Дунё

Россия яқин ойларда Ғарбга қарши гибрид урушни кучайтиради — Дания разведкаси

Россия яқин ойларда Ғарбга қарши гибрид урушни кучайтириши мумкин — Дания разведкаси

Россия яқин ойларда Ғарбга қарши гибрид урушни кучайтириши эҳтимоли бор. Бу ҳақда Дания мудофаа разведка хизмати 24-сентябр куни эълон қилган ҳисоботда маълум қилди.

Сўнгги вақтларда Европада гибрид уруш ҳамда қўпорувчилик ҳаракатлари яна эътибор марказига чиқди. Яқинда Германия Лейпсиг/Ҳалле аеропортига дронлар ёрдамида уюштирилган ҳужумга уринишда Россияни айблади. Шундан кейин Европа Иттифоқи аъзолари Москвага қарши янги санксиялар киритишга чақирди.

Москва эса гибрид уруш, НАТО давлатларида саботаж ёки тўқнашувлар режалаштиришга алоқадорлигини бир неча бор инкор этган.

Ҳужумлар сони ошиши кутилмоқда

Мудофаа разведка хизматига кўра, Россия Ғарб ва НАТОга қарши тез-тез ҳужумлар уюштириши кутилмоқда. Бу ҳужумларнинг оқибатлари аввалгидан оғирроқ бўлади. Шунингдек, Россиянинг ўз чегараларидаги НАТОга аъзо давлатларга зарба бериши эҳтимоли паст бўлса-да, бундай хавф аста-секин ортиб бормоқда.

“Чекланган ҳарбий ҳужум Россия учун чорасизликдан ташланадиган қадам бўлади. У ҳам, кучайтирилган гибрид ҳужумлар каби, яқин ойларда содир бўлиши мумкин”, дейилади ҳисоботда.

Разведка хизмати раҳбари Томас Аренкиелнинг айтишича, бундай ҳужумлар Украинани қўллаб-қувватлаётган инфратузилмаларга узоқ масофали қуроллар ёки дронлар билан зарба беришни ўз ичига олиши мумкин. Шунингдек, Украина дронларидан фойдаланиб, сохта операциялар уюштирилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Унинг қўшимча қилишича, Россия мамлакатдаги озчиликларни ҳимоя қилиш баҳонаси билан НАТО чегарасига оз сонли ҳарбийларини киритиши ҳам мумкин.

“Мақсад мамлакатни эгаллаб олиш эмас, балки НАТОни бўлиб ташлашдир”, деди Томас Аренкиел.

Ўтган ҳафтада Дания ҳарбийлари халқаро сувларда Россия фрегати Дания ҳарбий вертолёти томон икки марта сигнал ракетаси учирганини билдирди. Ракеталардан бири самолётга жуда яқин учиб ўтган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.