. Дастлаб ўз маблағимиз ҳисобидан бинонинг биринчи қаватини қурдик, кейин президент қарори асосида 0,5 фоизли имтиёзли кредит олиб, иккинчи қаватни якунладик. Қурилишни 2021-йилда бошлаб, 2023-йилда боғчани очдик.
Иш бошлаганимизда 16 нафар ходимимиз ва 90 нафардан ортиқ тарбияланувчимиз бор эди. Шунингдек, эҳтиёжманд ва ёлғиз аёллар учун тикув сехи, ёшлар ва болалар учун ўқув маркази ҳам ташкил қилганмиз. Аммо турли босимлар сабаб ишимиз орқага кетди ва боғчани ёпишга мажбур бўлдик. Бино бир ярим йилдан бери ёпиқ. Шу вақт ичида банкдан олган кредитимиз пенялари билан 1 миллиард 805 миллион сўмга етди.
Энг оғир масала – биз судда қатнашмаган, хабардор қилинмаган ҳолда биномизга эшикларни бузиб киришгани. Бунинг видеолари ва бошқа далиллар ҳам бор. “Микрокредитбанк” Паяриқ тумани филиалининг беш нафар ходими ўзбошимчалик билан бино эшик ва деразаларини бузиб кирди, таҳдидлар қилди.
Икки қаватдан иборат 20 сотихли бино давлат экспертизасида 4 миллиард сўмдан ортиқ баҳоланган. Аммо банк уни қарийб 1 миллиард 400 миллион сўмга сотишга ҳаракат қилаётганини билдик. Бу ҳақда бизга расман хабар берилмаган.
Ушбу масала бўйича илгари Бош прокуратура, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Сенатга ҳам мурожаат қилганман. Аммо ижобий натижа йўқ. Бугун эса ички ишлар вазири қабулига биринчи марта келдим. Эрталаб соат 6:00 дан бери ичкарига киришни кутяпман, навбатим 276-ўрин."
**Жаҳонбек Алимов, Хоразм вилояти Шовот тумани:**
"Чет элда хизмат сафарида юрганимда иш бошқарувчим Тошкентдаги уйимизни ота-онамга босим қилиш орқали расмийлаштириб олган. Уларнинг кексалигидан фойдаланиб, “ўғлингизни қаматамиз, қарзи бор”, деб қўрқитган. Шунингдек, компания маблағларидан 719 миллион сўмни шахсий мақсадларига ишлатган, яна 108 миллион сўмни қалбаки ишончнома орқали фирма ҳисобидан чиқариб юборган.
Бу фирибгарлик ҳолатлари бир ярим йилдан бери Яккасарой тумани ИИБда тергов қилинмоқда, аммо ҳалигача натижа йўқ. Аслида мазкур ҳолатлар бўйича бир нечта модда билан жиноят иши қўзғатилиши керак эди. Лекин фақат фирибгарлик моддаси билан битта иш очилган, холос. Қолаверса, тергов жараёнлари ҳам чўзиляпти.
Терговни бошқа туманга ўтказишни кўп марта сўрадик, бироқ барча мурожаатлар яна ўша терговчининг ўзига қайтариляпти. Биз тақдим этган электрон имзо, қалбаки ишончнома ва бошқа далилларга ҳам бир йилдан бери ҳуқуқий баҳо берилмаяпти. Мен фақат адолат тикланишини, уйимиз ва пулларимиз қайтарилишини, айбдорлар қонун олдида жавоб беришини хоҳлайман.
Ушбу масалада Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва ДХХга кўп марта мурожаат қилдик, аммо натижа бўлмади. ИИВ раҳбари қабулига адолат топиш умидида келдим. Кечаси соат 22:00 дан буён навбат кутяпман, 143-ўриндаман."
**Наргиза Малабоева, Гулистон тумани:**
"Оилавий тадбиркорлик билан шуғулланамиз. Олган кредитимни аввал вақтида тўладим, кейин молиявий қийинчилик туфайли кечиктирдим. Лекин ҳозир ҳам қарзни узиб боряпман. Бу иш тўрт марта текширилиб, жиноят аломати йўқлиги учун ёпилган. Аммо ўтган ҳафта Гулистон шаҳар ИИБдаги терговчилардан бири турмуш ўртоғимни чақириб, “466 миллион сўмни депозитга қўймасанг, ўзингни ҳам, хотинингни ҳам қамаймиз”, деб таҳдид қилди.
Кредитим 373 миллион 200 минг сўм эди. Унинг 160 миллион сўмини банкка тўлаганмиз. 158 миллион сўм мулк эгасининг қўлига топширганмиз, дўконини таъмирлаганмиз ва дўконни гаровдан чиқариб берганмиз ҳам. Бу бўйича тилхатлар ва бошқа далилларимиз бор. Лекин ҳозир терговчи бу тўловларни инобатга олмаяпти ва яна давлатга шу маблағни қайта тўлашни талаб қиляпти. Агар шундай бўлса, битта кредит учун икки марта тўлов қилишга мажбур бўламиз. “Абу Саҳий”да ҳам фаолият юритамиз, қўлимизда 168 нафар одам ишлайди. Турмуш ўртоғим қамаладиган бўлса, бизнесимиз тўхтаб қолади, бошқа кредитларимизни ҳам тўлай олмаймиз.
Менинг даъвом шундаки, тергов бир томон манфаатини ҳимоя қиляпти. Биз давлат олдидаги қарзимизни тўлашга тайёрмиз, аммо биз тўлаган маблағлар ҳисобга олинсин ва босим тўхтатилсин. Шу масалада адолат сўраб ички ишлар вазирининг қабулига келдим. Тунги соат 22:00 да келиб, 376-ўринда навбатга ёзилдим. Вазир қабулига киришни кутиб ўтирибман."
**Сардор Искандаров, Термиз шаҳри:**
"Шу йилнинг 26-апрел куни оиламиз билан Сангардак шаршарасига дам олишга бордик. Бир соатлардан кейин тенгдошлари билан ўйнаётган икки ёшли ўғлим Зубайр бедарак йўқолди. Ўша кундан буён ундан ҳеч қандай дарак йўқ. Мен бошиданоқ фарзандим сувга оқиб кетганига ишонмаганман. Уни ўғирлаб кетишган, деб ҳисоблайман. Чунки ҳодиса содир бўлган вақтда Сангардакдаги асосий йўлга ўрнатилган кузатув камераларининг ёзувлари йўқ. Бунинг сабаби ҳақида турли изоҳлар берилди: бир сафар кабел кесилгани айтилди, бошқа сафар эса электр кучланиши туфайли камералар ишдан чиққан, дейишди.
Уч ой давомида тергов ҳақида бизга деярли ҳеч қандай маълумот берилмади. Прокуратура ва Ички ишлар органларига бир неча марта мурожаат қилдик. Кейин иш оддий бедарак йўқолиш сифатида қолдирилди. Шундан сўнг Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиб, ишни қайта кўриб чиқишни сўрадик. Ўғлимни излаш учун қидирув эълонларини ўзим кўчаларга илиб чиқдим, ижтимоий тармоқлар ва телевидениеда тарқатдим. Аммо эълонлар эртаси куни олиб ташланди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги икки ой давомида сув ҳавзаларини тўлиқ текширгани ва ўғлимга тегишли ҳеч қандай из топилмагани ҳақида хулоса берди. Шундан кейин сувдаги қидирув ишлари тўхтатилди. Биз эса қидирувни қуруқликда давом эттиришни ва ишни эҳтимолий жиноят сифатида ҳам текширишни сўраб келяпмиз.
Ички ишлар вазирининг қабулига келишимиздан мақсад битта – қидирувни кучайтириш ва боламизни топиш. Ўзбекистон фуқароси бўлган икки ёшли боланинг тақдири очиқ қолмаслигини, барча имкониятлар ишга солинишини истаймиз.
Вазир қабули ҳақидаги эълонни эшитишимиз билан 31-июл куни соат 13:30 да Сурхондарёдан йўлга чиқиб, кечаси тахминан соат 02:30 да Тошкентга етиб келдик. Шу вақтдан бери навбат кутяпмиз. Навбатимиз – 85. Аммо қабул жуда секин кетяпти, шу боис одамлар ўртасида ҳам норозилик юзага келмоқда."

