Молдова ҳаво ҳудуди бир кунда беш марта бузилди, бир дрон портлади
16-октабр куни дронлар Молдова ҳаво ҳудудини беш марта бузган. Улардан бири Украина чегарасидан қарийб 50 километр узоқликдаги Новие Кодряни қишлоғи яқинида қулаб, портлаган. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ҳодисаларни кескин қоралаган.

Молдова ҳаво ҳудуди бир кунда беш марта бузилди, бир дрон портлади
ДВ хабарига кўра, Молдова Мудофаа вазирлиги дрон маҳаллий вақт билан соат 16:22 да мамлакат ҳаво ҳудудига ноқонуний кирганини маълум қилган. Соат 17:06 да эса аппарат қулаб, портлагани ҳақида хабар берилган.
Бундан олдин, 16-октабрга ўтар кечаси яна тўртта дроннинг мамлакат ҳаво ҳудудидан ўтгани қайд этилган.
Молдова ТИВ бундай ҳодисалар фуқаролар хавфсизлигига таҳдид солишини таъкидлаган. Вазирлик Россияни Украинага ҳужумларни зудлик билан тўхтатишга, халқаро ҳуқуқ меъёрлари, жумладан, Молдованинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга чақирган.
Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги дроннинг қулаши билан 10-октабрдан буён ҳаво ҳудуди бузилиши ҳолатлари саккизтага етган. Улар орасида 10-октабр куни Геамана аҳоли пунктига портловчи модда ортилган дрон тушиши ҳам бор.
Ҳарбий идора 2026-йил бошидан мамлакат ҳаво ҳудуди бузилган 64 та ҳолат қайд этилганини билдирган. Шулардан 16 таси октабр ойига тўғри келади. Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланган 2022-йилдан буён эса бундай ҳодисалар сони 101 тага етган.
Аввалроқ, 3-октабр куни Молдова ҳудудига учта ракета ва иккита дрон тушгани хабар қилинган эди. Ўша ҳодисаларда ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар бўлмаган.

