Мисолдаги муаммолар ҳақидаги Спанч Боб (SpongeBob) сунъий интеллект пародияси расмийларнинг эътиборини тортди
АҚШнинг машҳур телесериали асосида яратилган талқин қаттиқ назорат шароитида яшаётган мисрликлар учун ҳаётдан шикоят қилишнинг кутилмаган воситасига айланди.

Мисоддаги муаммолар ҳақидаги Спанч Бобнинг AI-пародияси расмийларнинг эътиборини тортди
Постларда яшаш қиймати ва кузатув каби муаммолардан шикоят қилинган
АҚШнинг машҳур «Спанч Боб Квадрат Шим» мультфильми қаҳрамонининг сунъий интеллект (AI) ёрдамида яратилган талқини сиёсий норозиликларга нисбатан қаттиқ чекловларга қарамай, яшаш шароитларини танқид қилаётган мисрликлар ўртасида кутилмаганда баҳсли онлайн тренднинг марказига айланди.
Сатирик постлар ўтган ойда Facebook'даги «Ал-Ҳамур БоBottom аҳолисининг шикоятлари» (Спанч Бобнинг сув остидаги уйи — Бикини Боттомнинг арабча номи) деб номланган гуруҳ билан бошланди.
Кўп ўтмай, Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисийни пулпараст жаноб Крабс сифатида, тук-туклар (автоматлаштирилган рикшалар) билан тўла денгиз тубини ва сурбет эркак балиқлар томонидан шилқимлик қилинаётган мактаб ўқувчиси бўлган балиқ қизларни тасвирловчи суратлар пайдо бўлди.
Бошқа постларда коррупцияда айбланаётган вазирлар, кескин ошаётган ижара ҳақи ҳамда соғлиқни сақлаш ва таълимнинг ёмонлашаётган аҳволи ҳақида фикрлар билдирилган.
Аслида Nickelodeon томонидан яратилган Спанч Боб шоусидан ўзгартирилган суратлар сайт фойдаланувчилари томонидан тайёрланган.
Бир неча ҳафта ичида Facebook гуруҳи 1,8 миллион кузатувчига эга бўлди. Расмий текширувлар ҳақидаги хабарлар фонида гуруҳ фаолияти тўхтатилишидан олдин, ўткир сатирик суратлардан бирида сув остидаги Ички ишлар вазирлиги ходимларининг «Эҳтиёт бўлинг» дегани тасвирланган эди.
Ўзини гуруҳ администратори деб таништирган ўсмир қиз видеомурожаат жойлаштириб, у ва унинг ҳамкорлари айрим аъзолар томонидан тармоқланган гуруҳларда баҳам кўрилган сиёсий постлар учун айбдор эмаслигини айтди.
Ҳукуматпараст ОАВ ва телебошловчилар тақиқланган «Мусулмон биродарлар» исломий ҳаракатини ушбу оммалашиб кетган тренддан фойдаланишда айблади. Миср ҳарбийлари 2013 йилда, бир йиллик бошқарувга қарши оммавий норозилик намойишларидан сўнг, «Мусулмон биродарлар» томонидан қўллаб-қувватланган президент Муҳаммад Мурсийни ҳокимиятдан четлатган эди.
«Ал-Ҳамур Боттом тренди "Биродарлар"га тегишли», деди таниқли ток-шоу бошловчиси Тамер Абдел Монаим ушбу мавзуга бағишланган кўрсатувда. «Ундан мақсад тартибсизлик келтириб чиқаришдир».
Энг нозик сиёсий фикрлар билдирилган кўплаб постлар ҳозирда ўчириб ташланган бўлса-да, энг кенг тарқалган контентнинг баъзилари ижтимоий тармоқларда фаол айланишда давом этмоқда. Кўплаб мисрлик машҳурлар, ижтимоий тармоқ блогерлари ва брендлар ушбу мавзуни қўллаб-қувватлаб, Ал-Ҳамур Боттомнинг AI томонидан яратилган мемларини жойлаштирдилар.
«Бикини Боттом атрофидаги кулги бахт белгиси бўлиши шарт эмас», деди мисрлик радиобошловчи Рабаб Камал ўзининг Facebook'даги минглаб кузатувчиларига. «Одамлар кулишмоқда, чунки шароит шу қадар бемаъни бўлиб қолдики, кулги ягона мумкин бўлган муносабатдек туюлмоқда».
110 миллиондан ортиқ аҳолиси билан Миср араб дунёсидаги энг гавжум давлат ҳисобланади. 2011 йилги «Араб баҳори»дан бери у йиллар давомида ижтимоий ва иқтисодий беқарорликни бошдан кечирди. Оддий мисрликлар ҳамон миллий валютанинг аввалги қадрсизланиши оқибатида юзага келган ва уларнинг турмуш даражасига путур етказган юқори инфляцияга дуч келмоқдалар.
Минтақавий беқарорлик Сувайш канали даромадларига, туризмга ва Кўрфаз мамлакатларида ишлаётган мисрликларнинг пул ўтказмаларига таъсир кўрсатди. Ёқилғи нархи ошди ва шу ёзда ҳукумат электр энергияси тарифларини 12 фоизга оширди.
Шу билан бирга, Сиси бошчилигидаги ҳарбийлар ҳокимиятга қайтганидан бери Мисрда жамоатчилик норозилигига нисбатан тоқатсизлик янада кучайди. Ҳукумат беқарорлик ва ўз бошқарувига таҳдидлардан хавфсирамоқда.
Спанч Боб ва унинг сув остидаги дўстларининг сюрреалистик комедияси — айниқса миллениаллар ва Z авлоди орасида машҳур бўлиб — бу чекловларни айланиб ўтишнинг кутилмаган усулига айланди.
«Миср ҳукумати узоқ вақтдан бери интернетдаги фикр билдириш эркинлигини бўғиб келмоқда. Мисрда минглаб одамлар шунчаки давлат томонидан маъқулланмаган қарашларни интернетда ифода этганлари учун йиллар давомида судгача ҳибсхоналарда сақланмоқда», дейди Amnesty International ташкилотининг минтақавий тадқиқотчиси Маҳмуд Шалабий.
«Бу қатағон фақат сиёсий мухолифлар билан чекланиб қолмайди. У кенг доирадаги одамларни, жумладан, диний озчиликларни, ҳеч қандай динга эътиқод қилмайдиганларни, ЛГБТИ деб қабул қилинганларни ва кўпинча ноаниқ ахлоқ қонунлари бўйича жиноий жавобгарликка тортиладиган аёл ижтимоий тармоқ блогерларини ҳам қамраб олади».
Сиси сўз эркинлиги тарафдори эканини ва мисрликлар ҳар қандай фикрни эркин билдиришлари мумкинлигини айтса-да, бунга ишонадиганлар кам. Ўтган ой охирида президент «ижтимоий тармоқлардаги тартибсизлик» ва давом этаётган жамоатчилик муҳокамалари миллий муаммолар кўламини тушуна олмаётганини тилга олганда, билвосита Спанч Боб трендига ишора қилгандек бўлди.
Миср давлат хавфсизлик хизмати шубҳали ёки ҳукуматга қарши хатти-ҳаракатлар ҳақида хабар беришни рағбатлантиради.
Шу сабабли, бир адвокат аллақачон «Ал-Ҳамур Боттом билан боғлиқ онлайн контент, саҳифалар ва ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларни яратиш ортида турган администраторлар, операторлар, молиялаштирувчилар ва ҳисса қўшганлар» устидан шикоят аризаси киритгани ажабланарли эмас.
Cairo 24 янгиликлар сайтининг хабар беришича, у «иқтисодий шароитлар ва қарорларни жамоат хавфсизлиги ва ижтимоий тартибни бузиши мумкин бўлган тарзда сатирик тасвирлаш» бўйича тергов ўтказишни талаб қилган.
Ортиб бораётган босим Спанч Боб тез орада ўзининг янги фиръавн либосини бир четга суриб, пирамидаларни ва ўзининг Мисрдаги уйини тарк этишига тўғри келиши мумкинлигини англатади.

