Спорт

Ямалда янги рекорд ва антиқа гол нишонлаш, Қозоғистонда мағлубият

Миллатлар лигаси гуруҳ босқичида 2-тур учрашувлари якунланди: Испания мағлубияциз сериясини 40 ўйинга етказди, Англияда «Реал» ва «Барса» футболчилари гол уюштиришди.

Ямалда янги рекорд ва ноодатий гол нишонлаш, Қозоғистонда мағлубият

Испания – Хорватия 4:1

Ямал, 2 (1:0). Беле, 28 (1:1). Пубил, 31 (2:1). Ямал, 63 (3:1). Уилямс, 89 (4:1)

Испания Хорватияни 4:1 ҳисобида мағлуб этди. Ламин Ямал мавсум бошида «Барса»да қилгани каби, миллий жамоада ҳам ёрқин ўйин намойиш этмоқда.

2-дақиқадаёқ у «Атлетико» футболчиси Алекс Баенадан тўпни қабул қилиб олиб, ўзига хос услубда узоқ бурчакка аниқ зарба берди. Ямал биринчи турда Англия дарвозасини ҳам 2-дақиқада ишғол қилганди.

28-дақиқада хорватлар кутилмаганда ҳисобни тенглаштирди — меҳмонларнинг ўйиндаги илк зарбаси дарҳол самара берди. Кексаликни тан олмаётган Иван Перишич кетма-кет иккинчи учрашувда голли узатма муаллифига айланди — Дион Беле унинг пасини бош билан голга айлантирди.

Орадан кўп ўтмай, испанлар яна олдинга чиқиб олишди: бу сафар Ямал қанотидан ажойиб узатма берди, Марк Пубил эса бош билан тўпни дарвоза тўрига жойлаштирди. Танаффусдан кейин Ламин яна бир бор таблога ўз номини ёздириб қўйди: бу гал у яқин бурчакни аниқ нишонга олди. Голни эса ноодатий тарзда нишонлаб, тўп устига ўтириб олди. У бундай ҳаракатни Чемпионлар лигасида ҳам қилганди.

19 ёшли бу вингер «Барселона»да мавсум стартидаги саккиз ўйинда 8+6 натижа қайд этган. Терма жамоанинг Миллатлар лигасидаги икки ўйинида эса 3+1 кўрсаткичига эришиб, «Олтин тўп» мукофотига муносиб эканини яна бир бор исботлади.

Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида захирадан тушган футболчилар якуний ҳисобни ўрнатишди: Микел Мерино пас берди, Нико Уилямс дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб бориб, узоқ бурчакка аниқ зарба берди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.