Иқтисодиёт

«Муайян шартли пуллар». Марказий банк рақамли сўм устида иш бошлади

Марказий банк рақамли сўмни жорий этиш имкониятларини ўрганмоқда. Илк пилот лойиҳаларни 2027 йилда ишга тушириш, 2028–2029 йилларда эса тизимни кенгайтириш босқичига ўтиш режалаштирилган. Дастлаб рақамли сўм жисмоний шахслар учун эмас, балки давлат харидлари, инфратузилма лойиҳалари ва субсидиялар соҳасида синовдан ўтказилади.

«Муайян шартли пуллар». Марказий банк рақамли сўм устида иш бошлади

Ўзбекистонда пулнинг яна бир янги шакли — рақамли сўмни жорий этиш муҳокама қилинмоқда. У банк картасидаги ёки мобил иловадаги одатий электрон пуллардан фарқ қилади, чунки гап шунчаки мавжуд сўмнинг рақамли кўриниши ҳақида эмас, балки Марказий банк томонидан чиқариладиган рақамли валюта ҳақида бормоқда.

Рақамли сўм Марказий банк томонидан чиқариладиган сўмнинг рақамли шакли, яъни айнан ўша пулдир. Фарқи фақат шундаки, улардан рақамли тизим орқали фойдаланиш ва уларни бошқариш мумкин.

Марказий банк 2026–2030 йилларга мўлжалланган молиявий технологияларни ривожлантириш миллий стратегиясини эълон қилди. Унда рақамли сўмни амалий синовдан ўтказиш режаси кўзда тутилган.

Шу билан бирга, ушбу тизим эртагаёқ барча фуқаролар фойдаланадиган янги тўлов воситасига айланмайди. Авваламбор, Марказий банк Ўзбекистон учун бундай тизим қанчалик зарурлигини, унинг иқтисодий ва технологик самараси қандай бўлишини, шунингдек, қандай хавф-хатарлар юзага келиши мумкинлигини ўрганади.

24 сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк вакиллари журналистларнинг рақамли сўм қандай ишлаши, у амалда оддий сўм ва банк карталаридан нимаси билан фарқ қилиши, шунингдек, яқин йилларда ўтказилиши режалаштирилган пилот лойиҳа ҳақидаги саволларига жавоб беришди.

Марказий банк раиси ўринбосари Нодирбек Сайдуллаевнинг сўзларига кўра, жисмоний шахслар учун тўловларда рақамли сўмдан фойдаланиш ҳозирча асосий йўналиш сифатида кўриб чиқилмаяпти.

У Ўзбекистонда фуқаролар ўртасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар учун етарлича ривожланган инфратузилма мавжудлигини таъкидлади. Хусусан, мамлакатда Humo ва Uzcard каби миллий тўлов тизимлари, шунингдек, банклар ва тўлов ташкилотларининг мобил иловалари ишлаб турибди.

Марказий банк раиси ўринбосари, шунингдек, рақамли сўмни қўллашнинг яна бир эҳтимолий соҳаси улгуржи савдо ва ташкилотлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

«Агар кузатадиган бўлсак, иқтисодий судларда ташкилотлар ўртасида бажарилган ишлар ва етказиб берилган товарлар учун маблағларнинг ўз вақтида олинмагани билан боғлиқ ҳолатлар жуда тез-тез кўриб чиқилади. Демак, бу улгуржи савдо билан шуғулланувчи ташкилотлар учун ҳам асқотади»

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.