Сиёсат

МРБ директори кетиши билан Лукашенко Москвага борди. Нима гап ўзи?

Охирги кунларнинг энг кўп муҳокама қилинаётган мавзуси Америка Марказий разведка бошқармаси директори Жон Ретклиффнинг Москвага ташрифи бўлиб турибди. Америкалик ҳамкасбларимиз бу мавзунинг янги тафсилотларини аниқлади. Ретклифф Вашингтонга қайтиб, Оқ уйда Трамп билан учрашишга улгурди. Шунингдек, Россия билан боғлиқ муҳим воқеалар олдидан кузатиладиган анъанавий воқеа содир бўлди: Лукашенко Москвага борди!

МРБ директори кетиши билан Лукашенко Москвага борди. Нима гап ўзи?

«Урушнинг асл картинаси» билан

Ниҳоят Тҳе Нев Ёрк Тимес ҳам МРБ директорининг Москвага ташрифи ҳақида «ўз инсайдларини» эълон қилди. Бошқача бўлиши мумкинми ахир, бутун бошли дунё разведкасининг энг катта одами Россияга борса-ю, НЙТ бу ҳақда «разведкадаги манбаларига таяниб» нимадир ёзмаса, ҳисобмас!

Америкадаги энг машҳур газета манбаларига кўра, МРБ директори Кремлга Украина билан урушда фронт қай ҳолатда экани ҳақида реал картинани кўрсатиш учун борган. Яъни, Америка разведкаси аниқлаган маълумотлар асосида тузилган уруш харитасини олиб борган.

Америка разведкасига кўра, Россия охирги 18 ой давомида Украинанинг атиги 1 фоиз майдонини жуда катта йўқотишлар эвазига босиб олган. Шу сабаб МРБ директори Россияни музокаралар столига чорлаган. Хабарда айтилишича, МРБ Путиннинг атрофидагилар унга «урушдаги вазият ҳақида тўғри ахборот бермайди» деб ҳисоблагани учун шахсан идора директори Кремлга борган.

Жон Ретклифф ташриф давомида Россия ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин ва ФСБ раҳбари Александр Бортников билан учрашган. Наришкин бундай учрашув бўлганини тасдиқлади. МРБ директори Россиядаги энг қудратли идора ФСБ раҳбарига фронтдаги асл вазиятни кўрсатиб, «барчаси Россия айтаётганидан бошқачалигини» тушунтирган. Кремл расмийси Песковнинг айтишича, Путин МРБ директори билан учрашмаган. Путин учрашишни хоҳламагани ҳақида тахминлар ҳам йўқ эмас.

Шунингдек, америкалик мулозим ташриф олдидан Киевдагиларни «Россия билан ҳеч қандай махфий келишув бўлмаслигига» ишонтирган. НЙТ'га кўра, ташрифдан кўзланган асосий мессеж уруш Москвага борган сари қимматга тушаётгани ва ҳозир айни музокара столига ўтирадиган вақт эканини айтиш бўлган.

Оқ уйда йиғилиш

Ретклифф Россиядан қайтиши билан Оқ уйда мамлакатнинг энг катта ҳарбий мулозимлари иштирокида йиғилиш ўтказилган. Америкалик журналистлар директор сафардан қайтишини кутиб туриб уни ва ҳарбий мулозимларни Оқ уй олдида суратга олди. Ҳозирча Ретклифф Трампга нималар ҳақида ҳисобот бергани аниқ эмас. Америка нашрларига кўра, МРБ директорининг Москвага сафари айнан Трампнинг буйруғи билан махфий амалга ошган. Бундан юқори ҳарбий мулозимларнинг ҳам хабари бўлмаган. Ретклифф Россияга боришдан олдин Латвияда тўхтаб ўтган. Унинг Россияга сафари ҳақида европаликлар ҳам ҳеч нима билолмаган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.