Сиёсат

Мирзиёев «ШҲТ плюс» форматида янги ташаббусларни илгари сурди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «ШҲТ плюс» формати мажлисида минтақалараро ҳамкорликни кучайтириш, «ШҲТ Инвест» форумини доимий

Мирзиёев «ШҲТ плюс» форматида янги ташаббусларни илгари сурди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «ШҲТ плюс» формати йиғилишида сўзга чиқиб, глобал ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бир қатор янги ташаббусларни тақдим этди.

Давлат раҳбари БМТнинг адолатли дунё тартиботини шакллантиришда марказий ва мувофиқлаштирувчи ролини сақлаб қолиши, минтақавий тузилмалар эса умумий тамойил ва қарорларни маҳаллий шароитлардан келиб чиқиб амалга оширишга кўмаклашиши лозимлигини таъкидлади.

Президентнинг фикрича, «ШҲТ плюс» формати оддий кенгайтирилган мажлис доирасидан чиқиб, давлатлар, минтақалар ва ташкилотларни умумий кун тартиби атрофида бирлаштирадиган мулоқот майдонига айланиши мумкин.

Шавкат Мирзиёев «ШҲТ плюс» форматини минтақалараро мулоқот майдони сифатида ривожлантиришни таклиф қилди. Унинг фикрича, барқарор ўсиш, юқори технологиялар, иқлимга мослашиш, инсон капиталини ривожлантириш, таълим ва ёшларни қўллаб-қувватлаш каби йўналишларга эътибор қаратиш зарур. Шунингдек, тажриба алмашиш, ёндашувларни мувофиқлаштириш ва БМТ доирасида умумий ечимларни илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.

Президент «ШҲТ плюс» платформаси негизида минтақавий ташкилотларнинг Ҳамкорлик тармоғини ташкил этиш ташаббусини ҳам билдирди. Унинг асосий вазифаси котибиятлар ва ихтисослашган органлар ўртасида доимий ищи алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда макроминтақада қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан иборат бўлиши мумкин. Бундан ташқари, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда минтақавий ташкилотлар салоҳиятидан кенгроқ фойдаланиш таклиф қилинди.

Шавкат Мирзиёев турли минтақаларда қўлланилаётган самарали ечимларни кенг тарқатиш мақсадида минтақалараро лойиҳалар ва технологияларнинг Очиқ банкини шакллантиришни таклиф қилди. Ушбу база табиатдан фойдаланиш, «яшил» энергетика, рақамли хизматлар ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги илғор ишланмаларни қамраб олиши мумкин.

Президент макроминтақада иқтисодий кооперацияни кучайтириш масаласига ҳам тўхталди. У бизнес бозорларга кириш тартиб-таомилларининг соддалашиши, трансчегаравий йўлакларнинг ишга туширилиши ва тўғридан-тўғри инвестициялар оқими кўринишида амалий натижаларни ҳис қилиши кераклигини таъкидлади. Шу мақсадда «ШҲТ плюс» форумига доимий фаолият юритувчи платформа мақомини бериш таклиф этилди.

Шавкат Мирзиёев «ШҲТ плюс» маданиятлар ва сивилизациялар доимий форумини таъсис этиш ташаббусини ҳам илгари сурди. Ўзбекистон ушбу форумни БМТнинг манфаатдор тузилмалари билан биргаликда Хива шаҳрида ўтказишга тайёрлигини билдирди. Президент Хивани илм-фан ва маърифатнинг қадимий маркази сифатида қайд этди.

Якунда Шавкат Мирзиёев «ШҲТ плюс» формати мамлакатлар ва минтақалар ўртасидаги муштараклик нуқталарини кўпайтириш, ўзаро ишонч ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкинлигини таъкидлади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.