Англия Хорватияга 7 та гол урди, Ямалда ноодатий серия
Миллатлар лигаси гуруҳ босқичида 3-тур доирасида навбатдаги ўйинлар бўлиб ўтди: Модрич Англияга қарши ўйиндан кейин узр сўради, Ямал қаторасига учинчи ўйинда тезкор гол урди, Швейсария ва Шимолий Македония ўйинини ит тўхтатиб қўйди.

Англия Хорватияни 7 та гол билан тор-мор этди, Ямалда ноодатий серия
Хорватия – Англия 0:7
Кейн, 8 (0:1). Беллинҳем, 21 (0:2). Гордон, 39 (0:3). Сака, 45 (0:4). Кейн, 53 (0:5). Сака, 68 (0:6). Роджерс, 87 (0:7)
Хорватия: Ливакович, Гвардиол, Вушкович, Перишич, Станишич (Шутало, 76), Ковачич, Модрич (Якич, 57), Сучич (Влашич, 46), Батурина (Пашалич, 46), Иванович, Муса (Матанович, 46)
Англия: Пикфорд, Конса, Гейи, Ҳолл (Люис-Скелли, 79), Куанса, Скотт (Роджерс, 70), Андерсон (Гиббс-Уайт, 79), Беллингҳем, Гордон (Гарнер, 70), Сака, Кейн (Эзе, 70)
Огоҳлантириш: Ковачич, 68
Хорватия авлодлар алмашинуви ва жамоанинг сўнгги ўн йилликдаги ютуқларининг асосий меъмори бўлган Златко Даличнинг кетишини оғриқли қабул қилмоқда.
Инглизлар машҳур рақиб майдонида кечган учрашувда жуда осон ғалабага эришди. Ҳаммаси биринчи бўлимдаёқ ҳал бўлди. Аввалига «Сити» ҳимоячиси Ёшко Гвардиол кетма-кет иккинчи ўйинда голга олиб келувчи хатога йўл қўйди. Майдон марказида ундан тўпни олиб қўйган меҳмонлар қарши ҳужум уюштирди ва бу ҳужум Беллингҳемнинг Ҳарри Кейнни голли вазиятга чиқариши билан якунланди.
Кейн бу куни дубл қайд этди ва яна бир голга узатма берди, Жуд Беллингҳем 1+3, Букаё Сака 2+1, Энтони Гордон эса 1+1 натижа кўрсатди. Захирадан тушган Морган Роджерс эса 87-дақиқада якуний ҳисобни 7:0 кўринишига келтирди.
Инглизлар устози Томас Туҳел еттинчи голдан кейин хорватлар устози Славен Биличнинг олдига бориб, уни қўллаб-қувватлади.
Ўйиндан сўнг хорватлар сардори Лука Модрич мухлислардан узр сўради: «Курашсиз, фидокорликсиз, фолларсиз, жамоавий бирликсиз. Мен бу ерда 20 йилдан бери ўйнайман ва айтишим керакки, ўйиндан кейин биринчи марта уяляпман. Ютқазишни қабул қилиш мумкин – улар кучлироқ эди, лекин бундай тарзда ютқазиш ва ўз обрўнгизни мана шундай тарзда йўқотишга йўл қўйиб бўлмайди. 20 йил ичида биринчи марта чиндан ҳам уяляпман. Бир-биримизни бармоғимиз билан кўрсатишимиз шарт эмас, ҳар доимгидек буни биргаликда бошдан ўтказишимиз керак. Ўйинларда катта фарқ билан мағлуб бўлганмиз, аммо бу ўйиндан кейинги ҳис-туйғулар буткул бошқача. Мен ҳеч қачон бундай аҳволга тушмаганман. Узр сўрайман».
Бу Англия миллий жамоасининг сўнгги уч йилликдаги энг йирик ғалабаси бўлди. Жамоа 2023-йилда Евро-2024 саралашида Шимолий Македония дарвозасига ҳам жавобсиз 7 та гол урганди. Англия ХХИ асрда фақат икки бор бундан йирикроқ ҳисобда ғалаба қозонган: 2013 ва 2021-йилларда Сан-Маринога қарши ўйинларда мос равишда 8:0 ва 10:0 ҳисобларида. Аммо рақиблар даражаси буткул фарқ қилади.

