Шифокорлар ҳали туғилмаган чақалоқни бачадоннинг ўзида операция қилди

**Шифокорлар ҳали туғилмаган чақалоқни бачадоннинг ўзида операция қилди**
АҚШда шифокорлар ҳали туғилмаган чақалоқнинг туғма нуқсонини у бачадон ичида бўлган вақтида операция қилиб тўғрилади. Бу ҳақда ББС хабар берди.
Боланинг онаси Мейси Севиж 26 ҳафталик ҳомиладорлигида АҚШ шифокорлари томонидан операция қилинган. Ҳозирда унинг ўғли Тео беш ойлик ва яхши ривожланмоқда. Ҳомиладорлик пайтида унга гастрошизис ташхиси қўйилган эди. Бундай ҳолатда киндик тўғри ривожланмайди, бу эса ичакларнинг тана ташқарисида ўсишига олиб келади.
Шифокорлар онанинг бачадонини қисман очиб, лапароскопик жарроҳлик усули ёрдамида чақалоқнинг аъзоларини эҳтиёткорлик билан қорин бўшлиғига қайтариб жойлаштирган. Тео дунёда ушбу турдаги операция ўтказилган учинчи чақалоқ бўлди. 29 ёшли Мейси ва унинг 36 ёшли эри Жош Френч (иккаласи ҳам ўқитувчи) операция муваффақиятли кечганидан хурсандлигини айтди.
Теода аниқланган туғма нуқсон Буюк Британияда ҳар йили 3 000 чақалоқдан бирида учрайди. Энг енгил ҳолатларда ҳам чақалоқлар реанимацияда ҳафталаб даволаниши, зонд ёки томчилатгич орқали озиқлантирилиши ҳамда бошқа операцияларни бошдан кечириши талаб этилади.
Теодаги каби энг мураккаб ҳолатларда эса чақалоқлар интенсив терапия бўлимида 6 ойгача қолиб кетиши, кўплаб операцияларни бошдан ўтказиши, икки йилгача томчилатгич орқали озиқлантирилиши ва ҳаттоки ичак кўчириб ўтказилишига муҳтож бўлиши мумкин. Ҳатто энг юқори даражадаги тиббий ёрдам кўрсатилган тақдирда ҳам, ҳар 10 чақалоқдан бири вафот этади. Теонинг ота-онаси аввалига ҳомилада қандайдир муаммо борлигидан бехабар бўлган.
Жошнинг айтишича, Теода гастрошизис борлигини билиш улар учун шок ва “ақл бовар қилмас даражада қўрқинчли” бўлган. Ҳомиладорликнинг 24-ҳафтасида Британия шифокорлари бўлажак ота-онани боланинг дастлабки олти ойлик ҳаёти қандай кечишига руҳий жиҳатдан тайёрлаган. Бироқ болада мураккаб гастрошизиснинг жиддийроқ шакли борлиги аниқлангач, шифокорлар уни Хюстондаги касалхонага йўналтирган.
У ерда жарроҳлар гуруҳи туғуруққача бўлган даврда мураккаб гастрошизисни тузатиш бўйича биринчи марта клиник синов ўтказаётганди. Синовнинг клиник раҳбари Белфорт бундан аввал бачадон ичидаги умуртқа поғонаси нуқсонида ҳам шунга ўхшаш жарроҳлик амалиётини қўллаган. Мейсига дарҳол Техасга жўнаб кетиши ва ҳомиладорлигининг қолган қисмини ўша ерда ўтказиши кераклиги айтилган.
Операциянинг бир қисми сифатида у дастлаб Белгиянинг Лювен касалхонасига борган. У ерда Мейсининг бачадони орқали Теонинг қорин деворига мушакларни бўшаштирувчи ботокс иньексияси юборилган. Кейин оила Техасга учиб кетган ва у ерда 2025-йилнинг ноябр ойида, ҳомиладорликнинг 26-ҳафтасида операция ўтказилган. Мейсида кесарча кесиш жароҳатидан икки баравар катта чандиқ қолган.
“Тикланиш жараёни оғир кечди. Лекин бу бунга лойиқ эди” , дея операциядан кейинги ҳолатни эслайди Мейси.
Операция тўлиқ муваффақиятли ўтган ва Тео феврал ойида Техасда табиий туғуруқ орқали дунёга келган.

