Марказий банк янги банкнот ёки танга чиқаришнинг тартибларини ишлаб чиқди
Бу Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган банк тизимида нақд пул муомаласини ташкил этишга оид идоравий

Марказий банк янги банкнотлар ёки тангаларни муомалага киритиш тартибини ишлаб чиқди.
Ўзбекистонда янги намунадаги банкнотлар ёки тангалар муомалага чиқарилишидан камида бир ҳафта олдин бу ҳақда жамоатчиликка хабар бериш тартиби жорий этилиши мумкин. Бу Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган банк тизимида нақд пул муомаласини ташкил этишга оид идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасида кўзда тутилган.
Лойиҳага кўра, янги намунадаги банкнот ва тангаларнинг дизайни Марказий банк бошқаруви қарори билан тасдиқланади. Шу қарорда уларни муомалага чиқариш ишларини ташкил этиш, янги пул белгилари ҳақидаги ахборот ва уларнинг тавсифини оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш санаси ҳам белгиланади.
Янги банкнот ёки тангаларнинг муомалага чиқарилиши ҳақидаги маълумот ҳамда уларнинг тавсифи муомалага чиқариш санасидан камида бир ҳафта олдин ОАВда эълон қилиниши назарда тутилмоқда.
Ҳужжатда банкнот ва тангалар дизайни Марказий банк ҳамда "Давлат белгиси" МЧЖ томонидан биргаликда ишлаб чиқилиши белгиланган. Алоҳида ҳолларда пул белгилари дизайни юзасидан аҳоли ўртасида сўров ўтказилиши ҳам мумкин.
Пул белгиларининг дизайнида Ўзбекистонга хос хусусиятлар акс этиши, уларда давлат рамзларидан бири, номинал қиймат, Марказий банк номи ва қалбакилаштиришга қарши ҳимоя элементлари бўлиши талаб этилади.
Шунингдек, банкнот ва тангалар муайян мавзуга бағишланиб, уларда Ўзбекистон тарихи, мамлакат заминида туғилиб жаҳон илм-фани ривожига ҳисса қўшган шахслар, мустақил Ўзбекистон ютуқлари, табиат ва миллий қадриятларга оид тасвирлар акс эттирилиши мумкин.
Қайд этиш керак, ҳужжатда ҳозирча янги банкнот ёки танга муомалага чиқарилиши эълон қилинмаган. Унда келгусида янги намунадаги пул белгилари чиқарилган тақдирда қўлланадиган тартиб белгиланмоқда.
Ҳужжат ҳозирча лойиҳа ҳисобланади.

