Маҳаллий

Тошкентда ўзи ишлаган фирмадан 1 млрд сўмдан ортиқ пул ўғирлаган ИТ мутахассиси ушланди

Тошкентда ўзи ишлайдиган фирмадан 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирган ИТ мутахассиси қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати хабар берди.

Миробод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига пойтахтдаги фирмалардан бирининг ҳисоб рақамидан катта миқдордаги пул ўғирлангани ҳақида ариза келиб тушган. Туман киберхавфсизлик бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган, шу фирмада ИТ мутахассиси бўлиб ишлаган йигит ушланган.

Тергов давомида Шоҳруз исмли фуқаро фирибгарлик йўли билан фирма ҳисоб рақамидан жами 1 миллиард 43 миллион 108 минг сўм пулни ўғирлаб, ўзи очган махсус ҳисоб рақамига ўтказгани аниқланган.

Гумонланувчи ўз айбини тан олиб, шундай деган: "Мен ишлаган фирмамдан пулларни ўғирладим ва махсус тайёрланган ҳисоб рақамига ўтказдим. Айбимни тан оламан, мени кечиришларингизни сўрайман. Ҳозир пуллар бошқа ҳисоб рақамида турибди, яқин вақт ичида барчасини қайтаришга ваъда бераман".

Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ фуқароларни киберфирибгарлардан, хусусан, Телеграм орқали келадиган шубҳали фишинг ҳаволаларига кирмасликка, ҳеч кимга шахсий маълумотлар ҳамда тасдиқлаш кодларини бермасликка чақирган.

Аввалроқ Бухорода 60 дан ортиқ фуқаронинг пулларини ўзлаштирган гуруҳ аъзолари қўлга олинганди. Улар Телеграм орқали бошқарилган яширин аккаунтлардан фойдаланиб, фуқароларнинг телефонларига зарарли АПК файлларни юборган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.