Каллас: Россиянинг гибрид ҳужумлари бутун Европада одамлар ҳаётига хавф солмоқда
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Россияни Европада гибрид ҳужумлар, қўпорувчилик уринишлари ва ҳаво ҳудудини бузиш ҳолатларини кучайтиришда айблади. Унинг таъкидлашича, бу ҳаракатлар Украинадан ташқарида ҳам одамлар ҳаётига таҳдид солмоқда.

Каллас: Россиянинг гибрид ҳужумлари бутун Европада одамлар ҳаётига хавф туғдирмоқда
Каллас бу ҳақда 5-октабр куни Брюсселда Молдова бош вазири Василе Тофан билан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди
Европа дипломатияси раҳбари сўнгги ҳафталарда қитъада Россия билан боғлиқ гибрид ҳужумлар, диверсия уринишлари ва ҳаво ҳудудининг бузилиши ҳолатлари кескин ортганини айтди.
«Ўтган дам олиш кунларида Россия ракеталари ва дронлари Молдова ҳаво ҳудудини яна бузди. Бу мутлақо номақбул», - деди Каллас.
Унинг фикрича, Москва бундай ҳаракатлар орқали қўрқув уйғотиш ва Европа давлатларининг қарор қабул қилиш жараёнини издан чиқаришга уринмоқда. Каллас бунга жавобан хавф-хатарларга чидамлиликни ошириш ва Украинани қўллаб-қувватлашни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Сентабр охирида Россия Украинанинг энергетика тизимига зарбаларни кучайтирган, Киев ва мамлакатнинг бошқа ҳудудлари ҳам ҳужумга учраган. Шу ҳужумлар фонида Молдова Мудофаа вазирлиги мамлакат ҳаво ҳудудига учта учувчисиз учиш аппарати кирганини маълум қилган.
Германия канслери Фридрих Мерс ҳам аввалроқ Россия томонидан янги гибрид ҳужумлар содир этилиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.
Германия расмийлари Москва дронлар ва киберҳужумлардан фойдаланиб гибрид кампания олиб бораётганини бир неча бор билдирган. Жумладан, Берлин август ойида Лейпсиг аеропортида дрон ёрдамида ҳужум уюштиришга уриниш ортида Россия турганини даъво қилган.

