Мерино яна қаҳрамон, Англияда яна йирик ғалаба
Беларус қаторасига иккинчи ўйинда ғалаба қозониб, ўз гуруҳида иккинчи ўринга чиқиб олди, Қозоғистон эса ўз уйида Фарер оролларини ҳам енга олмади ва Словакия, Фарер ороллари ва Молдова бор гуруҳда сўнгги ўринда қолмоқда.

Мерино яна қаҳрамон, Англияда яна йирик ғалаба
Миллатлар лигаси гуруҳ босқичида 4-тур баҳслари якунига етди.
Перишич, 17 (1:0). Мерино, 61 (1:1). Мерино, 88 (1:2)
Испания сафарда Хорватияни мағлуб этди. Бироқ шу куни испанлар 60-дақиқагача ҳисобда ортда бораётган эди ва фақат захира кучларидан фойдаланиш эвазига ғалабага эришди.
Ўтган турда Англияга йирик ҳисобда ютқазган хорватлар учрашувни фаол бошлади ва 17-дақиқадаёқ қарши ҳужумда ҳисобни очди: Унаи Симон Игор Матановичнинг зарбасини қайтарган эди, аммо кексаликни тан олмаётган Иван Перишич қайтган тўпни бош билан бўш дарвозага йўллади. Бир неча дақиқа ўтиб мезбонлар иккинчи голни ҳам уриши мумкин эди: испанлар жарима майдони ичида тўпни йўқотишди, аммо Матанович дарвозабон ҳудудида турган ҳолда гол ура олмади — бу вазиятда Симон жамоасини қутқариб қолди.
Хорватия биринчи бўлимни жуда яхши ўтказди ва шу куни испанларнинг мағлубияциз сериясига якун ясалиши мумкин эди, аммо Луис де ла Фуенте танаффусдан кейин ўз халоскори Микел Меринони майдонга туширди.
Испания иккинчи бўлим бошларида бир нечта хавфли вазиятлардан фойдалана олмади, 60-дақиқада эса барибир мақсадига етди. Дани Олмо рақиб ҳимоячисидан қайтган тўпни ўзига бўйсундириб, уни Меринога узатди, ўтган мавсумда «Арсенал»да мажбуран марказий ҳужумчига айлантирилган футболчи эса узоқ бурчакни аниқ нишонга олди.
Шу куни ўйин қаҳрамони бўлиши мумкин бўлган Перишич эса антиқаҳрамонга айланди: у аввалига қулай вазиятни бой берди, 79-дақиқада эса майдон марказида Марк Кукуреляга кераксиз фол ишлатиб, иккинчи сариқ карточкани олди ва жамоадошларини оғир аҳволга солиб қўйди. Хорватлар қолган вақт давомида ҳимояга ётишди, аммо 88-дақиқада барибир гол ўтказиб юборишди. Яна Мерино катта саҳнага чиқиб, жарима майдони ичида дарвозага орқа қилиб тўпни қабул қилди ва кейинги ҳаракатида уни дарвозага михлади. Қизил фурия мағлубияциз сериясини 42 ўйинга етказди ва муддатидан олдин Миллатлар лигаси плей-офф йўлланмасини қўлга киритди.

