Миллий иқлим ўзгариши маркази директори пойтахтда узоқ давом этаётган смог сабабларини тушунтириб берди

Миллий иқлим ўзгариши маркази директори пойтахтда узоқ давом этаётган смог сабабларини маълум қилди
Ўзбекистонда ва, хусусан, Тошкентда кузатилаётган ҳавонинг ифлосланиши, шу жумладан, ноқулай метеорологик шароитлар ва табиий омиллар, жумладан, ёғингарчилик танқислиги, шамол ва табиий ҳаво алмашинуви жараёнларининг бузилиши билан боғлиқ. Бу ҳақда техника фанлари бўйича фалсафа доктори, Миллий иқлим ўзгариши маркази директори Фаррух Саттаров маълум қилди.
Жорий йилнинг 26 октябрь ҳолатига кўра, пойтахтда ойлик норма 23,7 миллиметр бўлгани ҳолда 3,9 миллиметр ёғингарчилик ёғди — яъни кўрсаткич нормадан деярли 6 баравар паст бўлди. Намликнинг етишмаслиги чанг заррачаларининг табиий ювилишини секинлаштиради ва уларнинг атмосферада тўпланишига ёрдам беради. Бундан ташқари, илмий кузатувларга кўра, охирги ўн йилликда совуқ ярим йилликда кучли шамол ва ёғингарчилик етишмовчилиги билан боғлиқ ноқулай метеошароитлар сони аввалги даврларга нисбатан 57 фоизга ортган, бу ҳам ҳаво ҳавзасининг ўз-ўзини тозалашига халақит беради.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси мутахассислари SILAM халқаро атмосфера таркибини моделлаштириш компьютер тизими асосида 1 октябрдан 26 октябргача бўлган даврдаги ер усти мониторинг станциялари маълумотларини сунъий йўлдош тасвирлари билан солиштирдилар. Таҳлил чанг массаларининг кириб келиши ва AQI ҳаво сифати индексининг ошиши ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқликни тасдиқлади: агар 4-5 октябрь кунлари ёғингарчилик пайтида индекс 66-71 ни ташкил этган бўлса, кейинги қуруқ кунларда кўрсаткичлар ёмонлашган.
EUMETSAT Европа платформаси ва "Метеосат" метеорологик сунъий йўлдоши тасвирларига кўра, 25 ва 26 октябрь кунлари Тошкент ва Тошкент вилояти, шунингдек, Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг бир қисмида йирик чанг массаларининг тўпланиши қайд этилган. Экспертларнинг прогнозига кўра, чанг фронтининг таъсири ва ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ ноқулай шароитлар кейинги ҳафтанинг бошигача сақланиб қолиши мумкин.

