Мўйноқда тадбиркорнинг 235 та балиғини ноқонуний олиб қўйган мансабдорлар жаримага тортилди

Мўйноқда тадбиркорнинг 235 та балиғини ноқонуний олиб қўйган мансабдорлар жаримага тортилди
Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида тадбиркорга тегишли 235 дона балиқни ноқонуний равишда олиб қўйган мансабдор шахсларга нисбатан чора кўрилди.
Маълум бўлишича, Мўйноқ тумани ҳокимининг тегишли қарори билан “А.А.” МЧЖга сув ҳавзаси ажратилган. Жамият мазкур сув ҳавзасида балиқ етиштиришни йўлга қўйган ва Қорақалпоқбалиқсаноат бирлашмаси билан шартнома асосида фаолият олиб борган.
Қозоқдарё давлат ўрмон хўжалиги бўлими инспекторлари жамият фаолиятини текшириб, саноат усулида етиштирилган жами 235 та балиқни олиб қўйган.
Бизнес-омбудсман ўрганишида текширув ноқонуний ўтказилгани ҳамда балиқлар қонунга зид тарзда олиб қўйилгани аниқланган.
Текширув қонунчиликда белгиланган тартибда “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилмаган. Шу сабаб тадбиркорга моддий зарар етказилган.
Ҳолат бўйича масъул мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар тузилган. Жиноят ишлари бўйича Қўнғирот тумани судининг қарори билан улар маъмурий жаримага тортилган.
Шунингдек, тадбиркорга етказилган зарарни мансабдор шахслардан солидар тартибда ундириш белгиланган.
Аввалроқ тадбиркорлардан асоссиз ундирилган 5,5 млрд сўм ортидан ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига иш қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.

