Лайфстайл

“Муҳаббатга суяниб бўладими? Партияга суян!”. “Биринчи муҳаббатим” аслида нима ҳақида?

“Муҳаббатга суяниб бўладими? Партияга суян!”. “Биринчи муҳаббатим” аслида нима ҳақида?

Йўлин йўқоца одам – муҳаббатга суянгай,

Ғуссага боца одам – муҳаббатга суянгай,

Чорасиз қоца одам – муҳаббатга суянгай…

“Биринчи муҳаббатим” шеъри катта бир йиғинда муҳокама қилинаётган пайтда юқоридаги мисраларни таҳлил қилган ёзувчилардан бири минбарга чиқиб, “муҳаббатга эмас, партияга суяниш керак”, дейди. Бу шахс шу қадар нодон, шу қадар жоҳил одам бўлгани учун Абдулла Орипов ундан хафа ҳам бўлмайди.

Ўзбекнинг ёш-у қарисига қадар ёддан биладиган, Шерали Жўраев қадами етган жойда мухлислар айттирмай қўймаган бу қўшиқ яратилганига 55 йилдан ошган бўлса-да, муҳаббатга чанқоқ қалбларнинг унга талпиниши сусаймаган.

Ўтган асрнинг 70-йиллари бошида Тошкентдаги талабалар шаҳарчасининг очиқ деразаларидан тинимсиз “Биринчи муҳаббатим” қўшиғи янграрди. Шеър муаллифи қашқадарёлик талаба Абдулла Орипов экани ва қўшиқни андижонлик талаба Шерали Жўраев басталагани бутун талабалар шаҳарчасига маълум эди.

Шаҳарчанинг бошқа томонида Қорақалпоғистон ва Хоразмдан келган талабалар Отажон Худойшукуров ижросидаги “Биринчи муҳаббатим” қўшиғини тинглашарди. “Весна” компакт кассетали магнитофонлардан янграган “Биринчи муҳаббатим” бутун Ўзбекистон ёшларини-ю ошиқларини бирлаштирувчи муҳаббат мадҳиясидек эшитиларди.

Бу қўшиқ тарихи ҳақида унга куй басталаб, илк бор ижро этган Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев шундай ҳикоя қилади:

“Мен бу шеърни 1966—1967-йилларда Тошкентга ўқишга келганимда Абдулла Ориповнинг китобидан олганман. Кейин тарихини эшитган эдим. Бир йигит бир улуғ зотнинг қизини севиб қолган бўлади. Лекин у қизга севгисини айта олмаган. Институтга бориб, унинг ёнбошидан қайтиб келаверган. Узоқдан кетаверган. Бориб, яна қайтиб келаверган. Шунақа қилиб гапини айта олмасдан кузатиб юраверган. У қиз кейин бошқага турмушга чиқиб кетган, йигит эса бошқа қизга уйланган. Шу шеър ўшанда бино бўлган. Мен буни бутун севишганларнинг изтиробини ҳис қилган ҳолда қўшиқ қилганман”.

Шерали Жўраевнинг бу шеърни куйга солгани ҳаммага бирдек ёқмаган, албатта. “Ёш ленинчи” газетасининг ўша пайтдаги сонида ҳофизнинг бу “қилмиши”га бағишланган фельетон ҳам босиб чиқарилади. Чунки у вақтларда ғазаллар ашула қилинар, бу каби шеърлар куйга солинмас эди.

Кеча оқшом фалакда ой бўзариб ботганда,

Зуҳра юлдуз милтираб, хира ханда отганда,

Руҳимда бир маъюслик, сокинлик уйғотганда,

Мен сени эсга олдим, биринчи муҳаббатим,

Эслаб хаёлга толдим, биринчи муҳаббатим.

Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов “Биринчи муҳаббатим”га бағишланган кўрсатувларнинг бирида ўша пайтларда шу шеърига ҳам бироз ўзига хос ҳужумлар бўлганини эслайди. Шеърнинг баъзи байтлари тушириб ҳам қолдирилганини айтади.

Навоий театри биносида ўтказилган партиянинг катта бир йиғинида бир ёш ёзувчи чиқиб, “Биринчи муҳаббатим” шеъри “мистика, дунёдан бош олиб кетиш, бошқа ҳамма нарса бекор, биз кўриб турганларимиз ҳаммаси бир пулга қиммат, ундоқ-бундоқ деган маънодаги кайфият бор”, деган гапларни айтади. “Шоир ъМен кимга суянгайман, биринчи муҳаббатимъ, дейди. Ажабо, ахир муҳаббатга суянадими? Мана, партияга суян, давлатга суян!”, қабилида шеърни таҳлил қилади.

“Мен ундан хафа бўлганим йўқ, чунки шу қадар нодон, шу қадар жоҳил одам эдики, бир шеърдан бошқа нарсани талаб қилиш — жаҳолат белгиси… Йўлин йўқоца одам, муҳаббатга суянгай. Демак, мен йўлимни йўқотганман ўша маҳалда. Ғуссага боца одам, муҳаббатга суянгай. Демак, мен ғуссага ботганман ўша маҳалда. Чорасиз қолса одам, муҳаббатга суянгай. Мен чорасиз қотганман. Мен кимга суянгайман? Биринчи муҳаббатим, фақат эслаб ёнгайман, биринчи муҳаббатим. Шунинг учун ҳам чиққанки, мен кимга суянгайман деганда, ъпартияга суян, давлатга суянъ, деган гаплар ўшанда чиққан. Демак, ўша муҳаббат туйғуси одам бир режалаштириб олиб, қани бир пиёла чойни ёнимга қўйиб, бир тинчгина ўтирай, биринчи муҳаббатимни бир эслаб олай, деган маънода ёзилмайди, албатта”, деган Абдулла Ориповнинг ўзи.

Шоир муҳаббатни фақат ёшликка хос деб ҳисобламайди. Ёш улғайган сари муҳаббат тўхтаб қолмайди. Нечадир ёшдан кейин муҳаббатнинг дарвозалари тақа-тақ беркилмайди. Масалан, Гёте муҳаббат мавзусидаги энг доҳиёна шеърларини 80 ёшдан ошганидан кейин Карлови Варида ёзган. Шарқ шеъриятида “ёр” дейилганда Аллоҳнинг жамоли тушунилади.

Ашрақат мин акси шамсил-каъси анворул-ҳудо,

“Ёр аксин майда кўр” деб, жомдин чиқти садо.

(Мазмуни: Қуёш косасидан ҳидоят нурлари ёришди, жомдан “Ёрнинг аксини майда кўр” деган садо чиқди.)

Байтнинг зоҳирий маъносини англаш учун, аввало, машриқ заминдан эндигина кўтарила бошлаган қуёш тасвирини кўз олдига келтирсак, ярмигача кўтарилган қуёш худди ярмигача май, яъни нур тўлдирилган косага ўхшайди. У оддий коса эмас, балки ҳидоят нурлари — май тўла жомдир. Жом — қуёш, май — унинг нурлари. Бундан ташқари, ушбу байтнинг ботиний маъноси ҳам бор.

“Жомга қараганда киши нимани кўради? Ўз аксини кўради. Демак, ёр сенинг дилингда, яъни Аллоҳ сенинг дилингда. Буни шарқ фалсафасида ъваҳдати вужудъ дейди. Ғарб, Кант фалсафасида ънарса ўзидаъ дейилади. Бу энди тасаввуф, суфизмнинг, катта фалсафанинг кўриниши. Яъни Худо таоло ўз жамолини сочиб юборган. Шунинг учун шу ёрни ҳар биттасида Аллоҳнинг маълум бир даражада жамоли кўринади деган гаплар бор”, дейди Абдулла Орипов.

Шунингдек, шоир Машрабдан ҳам мисол келтиради:

Ёрсиз ҳам бодасиз Маккага бормоқ не керак?

Иброҳимдин қолған ул эски дўконни на қилай?!

“Бунинг учун Машрабни миллион марта осиб ташлаши мумкин эди. Лекин бунинг талқини мутлақо бошқа. Ёр бу ерда жамол, Аллоҳнинг жамоли. Бода унга бўлган муҳаббат. Кўнглингда ёрнинг, Аллоҳнинг туйғуси бўлмаса, унга бўлган муҳаббат бўлмаса, Маккага бориб нима қиласан дейди… Муҳаббат фақат турмуш қуриш деган маънодаги гапдан кенгроқ туради…”, дея тушунтиради халқ шоири.

Нидо бергил, қайдасан, шарпангга қулоқ тутдим,

Сирли тушлар кўриб мен бор дунёни унутдим,

Тонгда туриб номингга ушбу шеъримни битдим,

Дилдаги оҳим менинг, биринчи муҳаббатим,

Ёлғиз Оллоҳим менинг, биринчи муҳаббатим.

Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев ўз интервюларининг бирида муҳаббат инсон қалбига яратилишиданоқ сингдирилган илоҳий нур эканини таъкидлайди. Санъаткорнинг айтишича, инсон аввал ота-онасини севади, улғайгач илк муҳаббатни ҳис қилади, кейинчалик бу туйғу фарзандларига кўчади. Вақт ўтиши билан эса инсон муҳаббатнинг асл моҳиятини англаб, унинг манбайи Аллоҳ эканини тушуниб боради.

Жўраев бу қарашга бирдан келмаганини таъкидлаган. “Агар мендан 10–15 йил аввал шу ҳақда сўрашганида, ҳозирги жавобни бера олмаган бўлардим”, дейди. Чунки бундай хулосага у узоқ йиллар давомида турли ҳаётий кечинмаларни бошдан кечириб келган. Хонанда вақт ўтиши билан илгари муҳим туюлган кўплаб ҳиссиёт ва воқеалар асл ҳақиқатни англагандан кейин иккинчи даражали бўлиб қолишини тушунганини айтган.

Тожикистонлик адабиёцҳунос Мунаввара Ойматова инсон қалбида токи ишқ олови бор экан, токи томирларда қон югурар экан, бу шеър ҳам, бу қўшиқ ҳам унутилмаслигини айтади.

“Мен бир хил прокурорларнинг шу қўшиқ янграганида ўзининг мартабасини, ўзининг кимлигини унутиб, шу қўшиққа жўр бўлганига гувоҳ бўлганман. Шунинг учун ҳам ўйлайманки, бу инсоннинг энг чуқур еридан олиб ёзилган шеър. Инсоннинг дарди билан йўғрилган шеър ҳеч қачон ўлмайди. Шодлик, қувонч ҳақида ёзилган шеърларнинг умри жуда ҳам қисқа… Абдулла Орипов чиққан баландликка ўзбек шеъриятида унча-мунча одам чиқа олган эмас”, дейди олима.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.