Дунё

Зеленскийнинг самолёти дрон билан тўқнашишига бир бахя қолди

Зеленскийнинг самолёти дрон билан тўқнашиб кетишига оз қолди

Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Молдовадан Норвегияга учаётган самолёти дрон билан урилиб кетишига сал қолди. Бу ҳақда Норвегия бош вазири Ёнас Гар Стёре 9-сентябр куни НРК телерадиокомпанияси эфирида айтиб ўтди.

“Унинг самолёти Молдовага учиши керак бўлган пайтда дрон билан тўқнашиб кетишига оз қолди. Бу у яшаётган ҳақиқат”, деди Норвегия бош вазири.

Сиёсатчи бу маълумотни қаердан олганини очиқламади. Шунингдек, ҳодиса тасодиф бўлганми ёки Зеленскийга қасддан суиқасд уюштиришга уриниш бўлганми, номаълумлигича қолмоқда.

“Кеча Молдова ҳаво ҳудудида дронлар хавфи сабаб Зеленскийнинг Ослога учаётган самолёти кечиктирилди. У ҳар куни шундай хавф-хатарлар остида яшайди. Дронлар унинг самолётига қанчалик яқин келгани номаълум”.

Ҳозирча Украина расмийлари Стёренинг баёнотига муносабат билдирмади. Зеленский 8-сентябр куни кечқурун қирол Ҳаралд В нинг дафн маросимида қатнашиш учун Молдовадан Ослога келди. Маросимдан кейин Украина президенти Ёнас Гар Стёре билан учрашди. Норвегия ҳукуматининг музокаралар ҳақидаги расмий баёнотида дрон билан боғлиқ воқеа тилга олинмаган.

Молдова полицияси 9-сентябр куни қулаган дрон топилгани ҳақида маълум қилди. Дрон ерга урилганда портлаш юз берган ва катта воронка ҳосил бўлган. Унинг ичидан металл шарчалар кўринишидаги зарар етказувчи элементлар топилган. Жабрланганлар ҳақида хабар берилмаган.

Маҳаллий ҳарбий маъмуриятнинг таъкидлашича, 9-сентябрга ўтар кечаси Россия дронлари Молдова билан чегарадаги Одесса вилоятидаги “Старокозаче” халқаро автомобил ўтказиш пунктига ҳужум қилган. Зеленский Ослога учиб келган аеропорт ушбу чегара пунктидан тахминан икки соатлик масофада жойлашган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.