Москвада 60 ёшли аёл соғлом фарзанд дунёга келтирди

Москвада 60 ёшли аёл соғлом фарзандни дунёга келтирди
Москвада бачадонида миомаси бўлган 60 ёшли аёл соғлом ўғил фарзандни дунёга келтирди. Шифокорлар, шунингдек, бемордаги ўсмани олиб ташлаб, унинг репродуктив саломатлигини сақлаб қолишди. Бу ҳақда “ТАСС” ахборот агентлиги “Коммунарка” кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокорининг акушерлик-гинекологик ёрдам бўйича ўринбосари Соня Данелянга таяниб хабар берди.
Она ва чақалоқ яхши аҳволда уйларига жавоб берилган. Бу беморнинг учинчи фарзанди бўлиб, унинг вояга етган иккита ўғли бор.
“Аёл ҳомиладорлиги давомида даволовчи шифокори ва перинатал марказнинг кўп тармоқли жамоаси — терапевт, онколог, қон томир жарроҳи ҳамда тиббий психолог назоратида бўлди. Фақат шундай комплекс ёндашувгина назорат ва хавфсизликнинг зарур даражасини таъминлай олар эди”, дейди Данелян.
Таъкидланишича, учинчи фарзанд ЭКУ ёрдамида дунёга келган. Аёл ўз тухум ҳужайраларини 2010-йилда музлатиб қўйган эди.
Шифокорнинг сўзларига кўра, ҳомиладорликнинг 38-ҳафтасида аёл кесарча кесиш йўли билан операция қилинган, сўнгра миомектомия амалиёти ўтказилган.
“Операция муваффақиятли ўтди. Бироқ энг катта ютуғимиз — соғлом, етук чақалоқнинг дунёга келгани, аёлнинг репродуктив саломатлиги тўлиқ сақлаб қолингани ва у хоҳласа, кейинги ҳомиладорликни ҳам кўтара олади”, деган у.

